Жаҳон | 11:32 / 09.11.2022
31231
6 дақиқада ўқилади

Қуриган дарёни тўлдирган ва 70 та қишлоқни асраб қолган инсон –  ҳиндистонлик шифокор тажрибаси

Арвари дарёси 60 йил илгари бутунлай қуриб битган, сувсизлик ён атрофда ҳаёт белгиларини йўқотаётганди. Аммо Ражендр Сингх ҳаммасини ўзгартира олди. Кўпчилик умидини узган, ташлаб кетаётган ерларнинг баҳоси бугунги кунда 150 баробаргача, ҳосилдорлик эса 10 мартагача ошган. Аҳоли кўпайиб бормоқда, ҳудудга қушлар ва бошқа жониворлар қайтмоқда.

Фото: Kun.uz

Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий штати Ражастхон аҳоли зич, ҳаёт даражаси анча мураккаб ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерларни бир вақтлар сув билан таъминлаган Арвари дарёси эса 60 йилдан бери тарихга айланган, унинг қуриб битган сув йўли саҳрода чўзилиб ётган илондек кўринишга келиб қолган эди. Қудуқлар сувсизланиб, бор ер ости сувларини чиқариш учун 100 метргача қазишга тўғри келар, олинган сувнинг сифати эса ҳавас қилгулик эмасди.

Яшаш тобора қийинлаша боргани сари одамлар ҳам кўчиб кетишар, қашшоқлик ва умидсизлик аҳолини тобора чулғаб борарди.

1985 йилда бу ердаги Гопелпур қишлоғига тиббиёт коллежини яқинда тугатган шифокор Ражендр Сингх ишга келади ва ўзининг кичик кабинетини очиб, фаолиятини бошлайди.

Ражендр Сингх / Фото: pikab.ru

Ражендр коллежда ўқиб юрган пайтларидаёқ соғлом турмуш тарзининг фаол тарғиботчиси эди. Қишлоққа келганидан кейин ҳам бу одатини қўймайди. Аҳолининг саломатлигини ўрганган ёш шифокор асосий муаммо сувда эканлигини англаб етади. Бундан ташқари Ражендр ўз фермасини ҳам очмоқчи эди, аммо шароит бунга йўл қўймасди.

Ҳудудда йилига икки ой давом этадиган ёмғир мавсумида кучли жалалар қуяр, қолган пайтлари қурғоқчилик ҳукм сурарди. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашган Ражендр Сингх қачонлардир Арвари дарёси тўлиб оққани, дарё атрофида селларни тутиб қолувчи ўзига хос кичик сув омборлари – жоҳадлар бўлганлигини билиб олади.

Фото: pikab.ru

Ражендр бир неча ҳамроҳ топиб ишга киришади ва чиқиндига тўлган, кўмилиб кетган жоҳадни тозалашга киришади. Кўпчилик унинг бу ҳаракати бесамар эканлигини айтиб кулди, аммо шифокор ўз аҳдидан қайтмади.

Дастлабки натижалар жуда камтарона бўлган. Узоқ меҳнат ва машаққат билан қазилган жоҳадга жуда оз сув тўпланган ва тез қуриб қолган. Лекин атрофдаги қудуқларга сув қайтиши маҳаллий аҳолида ҳам қизиқиш уйғотади ва шифокорнинг ёрдамчилари сони кенгая боради.

1986 йилда илк жоҳад тўлиқ тикланади. У ҳосилдорликка кўп таъсир қилмаган бўлса-да, одамларда умид уйғота олганди. Ишлар шитоб билан давом эттирилади ва кейинги йилларда навбатдаги жоҳадлар фойдаланишга топширилади.

1990 йилга келиб ҳақиқий натижалар кўрина бошлайди. Арвари дарёси шу йили нафақат қайта оқади, балки октябр ойигача қуримай туради. Ишлар давом эттирилади, жоҳадлар очилаверади. 1991 йилда энди дарё январгача қуримайди.

1992 йилда Арвари февралгача, 1993 йилда мартгача, 1994 йилда апрелгача оқиб туради. Ишлар бир кунга ҳам тўхтатилмайди, натижани кўрган одамлар Ражендрга сўзсиз бўйсуна бошлайдилар.

1995 йил ҳудуд тарихида янги саҳифа очади. Дастлабки жоҳадга киришилганидан 9 йил ўтиб, Арвари дарёси йил давомида оқиб туради ва умуман қуримайди. 70 та қишлоқ жойлашган 500 квадрат километр майдондаги эрозия тўхтатилади. 100 метрлаб чуқурга тушиб кетган ерости сувлари 8-10 метрдан чиқа бошлайди.

Фото: pikab.ru

Ражендр ва дўстлари фақат жоҳадлар билан чекланиб қолишмайди. Тепаликларга дарахтлар экилади, шифокорнинг шахсан ўзи доривор гиёҳлар уруғини сепишни йўлга қўяди. Дарахтлар намликни сақлаши ортидан ўтлоқлар кўпаяди, микроиқлим яхшиланади, ҳудудга анча вақтдан бери кўринмаган ҳайвонлар ва қушлар қайтишади. Жоҳадларда ҳатто балиқ ҳам кўпайтирилади, аммо уни овлашга рухсат беришмайди.

Арвари дарёси атрофидаги ҳамма ташлаб кетаётган ерлар баҳоси 150 мартагача ортади. Ҳосилдорлик янада ҳайратланарли эди – маҳаллий деҳқонлар 10 каррагача кўпроқ натижага эриша бошлайдилар.

Ражендр ҳудуднинг ҳақиқий қаҳрамонига айланади. Уни “Ҳиндистоннинг сув одами”, “Сув супермени” деб алқай бошлайдилар. Шифокор бу ишлар қаторида аҳоли саломатлиги, соғлом турмуш тарзи бўйича ишларини ҳам унутмайди. Қишлоқларга қайтаётган одамлар ўзгаришлардан ҳайрон бўлиш билан бирга Ражендр Сингхнинг муолажаларидан шифо топишади.

Аммо сув ҳудудда барибир танқис бўлиб, шиддат билан кўпаяётган деҳқончилик кўлами мураккаб вазият яратарди. Режендр бунинг ҳам ечимини топади. Қишлоқлар фаолларини жамлаб “Сув парламенти”ни тузади ва оби ҳаёт тақсимоти ва жоҳадлар бошқарувини тўлиғича фаолларга топширади.

Фото: pikab.ru

Ражендр Сингхнинг бу фаолияти кўпчиликда қизиқиш уйғотган. Уни ҳатто “Сайёрани қутқариши мумкин бўлган 50 одам” сафига қўшишган. Шифокор фақат Ражастхондаги ҳудуд билан чекланиб қолмай, Tarun Bharat Sangh ташкилотини тузади ва бошқа жойлардаги сув муаммолари ечимида кўмак бериб келади. Ўтган йиллар давомида унинг ташкилоти 8600 дан ортиқ жоҳадларни тиклашга ёрдам берган ва бунинг ортидан 1000 дан ортиқ қишлоқларда турмуш тарзи яхшиланган. Арвари дарёсидан ташқари Рупарел, Сарса, Бхагани ва Жахажвали дарёлари оқими тикланган.

Фаолияти давомида Ражендрни ҳатто сув йўллари ва қудуқларга салбий таъсири туфайли қатор шахталарни ёпишга эришган. Ишсиз қолган шахтёрлар уни тутиб олиб дўппослаганлар.

Ана шундай! Яхшилик ҳаммага ҳам ёқавермайди, аммо барибир унга интилиш керак.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид