Жаҳон | 09:04 / 09.11.2022
11391
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россияда 15 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлганлар учун тўловларни олди

"Можем объяснить" Telegram канали ҳисоб-китобларига кўра, 15 800 дан ортиқ россиялик ҳалок бўлганлар учун тўлов олган. Шу билан бирга, 1800 га яқин оғир ярадорларга маблағ ўтказилди.

Фото: Claire Harbage/NPR

2 ноябрга қадар Россия РФ Миллий гвардияси қўшинлари Федерал хизмати (Росгвардия) аскарлари ва Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Украинадаги урушда ҳалок бўлган ва ярадор бўлган ҳарбий хизматчиларга тўловлар учун 166,2 миллиард рубль сарфлади. Бу ҳақда 8 ноябрь, сешанба куни "Можем объяснить" Telegram канали электрон форматда чоп этилган бюджет кўрсаткичларига таяниб хабар берди.

У гап фақат Россия фуқаролари ҳақида кетаётганини, лекин айирмачи тузилмалар - «Донецк халқ республикаси» («ДХР») ва «Луҳанск халқ республикаси» («ЛХР»)дан, шунингдек, Вагнер хусусий ҳарбий компаниясидан (ХҲК) ўлган жангчилар ҳисобга олинмаганини билдирди.

"Можем объяснить"нинг ёзишича, 15 800 дан ортиқ одам ўлганлар учун тўловларни (9,4 миллион рубль) олган. Шу билан бирга, канал ҳисоб-китобларига кўра, ногирон бўлиб қолган ва хизмат қила олмайдиган қарийб 1800 нафар ярадорга маблағ ўтказилган. Ҳисоб-китоблар касалхонада бўлганидан кейин хизматни давом эттиришга қодир бўлган ёки ногиронлик олмаган ярадорларни ҳисобга олмайди.

Росгвардия ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бу маълумотни расман тасдиқлаганича йўқ.

Россия расмийларининг сафарбарлик тугаши ҳақидаги баёнотларига қарамай, у яширин режимда давом этаётган бўлиши мумкин, дея маълум қилганди Америка урушни ўрганиш институти (ISW) аввалроқ кундалик ҳисоботида. Бунга мисол тариқасида экспертлар Россия президенти Владимир Путин сафарбарликни тўхтатиш ҳақидаги баёнотларидан сўнг имзолаган бир қанча фармонларни келтиришди. Ҳужжатлардан бири оғир жиноятлар учун судлангани ўталмаган фуқароларни сафарбар этиш имконини беради, иккинчиси ҳарбий хизматчилар мақомини «кўнгиллилар»гача кенгайтиради.

Бундай рухсатномалар сафарбарликни давом эттириш учун шарт-шароит яратади, аммо у расман «ихтиёрий хизмат» сифатида тақдим этилади, дейди америкалик экспертлар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид