Истанбулда икки ўзбекистонлик аёл шафқатсизларча ўлдирилди. Бирининг жасади топилиб, Ўзбекистонга қайтарилди. Аммо иккинчи қурбоннинг жасади чиқиндилар орасидан ҳалигача қидирилмоқда. Гумонланувчилар қўлга олинган, оилалар энг оғир жазо талаб қилмоқда.
“Жасади топилган деган маълумот келди, буям ёлғон экан”
Истанбулда икки ўзбекистонлик аёл Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиева шафқатсизлик билан ўлдирилди. Қотилликда гумонланаётганлар ҳам ўзбек эркаклар. Полиция дастлаб Дурдона Ҳакимованинг ўлими юзасидан тергов бошлаган эди. Шу орада Дурдонанинг дугонаси Сайёранинг ҳам 23 январдан бери бедарак эканлиги ҳақида мазкур мамлакатда фаолият юритувчи Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хабар берди. Текширув жараёнида айнан шу хонадонда яна бир аёл – Наманганда туғилган 32 ёшли Сайёра Эргашалиева ҳам қурбон бўлгани аниқланган. 30 январ куни Дурдонанинг жасади ва икки фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Аммо Сайёранинг жасади ҳалигача топилмаган.
“Бу ерга ишлаб пул топиш учун келган эди. Шунақа нарсаларга эътибор беришингизни сўраймиз, ёлғон маълумотлар тарқатилмасин. Жасади топилган деган маълумот келди, буям ёлғон экан. Рост гапни кутиб турибмиз, бир нарса илинжида шу ерда турибмиз: қизимизнинг мурдаси топилса, олиб кетсак бўлди. Шунга амалий ёрдам беринг, илтимос”, - дея мурожаат қилган марҳуманинг онаси Соҳиба Муҳсинова.
Икки жасад бир жомадонда ташилган - адвокатлар
Воқеа ҳақида хабар берган Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти адвокатларига кўра, унинг жасадини топиш мақсадида ҳозиргача 400 минг тонна чиқинди текширувдан ўтказилган.
Адвокат Жеват Бозкурт: “Сўроқ давомида улар Сайёра хонимни ўлдирганини тан олишган. Аввал 23 январдан 24 январга ўтар кечаси Сайёра хоним ўлдирилган, шундан кейин гумонланувчилар томонидан жасад бўлакларга ажратилган. Жасаднинг бир қисми яшаб турган манзил яқинидаги чиқинди контейнерига, қолган қисми эса Фотиҳ туманидаги контейнерга ташланган. Улар тана бўлакларини олиб борган жомадонни бўшатиб уйга қайтишган. Сайёра хонимнинг телефони орқали Дурдона хонимга хабар юбориб, уни ҳам чақиришган.






