Жаҳон | 22:23 / 08.11.2022
24107
12 дақиқада ўқилади

Россия расмийлари Украинадаги «катта йўқотишлар» ҳақидаги хабарларни текширмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?

Дам олиш кунларида Украинадаги фронт чизиғига ташланган россиялик ҳарбийлар икки нуқтада катта йўқотишларга учрагани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлди. Биринчи ҳолатда – сафарбар этилганлар, иккинчисида – профессионал ҳарбийлар орасида юзлаб қурбонлар бўлгани айтилди. Ҳукумат рақамлар бўрттирилганини айтаётган бўлса-да, бу хабарларга муносабат билдиришга ва ўз манзилига йўлланган айбловларга реакция қилишга мажбур бўлди.

Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA

Воронежлик сафарбар этилганлар

Шанба куни мустақил «Верстка» нашри Воронеж областидан сафарбар қилинганлар орасидаги катта йўқотишлар ҳақида хабар берди. Нашр хабарига кўра, Луҳанск областининг Сватово районидаги Макийивка қишлоғида туташув чизиғи ўққа тутилиши оқибатида юзлаб кишилар ҳалок бўлган. Нашр ўз маълумоти манбаси бу ҳужумдан омон қолган ҳарбийлардан бири Алексей Агафонов эканини ёзди. Нашр ҳарбий ҳаракатлар шароитида йўқотишлар бўйича ҳақиқий рақамларни келтира олмаслигини қайд этган.

«Бизни янги позицияни эгаллашга жўнатишди, у ерда окоп қазиб ўрнашишимизни айтишди, батальонда эса атиги учта белкурак бор эди, ҳеч қандай таъминот йўқ эди. Биз қўлдан келганча окоп қазидик, тонгга яқин эса отишма бошланди. Артиллерия, «Град»лар, миномётлар, коптерлар - бизни шунчаки ўққа тутишди», дея суҳбатдошлардан бирининг сўзларини келтиради «Верстка».

Нашр ўқлар ёмғири остида қолган сафарбар этилганларнинг қариндошлари билан ҳам боғланган. BBC эса ижтимоий тармоқдаги постлардан бирига эътибор қаратган, унинг муаллифи бўлган аёл ноябр ойи бошида «шиддатли жанглар» кечган Макийивкага «десант ташланиши» ҳақида ёзади. Унинг айтишича, эри тирик қолган ва снаряд парчасидан олинган жароҳат билан ҳоспиталга ётган.

Нашр шунингдек бир гуруҳ аёлларнинг октябр ойида сафарбар этилганларга ёрдам беришни сўраб Воронеж области губернатори ҳамда «юқори турувчи инстанциялар»га видеомурожаатини ҳам эълон қилган. Видеода ўзини Инна Попова деб таништирган аёл бу ҳудуддан сафарбар этилганлар «Луҳанск томонга» юборилгани ва биринчи куниёқ «олдинги чизиққа қўйилгани», командирлар эса «жанг майдонини тарк этиб, қочиб кетгани»ни айтади.

«Жанг уч кун давом этган», дейди эрининг гапларини келтирган аёл. «Уларга окоп қазиш кераклигини айтишган, белкурак эса ҳар 30 кишига битта бўлган», дея унга қўшилади аёллардан бири. Уларнинг версиясига кўра, жангдан кейин сафарбар қилинганлар «комендатурага етиб келишади» ва «жанг бўлиб ўтгани, таслим бўлишмагани»ни айтишади. «Улар ўзларини олдинги чизиқдан олишни илтимос қилишган. Уларга бироз ортга қайтишга рухсат берилган. [Аммо] амалда уларни олдинги чизиқдан олишмаган! Шундан кейин улар алоқага чиқа бошлашди», дейди Попова.

«Верстка» маълумотига кўра, жами 31 киши алоқага чиққан. Бу ҳудуддаги жангларда қисқа вақт ичида юзлаб сафарбар этилганлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотга омон қолганлар ва уларнинг қариндошларидан бошқа тасдиқловчи манба йўқ. Ҳарбий блогерлар сафарбар қилинганлар йўқотишларни нотўғри баҳолаётган бўлиши мумкинлигини айтишган.

Кейинроқ нашр сафарбар қилинганлардан яна бири Николай Ворониннинг сўзларини келтирди (унинг сурати ва ҳарбий билети илова қилинган - у ҳам октябр ойида Воронеж областида сафарбар қилинган): «Агафонов айтган гапларнинг барчаси тўғри. Биз ҳамма вақт бирга бўлганмиз, ёнма-ён туриб окоп қазиганмиз. Қурбонлар жуда кўп эди».«Биринчи-иккинчи саналарда биз Макийивка атрофида эдик. Тунда бизни нуқтага юбориб, окоп қазишни айтишди, белкураклар йўқ эди, штик (милтиқ найзаси) ва пичоқлар бор эди. Тирсагимни ўқ тешиб ўтди ва мени ҳозир ҳоспиталга олиб кетишмоқда», деган нашр суҳбатдоши.

Якшанба куни «Вести Воронеж» телеграм-канали губернатор Александр Гусев сафарбар қилинганларнинг видеомурожаат қилган қариндошлари билан учрашгани ҳақида ёзди. «Ўзаро ҳамкорлик форматини муҳокама қилдик. Мулоқот давом этади, масалани шахсий назоратимга оламан», - деган губернатор.  

У «катта йўқотишлар» тўғрисидаги маълумотга изоҳ бермаган, унинг матбуот хизмати эса кейинроқ шундай баёнот берди: «Биз бундай баёнотлар қилиш, қандайдир рақам ва фактларни муҳокама этиш учун жавобгарликни зиммамизга олмаймиз. Муҳими, масала билан губернатор шахсан шуғулланади».

«Верстка» нашри сафарбар қилинганларнинг рафиқалари Воронеж области губернаторига йўллаган видеомурожаатни эълон қилди.
Фото: VERSTKA.MEDIA

«Биз Гусевнинг олдида туриб йигитларимизга қўнғироқ қилдик ва улар унга биз уларнинг ҳақиқий ҳолати тўғрисида айтган гапларни тасдиқлашди», деган «Верстка» нашрига сафарбар қилинганлардан бирининг рафиқаси Людмила Черних. Унинг сўзларига кўра, губернатор ва унинг қўли остидагилар «ўзини имкон қадар сипо тутган» ва ҳатто йиғилганлардан бири «портлаганида», «улар том маънода одамларни сўзлар билан силашган». Аёлларга уларнинг эрлари «уч кун муддат ичида» ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқилиши ва барча ҳоспиталга жўнатилишини ваъда қилишган.

Узоқ шарқлик денгиз пиёдалари

Якшанба куни Тинч океани флоти денгиз пиёдаларининг 155-алоҳида бригадаси ҳарбий хизматчилари фронтнинг бошқа участкасида - Донецк областидаги Павловка аҳоли яшаш манзили (бу ҳудуд назорати ҳамон бир томондан иккинчи томонга ўтиб турибди) учун жангларда катта йўқотишларга учраган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар пайдо бўлди. 

Павловка учун жанглар октябр ойи охирида бошланганди, 5 октябр куни РФ мудофаа вазирлиги Жанубий-Донецк йўналишида «Украина қуролли кучлари бўлинмаларига қақшатқич зарба берилгани»ни маълум қилганди, аммо кейинги куни россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналларида ҳужумда иштирок этган 155-бригада жангчиларининг тўрт кун ичида 300 қурбон берилгани ва ҳарбий техниканинг ярми йўқотилгани ҳақидаги мурожаати тарқалди. 

Омон қолган ҳарбийларнинг бир гуруҳи Приморье ўлкаси губернатори Олег Кожемякога мурожаат қилишган ва яхши тайёрланмаган юриш ва кўплаб ҳарбий йўқотишларга жавобгар бўлган офицерлар ҳаракатини текшириш учун мустақил комиссия тузилишида ёрдам сўрашган.

6 ноябр куни бу ҳақда Кремл таъсиридаги телеграм-каналлар ва ҳарбий мухбирлар, жумладан ВГТРК корреспонденти Александр Сладков хабар берди. У хатдан иқтибос келтирмаган, фақат унинг қисқача мазмунини ёзиш билан чекланган: «Йўқотишлар катталиги, шахсий таркиб ва техникалардаги беҳуда йўқотишлар ҳақида олий раҳбариятга маълумот етказиш имконсизлиги айтилган. Менда рақамлар бор, аммо буёғига иш [Россия] Бош прокуратурасига». У ҳарбий хизматчилар Кожемякога йўқотишлар ҳақидаги маълумотни олий қўмондонликка етказишни ва «вазият зудлик билан текширилиши» учун комиссия тузилишини сўрашган. 

У ҳарбийларнинг мурожаатида учта катта ном келтирилганини айтган, аммо гап кимлар ҳақида кетаётганини очиқламаган. 

Кремлпараст блогер Анастасия Кашеварова Кожемякога мурожаатнинг тахминий матнини эълон қилган, аммо қисқартиришлар билан (у ҳам фамилияларни келтирмаган ва бош ҳарфларда ифодалаган). Унинг постидан англашиладики, денгиз пиёдалари «яна бир бор генерал М. ва унинг ҳамюрти А. томонидан тушунарсиз ҳужумга ташланган» - «М. бош штаб  бошлиғи олдида бонуслар олиши учун». «Натижада биз ва камчаткалик денгиз пиёдалари Павловкага юриш қилдик», - дея мактубдан иқтибос келтирган Кашеварова.

ОАВ «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига алоқадор эканини айтадиган Grey Zone телеграм-каналида эса ҳарбийлар мурожаати тўлиқ келтирилган. Унда тўрт кунлик жанглар давомида ҳалок бўлганлар, яраланганлар ва бедарак йўқолганлар сони «300 киши атрофида» бўлиши мумкинлиги айтилган (Сладков ва Кашеварова бу рақамларни келтирмаган, бу рақамларнинг ҳақиқийлигини мустақил манба орқали тасдиқлаб бўлмайди).

Ҳарбийлар бу рақамлар фақат уларнинг бригадаси бўйича экани, умумий йўқотишлар янада кўпроқ бўлиши мумкинлигини қайд этишган.

«Округ қўмондонлиги жавобгарликдан қўрқиб А. билан бирга буни яширмоқда ва йўқотишлар тўғрисида ҳақиқий рақамларни пасайтириб кўрсатмоқда», дейилади Кашеварова томонидан эълон қилинган вариантда.

Мактуб муаллифларига кўра, «генерал Мурадов Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов олдида бонус ишлаш учун, унинг ҳамюрти Ахмедов эса Россия қаҳрамони унвонини олиш учун аскарларни «тушунарсиз» жангга ташлаган. Катта эҳтимол билан гап Шарқий ҳарбий округнинг янги қўмондони Рустам Мурадов ва 155-бригада командири Зураб Ахмедов ҳақида кетмоқда.

Приморье ўлкаси губернатор мурожаатнинг ҳақиқийлигига эътироз билдирмади. Шу билан бирга, бу ҳолатда Украина томони провокацияси эҳтимолини ҳам истисно этмади. «Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу мурожаатни ваколатли органлар ва ҳарбий прокуратурага юбордик. Бу Украина махсус хизматлари томонидан ахборот хуружи бўлиши ҳам истисно этилмайди», дея ёзган Кожемяко телеграм-каналида. Прокуратура ҳозирча губернаторга жавоб қайтармаган.

Кейинроқ у Узоқ Шарқдаги полигонда ёзилган видеомурожаатини эълон қилди. «Командирлар билан боғландим. Ҳа, йўқотишлар бор, оғир жанглар кетмоқда. Аммо йўқотишлар мурожаатда айтилганидек эмас», деган Кожемяко.

Журналист Дмитрий Колезев ҳарбийлар мурожаатига изоҳ бераркан, «Вагнер» асосчиси (мурожаатни тўлиқ эълон қилган ягона манба бўлмиш Grey Zone айнан ушбу компанияга алоқадор) Евгений Пригожин «ҳозирда мудофаа вазирлигини фаол равишда танқид қилаётгани»га эътибор қаратган. «Шу туфайли ҳарбийларнинг ҳар қандай хатоси, суиистеъмолчиликка йўл қўйиши ва жиноятларини фош қилиш унинг фойдасига бўлади», деган у.

Донбассда жанг қилаётган дала командири Александр Ходаковский Сладковнинг «Павловкадаги ишлар ҳолати» ҳақидаги постига муносабат билдириб, у ерда Россия қўшини «оловли қопга тушиб қолгани»ни ва йўқотишларга учраганини тасдиқлаган. У бу йўқотишлар кўламини очиқламаган.

Россия мудофаа вазирлиги эса 6 ноябр куни ўз ҳисоботида ушбу аҳоли яшаш манзилини ёдга олиб ўтганди: «Россия артиллерияси ўт очиши ва штурм гуруҳларининг фаол ҳаракатлари билан Павловка, Новомихайловка ва Времевкадаги Украина қуролли кучлари бўлинмаларига оғриқли зарбалар берилди...»

7 ноябр куни эса Россия мудофаа вазирлиги 155-бригада 10 кундан ортиқ вақт давомида юриш қилаётгани, денгиз пиёдаларининг йўқотишлари «бу даврда жанговар таркибнинг 1 фоизидан ошмаслиги, ярадорлар 7 фоизни ташкил этиши ва уларнинг катта қисми аллақачон сафга қайтгани»ни эълон қилди.

Кремлпараст ҳарбий мухбирлар эса аввал ҳам бир неча бор бўлгани каби бу масалада ҳам иккига ажралган: уларнинг бир қисми Донецк ва Луҳанск областларидаги катта йўқотишлар тўғрисидаги хабарларни Россия қўмондонлигининг лаёқатсизлиги ҳақидаги хулосалари тасдиғи сифатида кўришади - қўмондонлик сўнгги вақтларда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва Пригожин томонидан кескин танқид қилинмоқда. Бу танқидлар фонида ўтган ҳафтада генерал Александр Лапин «Марказ» гуруҳи қўмондонлигидан четлатилгани маълум бўлганди.

Бошқа блогерлар ва ҳарбий мухбирлар эса йўқотишлар бўйича рақамлар бўрттириб кўрсатилмоқда деган фикрда - хусусан, сафарбар қилинганларнинг ўзлари томонидан.

Украиналик ҳарбийлар Луҳанск областида сафарбар қилинганлар ҳамда Донецк областида Узоқ Шарқдан келган профессионал ҳарбийлар орасидаги катта йўқотишлар тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирмаган.

Украина ҳукумати қарши ҳужумларни давом эттириш ва Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни озод этишни ваъда қилган. Харкив области озод этилганидан кейин кейинги йўналиш Херсон саналмоқда ва ушбу ҳудуднинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти эвакуация эълон қилиб, шаҳарни тарк этган. Ўз навбатида, Россия қўшинлари Донецк областида ҳужум амалиётларини давом эттирмоқда, аммо жиддий илгарилашга эришмаяпти.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид