Жаҳон | 07:37 / 05.11.2022
9571
3 дақиқада ўқилади

G7 Россиянинг Украинага қарши урушдаги ядровий риторикасини қоралади

G7 давлатлари Россияни Украинага қарши урушни янада кескинлаштирмаслик ҳақида огоҳлантирди. Улар Кремлнинг «масъулиятсиз ядровий риторика»сини қабул қилиб бўлмас, деб атади.

Фото: Picture Alliance

Ғарбнинг етти етакчи саноат мамлакати (G7) Россияни Украинага қарши урушни янада авж олдирмаслик ҳақида огоҳлантирди ва Россия президенти Владимир Путин томонидан айтилган ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидларини кескин қоралади. 4 ноябрь, жума куни Германиянинг Мюнстер шаҳрида бўлиб ўтган конференция якунлари бўйича G7 ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнотда: «Масъулиятсиз ядровий риторикани қабул қилиб бўлмайди. Россия томонидан кимёвий, биологик ёки ядровий қуроллардан ҳар қандай фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келади», деб огоҳлантирди.

Шу билан бирга вазирлар Украинага ёрдамни давом эттиришга ваъда беришди. Баёнотда қайд этилишича, G7 давлатлари Украинага қишга тайёргарлик кўришда ёрдам беради. Шу мақсадда Украинага муҳим энергия ва сув инфратузилмасини таъмирлаш, тиклаш ва ҳимоя қилишда янада самарали ёрдам учун мувофиқлаштириш механизми яратилди, дейилади ҳужжатда. Қиш арафасида Россия қўшинлари Украинадаги энергетика объектларига ракета зарбаларини кучайтирди.

Германия, Франция, Италия, Япония, Канада, АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан биргаликда Украинадаги урушнинг тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ракета ҳужумлари билан бирга авж олишининг янги босқичини қоралади. Россия тинч аҳолини даҳшатга солишга уринмоқда, мақсадсиз зарбалар ҳарбий жиноят ҳисобланади, дейилади G7 конференциясининг қўшма коммюникесида.

Ҳужжатда айтилишича, Россия ва унга ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлатлар қўшимча «иқтисодий нарх» тўлайди. G7 давлатлари огоҳлантиришича, агар Украинага қарши урушга фаолроқ аралашса, Беларусдаги режимни янада қаттиқроқ санкциялар кутмоқда.

G7 Россия дезинформациясига қарши курашни давом эттириш ниятини билдирди. «Еттилик» Россиянинг Украина «ифлос бомба» ишлаб чиқаётгани ҳақидаги даъволарини рад этди. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Москва томонидан қўйилган айбловларнинг ёлғонлигини тасдиқлади, дейилади коммюникеда.

«Еттилик» давлатлари, шунингдек, Россияни Украинадан буғдой экспорти бўйича «ғалла битими»ни давом эттиришга чақирди. «Биз Россиянинг энергия ва озиқ-овқат экспортидан геосиёсий босим воситаси сифатида фойдаланишга уринишларини қоралаймиз», дейилади G7 ташқи ишлар вазирлари якуний баёнотида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид