Жаҳон | 09:24 / 09.11.2022
9150
3 дақиқада ўқилади

Швеция Туркиянинг талаблари туфайли ўз конституциясини ўзгартиришга тайёр

Швециянинг янги бош вазири Кристерссон Эрдўған билан Анқарада бўлиб ўтган учрашувда ўз ҳукумати «терроризм ва РКК каби террористик ташкилотларига қарши» кураш олиб боришига ваъда берди.

Фото: AP

Швеция конституцияга ўзгартириш киритиш орқали терроризмга қарши қонунчилигини кучайтирмоқчи, бу Скандинавия қироллигининг НАТОга кириши шартлари бўйича баҳсда Туркияга ён босиши бўлади. Швеция парламентининг 9 ноябрь, сешанба куни тушунтиришича, тегишли ўзгаришлар «терроризмга алоқадор гуруҳларнинг йиғилиш эркинлигини чеклаш» имконини беради.

Бу масала бўйича овоз бериш 16 ноябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Агар Риксдаг депутатлари зарур тузатишларни қўллаб-қувватласа, июль ойидан буён ҳозирги кўринишида амалда бўлган терроризмга қарши кураш қонунчилигининг қатъийлаштирилган таҳрири 2023 йил 1 январдан кучга киради. Мутахассисларнинг тушунтиришича, Швецияда Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (PKK) аъзоларига нисбатан иш очиш осонроқ бўлади.

Швеция терроризмга қарши қонунчилигини ўзгартириш орқали Анқаранинг асосий талабларидан бирини ва Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини қўллаб-қувватлаш қарорини қабул қилиш шартларини бажаради. Аввалроқ Туркия қиролликни «террорчилар бошпанаси» деб атаган эди.

Швециянинг янги бош вазири Улф Кристерссон 8 ноябрь куни Туркияга ташрифи чоғида мамлакати жиноят ва терроризмга қарши янада қатъийроқ кураш олиб бориш ниятида эканини таъкидлади.

«Бир неча ҳафта олдин менинг ҳукуматим қонун ва тартиб устуворлигини таъминлаш мандати билан сайланган эди. Бунга терроризм ва РКК каби террористик ташкилотларга қарши кураш киради», деди Кристерссон Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан қўшма матбуот анжумани чоғида. «Шунинг учун мен барча туркларни ишонтириб айтмоқчиман: Швеция НАТОга аъзо бўлишдан олдин ҳам, келажакда иттифоқчи ролида ҳам террорчилик таҳдидларидан ҳимоя қилиш бўйича Туркия олдидаги барча мажбуриятларини бажаради», деди у.

Эрдўған Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишини «самимийлик билан» исташини, аммо Стокҳолмнинг хавфсизлик муаммоларини тушунган ҳолда Анқара хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларига муносиб жавоб берилишига умид қилишини айтди.

Эрдўған, шунингдек, Швеция бош вазири билан навбатдаги учрашуви ноябрь ойининг охирига режалаштирилганини айтди. У Стокҳолмда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид