Жамият | 21:13 / 07.11.2022
34771
6 дақиқада ўқилади

“Ойига 25 миллионгача фойда оламан” —  болаларга қувонч улашаётган тикувчи

Беш ёшли ўғлим сувда вафот этиб қолди. Бу шунчалар оғир дардки, ҳатто жониворларга ҳам раво кўриб бўлмайди. Дунёларга сиғмай қолдим. Ақлдан озаётгандек эдим...

Ҳеч кимнинг гапи, насиҳати қулоғимга кирмасди. Нега энди мен, нега менинг болам кетиши керак? Тушунмасдим, тушунишга ожиз эдим.

Умрни йўлга менгзашади. У гоҳ равон, гоҳ ўнқир-чўнқир, гоҳи баланд, гоҳи паст. Ҳаёт синовларига қоқилмаган, йиқилмаган одамнинг ўзи йўқ. Кимдир туриб йўлида давом этади, кимдир эса текис йўл қидириб, адоғи берк кўчаларга кириб қолади.

Одина Уманорова йиқилганда туришга куч топа олган, машаққатга тик боқа олган аёллардан. Бугун унинг шириндан-шакар фарзандлари, тушунувчи турмуш ўртоғи ва севган касби бор. Лекин бу кунларга у осонликча етиб келмаган.

Аёлнинг топганлари ва йўқотганлари, ҳаёт зарбалари олдида ожиз қолган дамлари кўнглидан ўтган кечинмалар, яшашга куч берган сабаблар ҳақида ўзидан эшитамиз.

Автоҳалокат

Асли Андижоннинг Марҳамат туманиданман. Мактабни тамомлаб Марғилон ҳисоб кредит техникумида банк ҳисобчиси йўналишида ўқидим. Ўқишни тамомлаб банкда фаолият юрита бошладим. Тақдир экан, Тошкент шаҳрига келин бўлдим. Турмуш ўртоғим замонавий фикрлайдиган инсон бўлганликлари учун иш фаолиятимни давом эттирдим. Бирин-кетин фарзандли бўлганимиздан сўнг бола тарбияси билан машғул бўлдим.

Шундай кунларнинг бирида турмуш ўртоғим автоҳалокатга учраб қолди. Жуда ёмон аҳволда эди. Асосан бели синганлиги учун бир жойда ётиб даволанишига тўғри келди. Шунисига ҳам шукур қилдик. Чунки, турмуш ўртоғимдан бошқа ҳамма воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Турмуш ўртоғим олти ой тўшакка михланиб қолдилар. Туриш, қимирлаш, юмшоқ ўринда ётиш ҳам тақиқланганди. Болалар ёш бўлгани ва турмуш ўртоғимга қаров кераклиги боис ишга чиқолмасдим. Шу билан бирга бизга моддий маблағ керак эди.

Бироз қийинчиликлар бўлган пайтда уйда қандай қилиб бўлса ҳам пул топиш ҳақида ўйлардим. Бир куни қизим учун кўйлакча бичимини чиздим ва қўлда тикиб чиқдим.  Тикув машинам бўлмагани сабабли тикувчига устидан бостиртирдим.

Қизим уни боғчадаги байрамга кийиб чиқди. Ҳаммага ёқди, қаердан олганимизга қизиқмаган одам қолмади, боғчасида. Мана шу пайтдан бу ишга қизиқишим бошланди. Меҳнатим одамлар томонидан эътироф этилганидан ўзимда рағбат сезган бўлсам керак.

Жудолик...

Турмуш ўртоғим яхши бўлиб оёққа турди. Ўз иш фаолиятига қайтдилар. Ҳаёт синовларини ҳам енгиб ўтдик деб ўйлагандим. Мен фарзандларимиз тарбияси билан банд бўлдим.  Болажонларим бири 5, бири 6 ёш бўлишди.

Ўз иш фаолиятимга қайтиш учун яна ўқишга қарор қилдим. Банк соҳасида кўп янгиликлар бўлиб кетганлиги учун эндигина бухгалтерия курсига кирган эдим. Аллоҳнинг яна бир синови бор экан. Беш ёшли ўғлим сувга чўкиб, вафот этиб қолди. Бу шунчалар оғир дардки, хатто жониворларга ҳам раво кўриб бўлмайди. Дунёларга сиғмай қолдим. Ақлдан озаётгандек эдим...

Ҳеч кимнинг гапи, насиҳати қулоғимга кирмасди. Нега энди мен, нега менинг болам кетиши керак... Тушунмасдим, тушунишга ожиз эдим.

Ҳаёт давом этаркан

Докторларга бориб анча даволандим. Улар менга яна фарзандли бўлинг, қалбингизга малҳам бўлади, дейишди. Яна фарзандли бўлдим: қиз ва ўғил.

Болалар парвариши билан яна уйда қолиб кетдим. Энди аниқ жамиятда ўз ўрнимни йўқотаётганимни сезардим. Албатта, ўзим пул ишлаб топишни хоҳлардим. Шундай иш қилишим керакки, у давомий ва рақобат кам бўлиши керак, деб ўйлардим.

Шундай кунларнинг бирида қизим мактаб тадбирларига ижарага кўйлак олиш учун пул йиғилаётгани, ўзи ҳам пул бериши кераклигини айтди. Шу туртки бўлди-ю, байрам либослари яратиб, уларни ижарага бериш орқали даромад олишни ният қилдим. Ишларим юриша бошлади. Буюртмалар ҳам аста-секин кўпая бошлади. Лекин уларни бажариш учун имкониятим етишмай қолди.

Таваккал

Маҳалладан уйимизга ходимлар келди. Нима камчилигингиз бор, деб сўрашди. Ман эса иш кераклигини айтдим. Улар менга аёллар дафтарига кириб кредит ҳам олишим мумкинлигини айтишди.

Аввалига қўрқдим, кредитни узолмасам-чи, деб. Лекин ўйлаб кўриб таваккал қилишга қарор қилдим. 2021 йил 35 миллион кредит олиб ўз ишимни кенгайтира бошладим. Ишим шунчалар қизиқарли эдики, ўзим ҳам болаларга тикилган кўйлакларни кийгим келарди.

Боғча, мактабларга ва рақс гуруҳларига байрамларда либослар тикиш билан бирга, фан ойликлари учун ҳам мослаб костюмлар тикишни йўлга қўйдик. Ишимизни янада кенгайтириш мақсадида Андижон вилоятида филиал очишга қарор қилдим ва очдик. Талаб кўп, Андижонда ишларимиз яхши. Қолган вилоятларда ҳам очиш ҳаракатидаман.

Тезроқ кредитни ёпиш учун икки карра кўпроқ ишладик. Худога шукур, ҳозир кредитдан қутулганмиз. Бир ойда 10-25 миллионгача фойда кўраман. Байрам саналарида бундан ҳам кўпроқ топишимиз мумкин. Ҳам моддий, ҳам маънавий томондан мотивация оламан.

Болажонларнинг байрамларини безатаётганимиздан жудаям хурсандман. Ота-оналарнинг миннатдорчилигини эшитганимда ҳамма машаққатларим унут бўлади.

Фарзандлар тарбияси

Фарзандларим тарбияси, ўқиши, соғлиғи билан шуғулланишимга ишим халал бермайди. Оналик ва аёллик вазифаларим билан биргаликда севимли ишим ҳам борлигидан хурсандман.

Катта фарзандим инглиз тили тўгарагига қатнашади. Олимпиадаларга чиқиб яхши натижаларга эришмоқда. Шу йили Қуръони каримни хатм қилди. Ҳозир иккинчи маротаба хатм қилмоқда. Ўртанча фарзандим каратэ тўгарагига боради, мусобақаларда натижаси яхши, кичкина фарзандим ҳам кураш билан шуғулланади.

Бугунги куним учун минг бор шукур дейман. Бир аёлга нима керак бўлса, менга барчасини ортиғи билан берди. Дард келганда сабр, бахт келганда шукур қилишни ўргандим.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид