Жаҳон | 23:24 / 09.11.2022
11145
2 дақиқада ўқилади

Украина Россиянинг Херсонни тарк этиш ҳақидаги баёнотларига ишонмайди 

Украина президенти девони Россия Херсонни жангсиз тарк этаётганини кўрмаётганини маълум қилди. 

Фото: УНИАН

Президент маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия қўшинларининг катта гуруҳи ҳамон шаҳарда қолаётганини ёзди. 

Бундан ташқари, минтақага Россия армиясининг қўшимча захиралари етиб келмоқда. Подоляк сўзларига кўра, Украина баландпарвоз баёнотларга эмас, балки ўз разведкасига ишонади. 

«Ҳаракатлар сўзлардан яхшироқ гапирмоқда. Украина Россия Херсонни жангсиз тарк этаётгани белгиларини кўрмаяпти. Россия қўшинларининг катта гуруҳи шаҳарда қолмоқда, минтақага қўшимча захиралар жалб қилинмоқда. Украина ўз разведкаси маълумотлари асосида ҳудудларни озод қилмоқда, уюштирилган ТВ баёнотлари асосида эмас», деб ёзди у. 

Херсон вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Ярослав Янушевич аҳолини Украина Қуролли кучлари ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмасликка чақирди. 

«Херсон вилояти аҳолисига ва жанубий жабҳадаги воқеалар ҳақида ҳар қандай маълумотга эга бўлган одамларга мурожаат қиламан - ахборот сукунатига риоя қилинг. Бу бизнинг умумий ғалабамиз учун жуда муҳим... Бевақт хурсандчиликка берилманг: руслар нима дейишидан қатъи назар, фақат расмий маълумот манбаларига ишонинг», деди у. 

9 ноябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларни Херсондан Днепрнинг чап қирғоғига олиб чиқишни буюрган эди. «Махсус операция» қўшинлари қўшма гуруҳи қўмондони Сергей Суровикин қўшинларни олиб чиқиш операцияси яқин вақт ичида якунланишини айтди. 

Россия қўшинлари Херсон учун жангни 24 февралда, Украина босқинининг илк кунида бошлаган эди. Шаҳар 3 март куни босиб олинди ва шу вақтгача рус армияси назорати остида эди. 

30 сентябр куни президент Владимир Путин Россия таркибига янги ҳудудлар, жумладан Херсон вилоятини киритиш тўғрисидаги битимларни имзолади. Вилоят 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтган референдум натижасида аннексия қилинган эди.

Мавзуга оид