Жаҳон | 13:08 / 09.11.2022
8476
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти: Россиянинг Украина бўйича музокараларга тайёр экани кўринмаяпти

Вашингтон нуқтайи назарига кўра, Россияда Украина билан тинчлик музокаралари олиб бориш истагини намойиш қилиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд, аммо Москва улардан фойдаланмаяпти.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар Россиянинг Украинада тинчлик музокаралари ўтказиш кайфиятида эканлигига ишонмаяпти. Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс 8 ноябрь, сешанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда журналистлар саволларига жавоб берар экан: "биз ҳозирда россияликлар яхши ният асосида музокаралар олиб боришни хоҳлаётганини кўрсатадиган ҳеч нарсага гувоҳ бўлмадик", деди.

Унинг сўзларига кўра, россияликлар мулоқот ва дипломатияга хоҳиши ва тайёрлигини турли йўллар билан кўрсатишлари мумкин эди: «Биринчидан, тинч аҳоли манзилларини бомбардимон қилишни тўхтатиш, инфратузилма объектларини нишонга олишни бас қилиш, Украина халқи учун иссиқлик, сув таъминоти, электр тизимларини нишонга олишни тўхтатиш керак. Яна бир қадам - турар жойларни, фуқаролик биноларини, ўйин майдончаларини, мактабларни, касалхоналарни тартибсиз ўққа тутиш, энг ёмони, худди шу жойларни қасддан ўққа тутишга чек қўйиш керак».

Россиянинг «ғалла битими»дан чиқиб, кейин унга қайтиш ҳақидаги баёнотини шарҳлар экан, Нед Прайс Москва бундай «фойдасиз» қадамлардан воз кечиш орқали мулоқот ва дипломатияга содиқлигини кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия Қора денгиз ташаббусини ўз таъсири доирасига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.

«Бу ҳолатда украиналикларга Россиянинг яхши ният асосида музокаралар олиб бориш истагининг исботи сифатида нимани мисол қилиб кўрсатишни биз ҳал қилмаймиз. Лекин Украинада сўнгги ойларда ва ҳатто яқинда содир бўлаётган воқеаларни кузатувчиси нуқтайи назаридан, шу кунларда биз Россиянинг тайёр эканлиги ва жиддий ҳамкорлик қилишга интилаётгани ҳақида ҳеч қандай аломат кўрмаяпмиз», — дея хулоса қилди Давлат департаменти вакили.

Мавзуга оид