Жаҳон | 10:35
642
3 дақиқада ўқилади

БМТ Ғазо секторида этник тозалаш аломатлари борлигини билдирди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Исроилни очликдан уруш усули сифатида фойдаланишда айблади. Исроил бу айбловларни рад этди ва БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини анчадан бери холис эмас, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Фото: Mohammed Salem / Reuters

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Исроилнинг Ғазо секторида ва Иордан дарёсининг ишғол қилинган Ғарбий соҳилида этник тозалаш ишларини олиб бораётгани аломатлари борлигини хабар қилди. Пайшанба куни, 19 февралда Женевада тақдим этилган ҳисоботда айтилишича, кучайиб бораётган ҳужумлар ва мажбурий кўчиришлар “ишғол қилинган ҳудудлардан фаластинликларни қайтарилмас тарзда ҳайдаш”га қаратилган.

Ҳужжат 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 31 октябргача бўлган даврни қамраб олади. Исроилга инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишлар, жумладан, бутун шаҳар маҳаллаларини тизимли вайрон қилиш ва гуманитар ёрдамни тўсиш орқали Ғазо секторида демографик ўзгаришларга эришишга уринишлар айби қўйилмоқда.

Ҳисобот муаллифлари очлик оқибатида қарийб 460 нафар фаластинлик ҳалок бўлганини ҳужжатлаштирган, уларнинг учдан бири — болалар. Ҳужжатда таъкидланишича, аҳолига қарши уруш олиб бориш усули сифатида очликдан фойдаланиш — ҳарбий жиноят, айрим шартлар бажарилганда эса инсониятга қарши жиноят сифатида ҳам малакаланиши мумкин.

БМТ ҳисоботида Ғарбий соҳилдаги вазият Исроил армиясининг “тизимли, ноқонуний куч ишлатиши” билан тавсифланиши айтилган, бу ўзбошимчалик билан ушлаб кетишлар ва қийноқлар орқали намоён бўляпти. Фаластин маъмурияти томонидан кучни асоссиз қўллаш ҳолатлари ҳам танқид қилинган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк Исроил суд тизими мансабдорлар ҳамда яҳудий кўчманчиларни қонунбузарликлар учун жавобгарликка тортмаётгани шароитида “жазосизлик муҳити” мавжудлигини кўрсатди. “Жазосизлик — мавҳум тушунча эмас, у инсонлар ҳаётига қимматга тушади”, — деди Турк, жавобгарлик адолатли тинчлик учун зарур шарт эканини таъкидлаб.

БМТ Исроилни Фаластин ҳудудларидаги ноқонуний иштирокини “имкон қадар тезроқ” тўхтатишга чақирди. Халқаро ҳамжамиятга Исроилга қурол сотишни тўхтатиш тавсия этилди, чунки у “халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузувчи ҳаракатлар учун қўлланади”.

Ғазо секторини тиклаш ва тинчликни таъминлаш учун, ҳисобот муаллифлари қайд этишича, жабрланувчилар адолатга эришиши, фаластинликлар эса давлат тузилмаларини бошқаришга кечиктирилмасдан қўйилиши керак.

Исроил мазкур айбловларни рад этди ва БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини анчадан бери холис эмас, деб ҳисоблашини таъкидлади. Мамлакатнинг Женевадаги ваколатхонаси баёнот берди: “Олий комиссар бошқармаси (инсон ҳуқуқлари бўйича — таҳр.) Исроил давлатига қарши дезинформация кампаниясини олиб бормоқда”. Исроил дипломатлари, шунингдек, у “нафрат тарқатувчи” экспертлар билан ҳамкорлик қилаётганини, шу сабабли ишончдан маҳрум, деб билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид