Жаҳон | 09:04 / 06.11.2022
14314
2 дақиқада ўқилади

«Хавф юқори эмас, аммо биз бунга жуда жиддий қараймиз». НАТО бош котиби Россия ядро қуроли қўллаши эҳтимоли ҳақида

Фото: NTV телеканали

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украинада ядро қуроли қўллайди деб ҳисобламайди. Бу ҳақда у Туркиянинг NTV телеканали учун интервьюсида айтиб ўтди.

«Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш хавфи юқори эмас, аммо бундай қурол қўлланиши оқибатлари жуда ҳалокатли бўлади, шу туфайли биз бунга жуда жиддий ёндашамиз», — деган у.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Россия ўзини масъулиятсиз тутмоқда ва мулоҳазасизлик қилмоқда. У шунингдек ядро қуроли қўлланиши можаро моҳиятини ўзгартириб юборишини таъкидлаган. «Ядровий урушда ғолиблар бўлмайди», — дея қўшимча қилган бош котиб. 

  • Украинадаги урушнинг бошидан буён Россия президенти Владимир Путин ядро қуроли қўллаш эҳтимолига шама қилиб келади. Сентябрда у бундай гаплар «сафсата» эмаслигини айтганди. Аммо октябр ойи охирида у Россия Украина бўйлаб ядровий зарба беришидан «на сиёсий ва на ҳарбий маъно» бўлишини айтганди.
  • New York Times маълумотига кўра, октябр ойида Россия ҳарбий қўмондонлиги ўтказган йиғилишда Украинада тактик ядро қуролини қўллаш эҳтимоли муҳокама этилган.
  • Октябр ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва РФ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларига Украина гўёки «ифлос бомба» қўллаш орқали провокация тайёрлаётгани ҳақида айтиб чиқди. Кейинроқ Халқаро атом энергетикаси агентлиги Россия биологик қуроллар тайёрланаётганини айтган объектларда текширувлар ўтказиб, бундай даъволарни тасдиқлаши мумкин бўлган ҳеч қандай далил топа олмади. 
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид