Бир қарашда бу аёлга ҳам ҳаваси, ҳам ҳасади келади одамнинг. Ўқувчиларининг севимли устози, шириндан-шакар фарзандларнинг онаси, севимли рафиқа. Қизи танлаган бешта олийгоҳининг барчасига биринчи уринишдаёқ давлат гранти асосида ўқишга кирди. Ўғли Президент мактаби битирувчиси.
Ўзи ҳам касби, меҳнати ортидан гоҳ респулика, гоҳ вилоят танловларида ғолибликни қўлга киритади. “Халқ таълими аълочиси” бўлган бу аёлнинг нима ками бор? Гўзал оиласи, аҳил жамоаси... Аммо бир қарашд айтишни лозим билмайдиган, юрагига кўмиб юборган дардлари борлигига биров ишонмайди. Чунки аёлнинг тилидан шукрона, юзидан табассум аримайди.
Палахмон тоши
Доно халқимизнинг “Қиз бола – палахмон тоши” деган нақли мен учун айтилган эканми, маҳалламга келин бўлишимга қарамасдан, турмуш қурганимга ҳали ўн кун бўлмай туриб, ризқ-насиба дея келинлик уйимдан узоқ вилоятга йўл олдим.
Сабаби оддий: турмуш ўртоғимнинг иши шу ёқда. Мусофирликнинг биринчи кунидан синовлар бошланди. Поезддан тушиб, машина тополмагач, туни билан вокзал ҳовлисида қолиб кетганмиз. Нотаниш жой, ҳеч кимни танимаймиз. Турмуш ўртоғимнинг қўнғироғи билан тунда йўлга чиққан бир киши (янги қўшни) етиб келди.
Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…
Эртаси куни нотаниш олам қучоқ очиб кутиб олди. Бир ҳафта ўтиб, яъни августнинг охирида турмуш ўртоғимга ишга чиқиш ниятим борлигини айтдим. Аввалига “ҳали бу ерларга ўрганмагансан, бу йил ишга чиқмай қўя қол” дедилар. Кейин яна нималарнидир ўйладилар, шекилли, дам олиш кунида турмуш ўртоғим мени олиб мактабга борди. Афсуски, қайси мактабга бормайлик, бўш иш ўрни йўқлигидан изимизга қайтишга мажбур бўлдик. Бир неча кун овора бўлдик, лекин фойдаси бўлмади.
Ўқув йили ҳам бошланди. Ўзим уйда ёлғиз. Йўл билмайман, ҳеч кимни танимайман. Бу ҳолат аслида кўп қаватли уйларда яшайдиганлар учун жуда таниш. Қуёш чиқиб ботгунча ҳам вақт миллари юргани сезилмайди. Куннинг узунлигини шу қадар ҳис этдимки, назаримда «дом»нинг деворлари ҳам менга мўлтираб қараётгандек кўринади. Турмуш ўртоғим ҳам шуларни ўйлаб ишлашимга рози бўлган бўлса керак.
Шаҳарда ўзбек мактаби билан бир қаторда рус, қозоқ мактаблари ҳам бор эди. Сентябрь ойи ўрталарида “чиқмаган жондан умид” деб қўшни аёл билан қозоқ тилида таълим бериладиган мактаб эшигини тақиллатдим. Мактаб директори худди мени узоқ вақтдан бери кутиб тургандек қабул қилди:












