Жаҳон | 13:20 / 09.11.2022
35876
8 дақиқада ўқилади

Медведев Россия шайтонга қарши урушаётганини айтди. Собиқ президент алжираб қолдими?

Россия собиқ президенти, ҳозирда мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинадаги уруш бўйича ноодатий фикрлар билдиришда давом этмоқда. 4 ноябр куни Россияда миллий бирдамлик куни нишонланди. Шу куни барча россиялик сиёсатчилар чиқиш қилишди, Медведев эса яна диққат марказида бўлишни истаб, буни уддалади.

Фото: YEKATERINA SHTUKINA/TASS

Уруш бошланган 24 феврал куни Россия президенти Владимир Путин «махсус ҳарбий операция»нинг мақсади Украинани «денацифакация» ва «демилитаризация» қилиш эканини айтганди. Медведев эса Россия иблисга қарши урушаётганини айтди. Россия собиқ президенти уруш вақтида турли ноодатий чиқишлар қилишга ҳаракат қилмоқда, лекин ҳар сафар кулгили ҳолатга тушиб қоляпти.

«Барча душманларни дўзахга юбориш имконияти бор»

Медведев «Биз нима учун урушяпмиз» деган саволга жавоб берар экан, Россиянинг мақсади иблисни тўхтатиш эканини айтиб, «барча душманларни дўзахга юбориш имкони борлиги»ни таъкидлади. Медведевнинг бу пости ижтимоий тармоқларда жуда кенг муҳокама қилинди. Одамлар Россия собиқ президентининг ушбу фавқулодда фаоллиги нима билан боғлиқ эканини таҳлил қилишмоқда.

Россиянинг Украинага бостириб кириши 1962 йилги Куба ракета инқирозидан кейин Ғарб билан энг йирик тўқнашув бўлмоқда. Ўшанда йирик давлатлар ядро урушига жуда яқин келиб қолганди.

Сиёсатга кириб келганда либерал ислоҳотчи сифатида кўрилган Медведев 2008 йилдан 2012 йилгача Россия президенти бўлган.

У аввалига Россия «неонацистлар» ва «гиёҳвандлар» билан курашаётганини айтганди. Медведевнинг чиқишлари уруш бошидан буён тобора радикаллашиб бормоқда. Таҳлилчилар фикрича, Медведев бундай чиқишлари билан Александр Проханов каби империалист публицистларга ўхшаб қолмоқда.

«Ниқобни ечинг, Александр Андреевич Проханов, мен сизни танидим», деб ёзди Россияда «чет эл агенти» деб эълон қилинган машҳур журналист Алексей Венедиктов.

Путиннинг фикрича, Украина ҳукуматини рус тилида гаплашувчиларни таъқиб қилувчи «фашистлар бошқармоқда». Бундай турдаги баёнотларни расмий Киев кўп марта рад этиб келади. Зеро, Украина пойтахтида кўпчилик ҳамон рус тилида гаплашади, буни Украина медиасида жуда кўп рус тилидаги контентлар борлигидан ҳам кўриш мумкин.

Россиядаги бирдамлик кунидаги постида Медведев Россиянинг вазифаси «Дўзахнинг олий раҳбарини тўхтатиш» эканини айтди. «Уни қандай аташларидан қатъи назар – шайтон, люцифер ёки иблис», деди Медведев.

У «душанларни дўзахга юбориш» ҳақида ҳам гапирди. «Бизда барча душманларни жаҳаннам оташига юбориш имкони ҳам бор, аммо бу бизнинг вазифамиз эмас», деб ёзди Россия собиқ президенти. У дўзах сўзини Инжилда ишлатилган ибора билан ифодалаган.

Филолог, инжилшунос Андрей Десницкий BBC билан суҳбатда айтишича, Медведев ҳар қанча диний гапиришга интилмасин, ҳозирги можарода у айтганидай диний асос йўқ.

«Насронийликда ҳам, исломда ҳам, иудаизмда ҳам (сектантлар ва фанатикларни инобатга олмаса, албатта) шайтон ёки иблис билан курашиш деганда ҳар бир инсон руҳиятида кечадиган кураш назарда тутилади. Бунда қандайдир сиёсий тузумлар ўртасидаги кураш ҳақида сўз бормаган. Медведев бундай тарзда гапира бошлаганининг ягона сабаби бор: унда мантиқий далиллар тугади», дейди у.

Уни жиддий одам деб ўйлашмайди

Сиёсатчи Дмитрий Орешкиннинг айтишича, Медведев бунақа оҳангда нафақат оддий одамлар билан, балки ҳукумат элитасидагилар билан ҳам гаплашишга интилмоқда.

«У бир вақтлар «эркинлик эркин бўлмасликдан яхшироқ» деган, кейинроқ ўз мақомини сақлаб қолиш учун президентликдан воз кечган одам. Ҳозир эса «уруш партияси» тузишга интилаётган тизимда ўзининг жуда муҳим одам эканини кўрсатишга интилмоқда. Медведев учун нима қилиб бўлса ҳам диққат марказида туриш муҳим, чунки аслида у кичик ва кучсиз. У ҳукумат кучисиз ёлғиз қолишдан қўрқади», дейди сиёсатшунос.

Орешкиннинг фикрича, урушнинг асосий тарғиботчилари, масалан, Қодиров ва Пригожин Медведевга жиддий одам деб қарашмайди. «У қанчалик ғазабланса, шунчалик бечора бўлиб кўринаверади», дейди эксперт.

Медведевнинг айтишича, у айтаётган «фантастик курашда» шайтон ёлғонни ўзига қурол қилиб олган, Россия эса ҳақиқат билан қуролланган. «Шунинг учун биз ҳақмиз, шунинг учун ғалаба биз томонда бўлади», деди эксперт Орешкин «бечора» деб таърифлаган собиқ президент.

Путин уруш ҳақида эълон қилар экан, «денацификация» ва «демилитаризация» деган ибораларни ишлатганди. Унинг фикрича, Ғарб томонидан Россияга ҳудудий хавф мавжуд, Украина эса бу йўлда полигон сифатида фойдаланилмоқда. Ғарб ва Украина эса Россия ҳудудига хавф туғдираётганини инкор этиб келади. Энди эса Путинни оқлаш учун унинг азалий маслакдоши Медведев урушга шайтонни ҳам «аралаштирди».

Сиёсатчилар «шайтон» деб бунгача АҚШни ҳам аташган. Масалан, 1979 йилги Эрон ислом инқилобининг диний етакчиси оятуллоҳ Ҳумайний, «Ал Қоида» террорчилик ташкилоти етакчиси, 2001 йил 11 сентябрдаги Нью-Йорк теракти ташаббускори Усама бин Лодин АҚШни шундай атаганди.

Россия муваффақиятсизликка учраган сари Медведев қаттиқроқ асабийлаша борди

Медведев бунгача июн ойидаги пости билан ҳам диққат марказига тушганди. Ўшанда у Telegram-каналида нега кескин чиқишлар қилаётгани ҳақида саволга (аслида савол ҳам берилмаган, бу саволни ўзи ўзига берганди) жавоб берар экан, шундай деганди: «Мендан каналимдаги постлар нега бунчалик кескин деб сўрашади. Менинг жавобим эса шундай: мен уларни ёмон кўраман. Улар жирканчдирлар, бизга, Россияга ўлим тилашади. Токи тирик эканман, улар йўқолиб кетиши учун қўлимдан келганини қиламан».

Экспертлар Россия урушда муваффақиятсизликка учрай бошлаган куз ойларида Медведевнинг постларида нафрат кучайиб борганига эътибор қаратган. У куни кеча Бошқирдистонда тўрт нафар талаба теракт содир этмоқчи бўлгани ҳақида хабарга муносабат билдириб, Россияда ўлим жазосига жорий қилинган мораторийни бекор қилиш кераклиги ҳақида гапирди. Тергов хулосасига кўра, урушга қарши бўлган бу ёшлар камида беш марта темирйўлдаги электр таъминотини узишга ҳаракат қилган.

«Улуғ ватан уруши вақтида фашистлар буйруғи билан ҳаракат қилган саботажчилар билан ҳеч ким пачакилашиб ўтирмаган. Уларнинг жазоси битта бўлган – ҳеч қандай судсиз ва терговсиз отиб ташланган», деб ёзди Медведев. Унинг фикрича, ҳозирги конституция билан ҳам ўлим жазосига мораторийни чеклаб ўтиш мумкин.

Унинг бу сўзларини Кремлда расман рад этишга ҳам улгуришди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда ўлим жазосини қайтариш масаласи кўриб чиқилмаётганини айтди. Сенатор Андрей Клишас эса ҳозирги Россия конституцияси билан ўлим жазосига жорий этилган мораторийни четлаб ўтиш имконсиз эканини айтди.

Россияда ўлим жазоси 1997 йилда бекор қилинган.

1 ноябрда Медведев яна марта ядро қуроли ишлатиш билан таҳдид қилди. Унинг фикрича, Украина ҳозирда Россия эгаллаб олган ўз ерларини қайтарса, бу Россия ҳудудига ҳужум қилиш ҳисобланади ва ядро қуроли қўллаш учун асос бўла олади.

Дмитрий Медведевнинг Telegram-каналига 910 мингдан ортиқ одам аъзо бўлган. Унинг 4 ноябрдаги «шайтонга қарши уруш» ҳақида пости 2,2 миллион марта кўрилган. 2008-12 йилларда Россия президенти бўлган Медведев кейинчалик бош вазир, Мишустин унинг ўрнини эгаллагач, 2020 йилдан буён Хавфсизлик кенгаши раиси Путиннинг ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. У Telegram-каналини Россия Украинага бостириб кирганидан кейин очиб, юрита бошлади.

Мавзуга оид