Жаҳон | 14:15 / 10.11.2022
9622
2 дақиқада ўқилади

АҚШ генерали: Россия ҳам, Украина ҳам 100 минг аскарини йўқотди

Украинага бостириб киргандан бери Россия армияси 100 мингдан ортиқ одамни йўқотди, улар орасида ярадор бўлганлар ҳам бор, деди Марк Милли. Худди шундай вазият украиналиклар билан ҳам бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди АҚШ армияси генерали.

Фото: Anadolu agency

Украинага қарши саккиз ярим ойлик уруш давомида Россия «сезиларли даражада кўпроқ» 100 000 аскарини йўқотди. Бундай фикрни 9 ноябрь, чоршанба куни АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли билдирди. Эҳтимол, худди шундай ҳолат Украина томонида ҳам кузатилмоқда, деди Милли. Бундан ташқари, қўшни давлатга Россия ҳарбийлари бостириб кириши бошланганидан бери 40 минггача тинч аҳоли ҳалок бўлди, дея қўшимча қилди америкалик генерал.

Милли рус қўшинларининг Херсондан чекинишини ҳам четлаб ўтмади. Генералнинг сўзларига кўра, Россия шаҳарга 20 мингдан 30 минггача қўшин киритган ва қўшинларни тўлиқ олиб чиқиш бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Россия армияси шу тариқа Днипро жанубидаги мудофаа чизиғини тиклаш учун кучларни тежашга ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди Милли. Херсон уруш бошланганидан кейин қўлга киритилган ягона Украина минтақавий маркази эди.

Шу билан бирга, Россия баҳорги ҳужумга тайёргарлик кўриш учун чекинишдан фойдаланиши мумкин, деди АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси. Бироқ, «музокаралар учун имкониятлар ойнаси ҳам мавжуд», дея қўшимча қилди у.

Россия ҳукумати шахсий таркиб орасидаги йўқотишлар ҳақида сўнгги марта мамлакатда сафарбарлик эълон қилинган 21 сентябрь куни оммавий равишда хабар берган эди. Ўшанда мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, урушда 5937 киши ҳалок бўлган. Ноябрь ойининг бошига келиб «Медиазона» журналистлари ва BBC рус хизмати кўнгиллилар билан биргаликда Украинада ҳалок бўлган 8294 нафар россиялик ҳарбийлар ҳақида маълумот тўплади.

Мавзуга оид