07:31 / 09.11.2022
12520

ОАВ: Россия Эронга дронлар учун ғарб қуроллари намуналарини берган

Украинанинг муҳим инфратузилмасига ҳужум қилишда рус қўшинлари томонидан фойдаланилган камикадзе дронлари учун Россия Эронга нафақат 140 миллион евро нақд пул тўлаган, балки урушда қўлга олинган ғарб қуролларининг бир нечта намуналарини ҳам топширган. 

Фото: Getty Images

Бу ҳақда Британиянинг Sky News телеканалига анонимлик шарти билан «хавфсизлик соҳасидаги манба» маълум қилди

Sky News хабарига кўра, Россия Эронга Британиянинг NLAW танкка қарши ракетасини, Американинг танкка қарши Javelin ракетасини ва Stinger зенит ракетасини топширган.

Телеканалда мавжуд тасвирларда 2022 йил 20 август куни Теҳронда Россиянинг иккита Ил-76 самолёти акс этган. Айнан улар пул ва ғарб қуроллари намуналарини етказиб бергани айтилади. 

Бунга жавобан Эрон 160 та камикадзе дронларини - 100 та Shahed-136 ва 60 та Shahed-131'ни, шунингдек, ўқ-дориларни ташлаб юборишга қодир бўлган олтита Mohajer-6 УУАларни топширди. 

Бундан ташқари, Эрон ва Россия 200 миллион евролик дронларни келгусида етказиб бериш бўйича келишиб олди.

Аввалроқ Эрон ҳукумати илк бор Россияга учувчисиз учиш аппаратлари етказиб берилганини очиқ тан олганди. Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн Россиянинг Украинага қарши уруши арафасида Теҳрон Москвага чекланган миқдордаги учувчисиз учоқларни тақдим этганини айтди. 

Шу билан бирга, Эрон ТИВ раҳбари уруш бошланганидан кейин учувчисиз учоқлар етказиб берилгани, шунингдек, Россия томонига ракеталар топширилганини рад этди. Бир қатор ОАВ хабарларига кўра, Эрон Россия томонидан аннексия қилинган Қримга россияликларни учувчисиз учоқлар билан ишлашга ўргатиш ва техник ёрдам кўрсатиш учун ҳарбийларини юборган. 

Бир неча кун аввал Эрон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россиянинг Украина билан урушда Эрон дронларидан фойдалангани ҳақидаги иддаоларни муҳокама қилиш учун икки томонлама учрашувлар ўтказишга тайёрлигини билдирган эди. 

Украина ҳарбий қўмондонлиги ва расмийлари аввалроқ Эроннинг бир неча юзлаб Shahed 136 камикадзе-дронларини уриб туширганини маълум қилганди. Киев маълумотларига кўра, Россия дронлардан «Герань-2» номи остида фойдаланмоқда. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top