Жаҳон | 07:10 / 07.11.2022
6446
3 дақиқада ўқилади

БМТнинг иқлим бўйича конференциясида биринчи муваффақият ҳақида эълон қилинди

Ривожланаётган ва орол давлатлар етказилган зарарни енгиш учун молиявий ёрдам сўрамоқда. Бу масала биринчи марта музокаралар кун тартибига алоҳида масала сифатида киритилди.

Фото: Twitter / cop27

6 ноябрь куни Шарм аш-Шайхда очилган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 27-конференциясида музокаралардаги асосий масалалардан бири бўйича муваффақият эълон қилинди. Ялпи мажлис биринчи марта глобал иқлим ўзгариши оқибатида юзага келган зарар ва йўқотишларни бартараф этиш учун қашшоқ давлатларга молиявий ёрдам кўрсатишни кун тартибига алоҳида масала сифатида киритишга келишиб олди.

Бу «иқлим офатлари қурбонлари азобига бирдамлик ва ҳамдардлик ҳиссини» намойиш этади, деди конференция президенти, Миср ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри. Шу билан бирга, у «масъулият ёки компенсация» музокаралар мавзуси эмаслигини таъкидлади.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конференциялари доирасида иқлим ўзгариши сабабларига қарши курашиш ва глобал исишга мослашиш чораларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ривожланган мамлакатлар аллақачон ривожланаётган мамлакатларга ушбу муаммоларни ҳал қилишда мунтазам молиявий ёрдам беришни ваъда қилган.

Шу билан бирга, узоқ йиллардан буён ривожланаётган мамлакатлар глобал исиш оқибатлари саноати ривожланган мамлакатлардан кўра ўзлари учун кўпроқ сезилаётганига эътибор қаратиб, қўшимча молиявий ёрдам талаб қилмоқда.

Қарийб 30 йилдан бери давом этаётган БМТ музокаралари давомида тегишли молиялаштириш механизми белгиланмаган. Ҳаддан ташқари юқори суммаларни тўлаш мажбуриятларидан қўрқиб, бир қатор ривожланган давлатлар, хусусан, Қўшма Штатлар иқлим ўзгариши оқибатида етказилган зарар ва йўқотишлар муносабати билан сўнгги йилларда молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича музокараларга тўсқинлик қилди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ конференциясининг биринчи кунида Германия ривожланаётган мамлакатларга глобал иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашда ёрдам беришга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Германия бошқа давлатлар билан биргаликда глобал исишга қарши кураш бўйича аниқ қадамлар ишлаб чиқмоқчи.

Бербокнинг таъкидлашича, ривожланаётган давлатлар «бадавлат мамлакатлардан кўпроқ бирдамлик кўрсатишини ҳақли равишда кутишади ҳамда Германия буни иқлим ўзгаришига қарши курашни молиялаштириш ва у келтирган зарарни қоплаш нуқтайи назаридан кўрсатишга тайёр».

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 27-конференцияси 18 ноябрь куни якунланади. Унда 190 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда.

Мавзуга оид