Жаҳон | 19:01 / 06.11.2022
46065
15 дақиқада ўқилади

«Қардош халқлар ёхуд ватандошлар ҳимояси учун»: СССР ва Россия ўз босқинчилик урушларини қандай тарғиб қилган?

СССР тузилгандан сўнг иккита, иттифоқ парчалангач Россия ҳам иккита жиддий уруш кўрди. Уларнинг барчасида гарчи бирламчи мақсад бошқа давлат ҳудудларини эгаллаб олиш бўлса-да, оддий халққа бошқача тарғибот олиб борилган. Жумладан, СССРнинг Польшага ва Финландияга бостириб кириши «Қардош халқлар ҳимояси» деб, Россиянинг Грузияга бостириб кириши эса «Ватандошлар ҳимояси» деб хаспўшланган.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлади. Россия армиясининг Украинага бостириб кирганини уруш эмас, «Украина халқини мамлакатни эгаллаб олган миллатчилардан қутқариш учун бошланган махсус операция» деб атади. Уруш бошланганига 8 ой бўлган эса-да, Россияда бу уруш ҳануз махсус операция деб аталмоқда.

Тарихга назар ташланса, Чор Россия империяси вориси сифатида ташкил этилган СССР ҳам бир неча босқинчилик урушларини моҳиятан бошқача атаб, барчани чалғитишга уринганини кўриш мумкин. Шунингдек, Россия 2008 йил августида Грузияга бостириб кирганини «Ватандошлар ҳимояси учун» деб талқин қилган эди.

1939 йилда СССРнинг Польшага бостириб кириши (1939 йил 17 сентябр)

Брестда совет танклари ва немис мотоўқчилари, 1939 йил 1 октябр. Фото: Getty

1939 йил 23 августда Москва шаҳрида нацистлар Германияси ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик бўйича шартнома имзоланади. Бу шартнома ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вячеслав Молотов ва Иоахим фон Риббентроп томонидан имзолангани учун у «Молотов-Риббентроп пакти» деб номланади.

Молотов ва Риббентропнинг шу учрашувида фашистлар Германияси ва СССР томонидан Шарқий Европа давлатларини биргаликда босиб олиб, ўзаро тақсимлаш масалалари ҳам яширинча келишиб олинади.

Келишувга кўра, СССР Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Латвия, Литва, Эстонияни тўлиқ, Финландия, Польша, Чехословакия ва Руминиянинг бир қисмини олиши, қолган ҳудудларга Германия эгалик қилиши керак эди.

Совет иттифоқи фашистлар Германияси билан тузилган бу келишув тафсилотларини узоқ йиллар давомида барчадан яшириб келади. СССР парчаланиб кетгач, келишувнинг асли оммага ошкор бўлади.

Шартнома имзоланганидан 1 ҳафта ўтиб, 1939 йил 1 сентябр куни Германия армияси Польшага бостириб киради ва бу давлатнинг асосий қисмини босиб олади. Орадан 17 кун ўтиб, 1939 йил 17 сентябр куни Польшага шарқдан совет армияси ҳужум бошлайди.

1939 йил 28 сентябр куни нацистлар армияси Варшавани эгаллайди. Шу куни Москвада СССР ва Германия ўртасидаги чегара ва дўстлик шартномаси имзоланади. Шартномада томонлар Польшани қандай тарзда бўлиб олишни келишиб олишади. 6 октябр куни Польша армияси батамом таслим бўлади.

СССР Польшадан босиб олинган ҳудуднинг бир қисмини Украинага, яна бир қисмини Беларусга қўшиб беради. Яна бир қисми эса ўша пайтда ҳали мустақил давлат бўлган Литвага тортиқ қилинади.

СССРда совет армиясининг Польшага бостириб кириши «Қизил армиянинг қардош халқлар ҳимояси учун ҳарбий ҳаракатлари», деб талқин қилинади.

Қизиғи шундаки, советлар Польшанинг бир қисмини босиб олишини қардош халқлар ҳимояси учун ҳарбий ҳаракатлар деб тарғибот олиб бораётганида Ҳитлер Польша давлати батамом тугатилганини эълон қилаётганди.

Совет-фин уруши (1939 ноябр-1940 йил)

Фото: Rus.Team

СССР фашистлар Германияси билан бирга Польшани бўлиб олганидан сўнг совет раҳбариятининг «иштаҳаси очилиб кетади» ва энди Финландия ҳудудига кўз олайтира бошлайди.

1939 йил 26 ноябр куни СССР чегара ҳудудларидан бирида фин аскарлари совет ҳудудини артиллерия билан ўққа тутгани ҳақида Финландия ҳукуматига норозилик нотаси юборади. Аслида эса чегарада бундай ҳодиса бўлмаган, бу Финландияга бостириб кириш учун бир баҳона эди. Табиийки, финлар англашилмовчилик бўлгани ва чегара ҳудудларидан СССРга ўқ узилмаганини маълум қилади.

Орадан 7 кун ўтиб, 29 ноябр куни Финландиянинг Москвадаги элчиси ташқи ишлар халқ комиссариатига чақирилади ва унга сўнгги нота топширилади. Элчига Ҳелсинкидан совет элчилари чақириб олинаётгани ва фин элчихонаси ходимлари ҳам зудлик билан Москвани тарк этишлари лозимлиги айтилади.

Эртасига, 30 ноябр куни тонгда совет армияси Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) яқинида чегарани кесиб ўтиб, Финландияга бостириб киради. Шу тариқа, совет-фин уруши бошланади. СССРда совет қўшинларининг Финландияга бостириб киришини «Фин халқини капиталистлардан қутқариш учун олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар», деб тарғибот қилишади.

Жумладан, уруш бошлангач Ленинград ҳарбий округи қўмондони Кирилл Мерецков ва Ленинград области партия қўмитаси биринчи секретари Андрей Жданов «Биз Финландияга босқинчилар сифатида бормаяпмиз. Балки фин дўстларимизни капиталистлар ва помешчиклар зулмидан озод қилиш учун боряпмиз», дейишганди.

1939 йил 1 декабр куни советлар босиб олган ҳудудларида Финландия демократик республикасини тузишади. Бу республика 1940 йил 12 мартгача яшайди ва кейин унинг ҳудуди СССР таркибига қўшиб олинади.

Уруш бошлангач вазият Москвада режалаштирилгандай кечмайди. Финландия армияси кичик ва яхши қуролланмаган бўлса-да, босқинчиларга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Қолаверса, оддий аҳоли ҳам совет армиясига қарши партизанлик урушини бошлаб юборади. Шу туфайли совет қўшинлари томонидан Финландияни босиб олиш ёки унинг кўпроқ ҳудудларини қўлга киритишнинг иложи бўлмайди.

СССР Финландияга бостириб киргандан бир неча кун ўтиб босқинчи давлат сифатида Миллатлар лигаси ташкилоти аъзолигидан ҳайдалади. Жаҳондаги аксарият давлатлар СССРнинг бу босқинчилик урушини қоралаб чиқишади.

1940 йил 12 март куни икки давлат ўртасида тинчлик сулҳи имзоланади. Унга кўра, Финландия ўзининг озроқ ҳудудини СССРга бериб, ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Афғон уруши (1979-1989 йиллар)

Афғонистонга совет қўшинларининг киритилиши

1979 йилда СССР мудофаа вазири Дмитрий Устинов ҳамда Юрий Андроповнинг ташаббуси билан СССР қўшни Афғонистондаги талотўплардан фойдаланиб, бу давлатга ўз ҳарбийларини киритишга қарор қилади.

1979 йил 10 декабр куни Устинов Туркистон ва Марказий Осиё ҳарбий округларини жанговар ҳолатга келтириш ҳақида буйруқ беради. Шунингдек, 103-Витебск ҳарбий гвардия ҳаво-десант дивизияси жанговар тревога билан оёққа турғизилади.

1979 йил 12 декабрда СССР Сиёсий бюроси Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида қарор қабул қилади. 14 декабрда СССРнинг Бағромдаги ҳарбий базасини 1979 йил июл ойидан бери қўриқлаётган 105-гвардия ҳаво-десант дивизиясининг 111-полкига ёрдам тариқасида Афғонистонга 345-ҳаво-десант полки киритилади.

1979 йил 23 декабр куни тунда мудофаа вазирлиги Афғонистонга қўшин киритишга тайёрлигини маълум қилади.

Орадан бир кун ўтиб, Устинов «Дўст афғон халқига ёрдам бериш мақсадида мамлакат жанубидаги совет ҳарбийларининг бир қисмини қўшни давлат ҳудудига киритишга қарор қилинди», деб ёзилган директивани имзолайди.

1979 йил 25 декабрда Туркистон ҳарбий округидаги 40-умумқўшин армияси Афғонистонга киритиш учун жанговар шай ҳолга келтирилди. Ўша куни тушдан сўнг Афғонистонга кириш учун буйруқ берилади ва СССР ҳарбий бўлинмалари қуруқлик ва ҳаво орқали Афғонистон ҳудудига бостириб киради.

10 йил олиб борилган афғон уруши СССР учун катта нохушликлар олиб келди. Биринчи навбатда, советлар бу уруш учун ниҳоятда катта маблағ сарфлайди. Мамлакат равнақи учун ишлатилиши лозим бўлган маблағ ҳавога совурилади. Оқибатда мамлакат иқтисодиётида турғунлик юзага келади.

Шунингдек, бу урушда кўплаб ҳарбийлар, шу жумладан, Афғонистонда турли ишлар юзасидан хизматда юрган фуқаролар ҳалок бўлишади. Брежнев ҳукмронлиги даврида, 1970-йиллардан бошлаб анча илиқлашган СССР-АҚШ муносабатлари энг ёмон ҳолатга келади.

АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари афғон уруши туфайли СССРга қарши иқтисодий санкциялар жорий этди ва СССРдан нефт ва газ сотиб олмай қўйишди. Натижада мамлакат иқтисодиёти жуда катта зарар кўра бошлади.

Охир-оқибат бу уруш совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши билан якунланди.

Совет армиясининг ўн йил давомида (1979-1989 йиллар) Афғонистонда олиб борган босқинчилик уруши «Дўст афғон халқига ёрдам бериш учун» ниқоби билан хаспўшланган.

Ўн йил давомида ОАВ орқали совет фуқароларига Афғонистонни капиталистик дунё ўз таъсир доирасига олишга уринаётгани (у пайтда ҳали терроризим ҳақида гап бўлмаган), совет армияси уларга қарши курашда «жафокаш афғон халқига ёрдам бераётгани» уқтирилган.

Россия-Грузия уруши (2008 йил 8 август-2008 йил 12 август)

2008 йил 7 август куни Грузия армияси Жанубий Осетия пойтахтига ҳужум қилади. Мақсад айирмачи бу республикани Грузия бошқарувига қайтариш эди.

8 август куни Грузия армиясига Жанубий Осетияда «тинчликпарвар кучлар» вазифасини бажараётган кам сонли россиялик ҳарбийлар қаршилик кўрсатади. Тенг бўлмаган жангларда улар енгилади ва республика маркази Цхинвали грузинлар қўлига ўтади.

Шундан сўнг, 8 август куни Россиянинг Шимолий Кавказда жойлашган 58-армия бўлинмалари Грузия ҳудудига бостириб киради ва Цхинвали томон ҳаракатлана бошлайди.

Ўшанда бу армия таркибида 1500 нафар ҳарбий, 14 та Т-72 танки, 16 та «Акация» типидаги ҳарбий техника, 9 та «Град» артиллерия қурилмаси бўлган. 9 август куни Россиянинг бошқа ҳудудларидан ҳарбий бўлинмалардан ҳам ҳарбий авиация Грузия томон жўнатилади.

2008 йил 9 август куни Россия армияси Грузияга бостириб кирганидан бир неча соат ўтиб Россия президенти Дмитрий Медведев (Ўша пайтда Путин Россия «тахти»ни Медведевга бўшатиб берган ва у 2008-2012 йиллар оралиғида Россияни бошқарганди) тўғридан тўғри эфирда чиқиш қилади.

Медведев ўз чиқишида Россия ҳар доим Кавказ халқлари учун тинчликни таъминлаш кафолати бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини айтади ва Россия ҳар доим ўз ватандошларини ҳимоя қилишга шайлигини маълум қилади.

«Россия конституцияси ва федерал қонунларига мувофиқ, Россия президенти сифатида мен мамлакат фуқароларини ва ўз ватандошларимни, улар қаерда, қандай ҳолатда бўлса ҳам, муносиб ҳимоя қила оламан», дейди Медведев.

У «Россия фуқароларини ва ватандошларимни» деганда Россия паспортини олган жанубий осетияликларни назарда тутган эди. Ўшангача Россия нафақат Жанубий Осетия аҳолисига, балки Абхазия аҳолисига ҳам мунтазам равишда Россия паспортларини бериб келаётганди. Ана шу туфайли Медведев халқаро нормалар бўйича Грузия фуқаролари ҳисобланадиган Жанубий Осетия аҳолисини «ватандошларим» деб атаган эди.

9 август куни эрталабдан Россия ҳарбий самолётлари Грузиянинг муҳим объектларига ҳаводан зарба бера бошлайди. 58-армия бўлинмаси эса Цхинвалини грузинлардан қайтариб олиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлайди.

Ўша куни соат 11:30да Грузия президенти Михаил Саакашвили мамлакат бўйлаб жанговар шайлик ҳолати эълон қилади. Куннинг иккинчи ярмида Россия Грузиянинг бир қанча муҳим ҳудудларига ҳарбий десант ташлай бошлайди. Гори, Вазиани ва Марнеулида жойлашган ҳарбий аэродромларга ҳаводан зарба берилади.

9 август куни Саакашвили Ғарб нашрларига берган қисқа интервьюсида «Россия Грузияга кенг кўламли ҳужум уюштирди. Мамлакатнинг катта қисмида унинг армиясига қарши жанг қиляпмиз», дейди. Ўша куни кечга бориб Россия мудофаа вазирлиги Цхинвалидан Грузия ҳарбийлари чиқарилгани ва бу давлатга яна қўшимча кучлар жўнатилганини маълум қилади.

9 август куни Грузия президенти мамлакатда 15 кунлик ҳарбий ҳолат эълон қилади. 10-12 август кунлари Россия ва Грузия ҳарбийлари ўртасида жанглар давом этади. 12 август куни Франция президенти Николья Саркози икки ўртада шу урушни тўхтатиш масаласида воситачилик қилиш учун Москвага ташриф буюради. У Москвадаги музокараларни тугатиб, 12 августда Тбилисига ҳам келади ва Саакашвили билан учрашади.

12 август куни Грузия урушда енгилганини тан олиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади. Уруш тугайди. Аммо Россия ҳарбийлари эгалланган позицияларида 16 августгача қолади.

Ўшанда Россия ҳарбийлари пойтахт Тбилисига жуда яқин келиб қолганди. Агар Саакашвили Грузиянинг енгилганини тан олишни бироз ортга сурганда, россиялик ҳарбийлар пойтахтни ҳам босиб олиши мумкин эди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши (2022 йил 24 феврал)

Жорий йил 24 феврал куни Россия ҳарбийлари Украинага бостириб кирди ва бу давлат яқин тарихида иккинчи босқинчилик урушини бошлади. Россия армияси Украина ҳудудида кенг қамровли уруш бошлаган бўлса-да, бу босқинчилик урушини «Украина халқини мамлакатни эгаллаб олган миллатчилардан қутқариш учун бошланган махсус операция» деб атайди.

Уруш бошлангандан бир ярим соат ўтиб, 24 феврал тонгида, Москва вақти билан соат 5:30да Россия президенти Владимир Путин давлат телеканаллари орқали мурожаатида Украинада «махсус ҳарбий амалиёт бошлангани»ни эълон қилди.

У Донецк ва Луҳанск халқ республикалари ёрдам сўрагани, «Киев режими томонидан таҳқирлаш ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш» учун ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини маълум қилди.

«Мен махсус ҳарбий операция ўтказишга қарор қилдим. Унинг мақсади саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирлаш ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилишдир. Ва бунинг учун биз Украинани демилитаризация ва денацификация қилишга интиламиз. Шунингдек, тинч аҳолига, жумладан, Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни ҳам судга тортиш мақсад қилинган», дейди у мурожаати давомида.

Орадан бироз ўтиб, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков унинг 24 феврал куни тонгда қилган мурожаатига изоҳ берди.

«Ҳеч ким Украинани босиб олиш ҳақида ўйламаяпти. Операциядан мақсад – Украинани демилитаризация қилиш. Энг идеал ҳолатда эса Украинани озод қилиб, миллатчилардан тозалаш. Ижтимоий сўровларга кўра, россияликлар операцияни «ЛХР» ва «ДХР»ни тан олишни қўллагани каби қўллаб-қувватлайди. Операция муддати воқеалар ривожига боғлиқ. Қарорни президент қабул қилади. Украина тақдирини эса украин халқи ҳал қилади», деганди Песков матбуот анжуманида.

Ўша мурожаатида Путин Россиянинг режаси Украина ҳудудини босиб олиш эмаслигини айтганди. Аммо кейинчалик Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган Запорожжя ва Херсон вилоятларида сохта референдум ўтказилиб, бу ҳудудлар Россияга қўшиб олинди.

Россия бугун ҳам Украинага қарши уруш олиб бораётганини тан олмайди ва уни «Украинада миллатчиларга қарши олиб борилаётган махсус ҳарбий операция» деб аташда давом этмоқда.

Мавзуга оид