Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Херсондан кетиш — Россиянинг урушдаги энг йирик мағлубиятими? Буёғига нима бўлади?
Россия қўмондонлиги «оддий бўлмаган қарор»ни қабул қилди. Бунга нима сабаб бўлди ва бу қарор нимага олиб келади?
Россиянинг Украинадаги гуруҳи қўмондони генерал Сергей Суровикин 9 ноябр куни мудофаа вазири Сергей Шойгуга Россия қўшинларини Днепрнинг ўнг соҳилидан олиб кетишни таклиф этди ва вазир бу «қайта гуруҳланиш»га розилик билдирди. Қўшинлар ўнг соҳилдаги плацдармдан тўлиқ олиб кетилиши бошқа нарсалар қатори, октябр ойидан «федерациянинг янги субъекти пойтахти» ҳисобланган Херсон шаҳри ташлаб кетилишини ҳам англатади. «Медуза» Россия армиясида шаҳарни сақлаб қолиш имконияти қанчалик бўлгани ва қабул қилинган қарор фронтнинг бошқа участкаларидаги вазиятни ўзгартириши эҳтимоли қанчалик эканини таҳлил қилди.
Херсоннинг ташлаб чиқилиши кутилмаган қарор эмас: Суровикин октябр ойидаёқ бундай «нооддий қарор»га ишора қилганди. Ундан бироз олдинроқ ҳудуднинг Россия томонидан тайинланган қўғирчоқ ҳукумати тинч аҳолини Днепрнинг ўнг соҳилидан (Херсон ҳам ўнг соҳилда жойлашган) эвакуация қилишга киришди. Суровикин эҳтимолий «қарор»ни Украина ракеталари кўприкларни сафдан чиқарган шароитда дарё орқали таъминотни амалга ошириш қийинлашгани билан изоҳлаганди. Катта эҳтимол билан «нооддий қарор» Суровикиннинг октябрдаги чиқишидан олдинроқ қабул қилинган, ундан кейин эса Россия қўшинлари уни ижро этишга тайёрланган — маҳаллий аҳоли, бойликлар, ҳужжатлар ва жиҳозлар ташиб кетилган; Днепрнинг чап соҳилида эса мустаҳкам истеҳкомлар барпо этилган.
Чекиниш фронтдаги вазият туфайли эмас: сўнгги ой давомида Днепрнинг ўнг соҳилида фақат кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Россия манбалари уларни «Украина қуролли кучларининг кенг кўламли юриши» деб атади («далил» сифатида россияликлар украин техникаларининг бир неча кичик колонналарига зарба берилгани акс этган видеоларни келтиришди), аммо Украина томони — фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётганини инкор этди. Нима бўлганда ҳам, украин армияси бир ойдан буён бу ҳудудда жиддий муваффақиятга эришмаётганди. Аммо мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, бундай ютуқларга эришиш ҳам мумкин эди: украин армияси бу ҳудудда сон жиҳатдан катта устунликка эга. Россия қўмондонлиги эса бунга қарши ҳеч нарса қила олмасди - таъминотдаги муаммолар бу ерда катта миқдорда қўшин сақлаб туриш имконини бермасди.
Шу тариқа, чекинишнинг ҳақиқий сабаби — Днепрнинг ўнг соҳилидаги гуруҳни тутиб туриш ҳеч қандай истиқболга эга эмаслиги бўлди. Унинг мудофааси кўп сонли жанговар қўшинларни талаб этарди (Кострома ва Узоқ Шарқдан жалб этилган десантчилар, Қримдан олиб келинган соҳил мудофаачилари бригадалари), шу билан бирга, бу қўшинларнинг ресурслари чекланганди ва тўлиқ куч билан жанг олиб бора олмасди. Улардан бошқа йўналишда фойдаланиш самаралироқ эди.
Россия гуруҳи қандай қилиб бу ҳолатга тушиб қолди? Ҳолбуки улар бу плацдармдан Миколайив ва Одессага юриш қилмоқчи эди
Россия гуруҳининг олдинги қисмлари март ойидаёқ қийин ҳолатга тушиб қолганди. Ўшанда ҳаво-десант кучларининг бир қанча кучайтирилган батальонлари, денгиз пиёдалари ва Қрим соҳил мудофаасининг мотоўқчилари Украина мудофааси қулашидан фойдаланган ҳолда Херсонни эгаллаб олишган ва бир неча йўналишда олдинга силжишга муваффақ бўлишганди:
- ғарбга (Миколайив шаҳри чеккаларигача);
- шимоли-ғарбга (Буг Вознесенск атрофида Жанубий Буг дарёси орқали ўтган кўприкларга);
- ва шимолга (Кривой Рог шаҳри атрофларига).
Юришнинг асосий йўналиши Вознесенск бўлиб, Россия қўмондонлиги бу ердан қўшинларни Одессага йўналтиришни кўзлаганди. Гуруҳлар таъминоти бир неча кўприклар орқали амалга оширилган: Херсон яқинидаги Антонов автомобил кўприги, унга параллел ўтган темирйўл кўприги ҳамда 50 километр шарқда Нова Каховкадаги ГЭС тўғони ёқалаб ўтган иккиталик (автомобил ва темирйўл) кўприк.
Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Аммо март ойидаёқ бундай амбицияли юриш учун куч етарли эмаслиги аён бўлиб қолди. РФ қуролли кучлари захираларни бу йўналишга тезлик билан ўтказа олмади ва олдинги чизиқлардаги қўшинлар Украина қуролли кучлари зарбалари остида Миколайив, Вознесенск ҳамда Кривой Рогдан Херсон области чегараларигача чекинишга мажбур бўлди. Бу ерда (шунингдек, Миколайив областининг чегарадаги Снигиревка шаҳри атрофида) улар узоқ муддат учун мўлжалланган мудофаа истеҳкомлари қура бошлашди. Мудофаани географик жойлашув қулайлаштирарди: ҳудуд ўрмонзорлар деярли учрамайдиган яланғоч даштлардан иборат бўлиб, юриш қилаётганлар яширинча ҳаракатланишининг имкони йўқ эди; қолаверса, мудофаа чизиғининг катта қисми табиий тўсиқ бўлган Ингулец дарёси бўйлаб ўтарди.
Украина қуролли кучлари бу дарёдан кечиб ўтишга ёздаёқ уриниб кўрганди, аммо катта йўқотишларга учради. Жиддий сув тўсиқлари йўқ бўлган Миколайив томондан қилинган юриш ҳам муваффақиятсизликка учради: Россия авиацияси ва артиллерия очиқ дашт бўйлаб юриш қилган бўлинмаларни осонлик билан ўққа тутди. Фронтдаги вазият маълум вақтга барқарорлашди, Россия қўмондонлиги эса июл ва август ойларида ўнг соҳилга каттагина қўшимча кучлар ташлади.
Шундан кейин Украина қуролли кучлари янги тактика қўллай бошлади: россияликлар позицияларига рўпарадан ҳужум қилиш ўрнига улар Россия гуруҳининг таъминот йўллари ҳамда ўқ-дори омборларини йўқ қилишга киришди. Август ойига қадар бунинг имкони йўқ эди: украин армиясида узоқ масофага аниқ зарба берувчи воситалар бўлмаган. Аммо ёз охирига келиб Украина армиясида фронт чизиғидан анча ичкаридаги ҳудудларга юқори аниқлик билан зарба беришга қодир HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари пайдо бўлди — GPS орқали йўналтириладиган 90 килограмм вазнли ракеталар қарийб 90 километр узоқликдаги нишонларга аниқ етиб борарди.
Бундай ракета зарбаларининг асосий нишони кўприклар бўлди. Бундай ракета каллаклари билан кўприкларни тўлиқ қулатиш имконсиз эди, аммо кўприк йўллари муҳандислар томонидан таъмирланиши билан Украина қуролли кучлари йўлларни тезда ишдан чиқараверди. Октябр ойи ўрталарига келиб Антонов кўприги бўйлаб ҳаракатланиш бутунлай тўхтатилди, Херсон билан темирйўл алоқаси ҳам мавжуд эмасди, Нова Каховкадаги ГЭС тўғони атрофида эса вақтинчалик ўрнатилган кўприкларда юк машиналари ҳаракатланиши мумкин эди, аммо бу йўллар ҳам вақти-вақти билан ҳужумга учрарди.
Сўнгги ойларда Днепрнинг ўнг соҳилидаги қўшинлар таъминоти, худди Херсондаги тинч аҳоли вакиллари таъминоти каби фақат паромлар ва катерлар орқали амалга оширилди. Украина қуролли кучлари уларга ҳам зарба бера бошлади: лекин баравар ўт очиш реактив тизимларининг GPS орқали йўналтириладиган юқори аниқликдаги ракеталари ҳаракатдаги нишонларга қарши у қадар самарали эмас. Шунга қарамай, ҳарбий юкларни ташиган паромлар бир неча бор зарбалардан шикастланиши кузатилди.
Аммо асосийси, бундай транспорт ташиш ҳажми жуда паст (кўприклар билан таққослаганда) ҳисобланади. Бундай шароитда Россия қўмондонлиги таъминотдаги муаммоларни ҳал эта олмасди: бунинг учун транспорт воситалари етишмасди (РФ ҳарбийлари ҳатто маҳаллий тадбиркорларнинг юк ташишда фойдаланадиган баржаларини тортиб олган). Бундан ташқари, Херсон шаҳрида ва унинг атрофида қолаётган бир неча юз минг киши (урушга қадар бу ерда 300 минг киши истиқомат қилган, аммо уруш давомида кўпчилик Россия назоратидаги ҳудудни тарк этган) учун озиқ-овқат ва зарур буюмлар етказиб бериш талаб этиларди.
Алалоқибат Россия қўмондонлиги ўнг соҳилдаги плацдарм гуруҳини жиддий кучайтира олмади: ҳозиргидан бир неча баробар кўп сонли қўшинлар (ўн мингдан ошиқ) учун шунчаки ўқ-дори, техника ва озиқ-овқат етказиб бериш имконияти бўлмасди. Украина қуролли кучлари бундай шароитда муваффақиятли юриш қилиши учун талаб этиладиган иш — сон жиҳатдан россияликларникидан жиддий катта бўлган гуруҳни жамлаш бўларди.
Бундай гуруҳ жамланди, аммо юришнинг дастлабки ойи (август охиридан октябр бошигача) украин қўшинлари учун муваффақиятли кечмади: Ингулец орқали ёриб ўтган қўшинлар даштлик ҳудудида РФ қуролли кучлари томонидан тўхтатилди, улар тинимсиз равишда артиллерия ва авиация томонидан зарбага учради. Украина қуролли кучлари бир қанча қишлоқ ва посёлкаларни озод этишди, аммо Днепр бўйларигача кириб кела олишмади.
Октябр ойи бошида Украина қўмондонлиги ташаббусдан (яъни ҳал қилувчи ҳужум учун жой танлаш имконияти) ва сон жиҳатдан устунликдан фойдаланган ҳолда Россия мудофаасидаги заиф нуқтани топа олди: Днепр ёқалаб жойлашган позицияларга зарба берилди, бу ҳудудда Қримдан келган ва аввалги жангларда ҳолдан тойган мотоўқчилар мудофааланаётганди. Фронт чизиғи бир неча ўн километрга ёриб кирилди. Якунда плацдармнинг шимолий участкасидаги барча Россия қўшинлари янги мудофаа линияси ташкил этиш учун чекинишга мажбур бўлди. Шундан кейин бу ерда ҳолат барқарорлашди, Украина қуролли кучлари янги юриш учун қўшимча куч тўплай бошлади.
Аммо Россия гуруҳининг вазияти ёмонлашиши давом этди:
- Украина қуролли кучлари ташаббусни сақлаб қолди, ҳужум учун жойни ва вақтни ўзи танлаши мумкин эди.
- РФ қуролли кучлари таъминотдаги муаммолар туфайли гуруҳни кучайтира олмасди.
- Бу гуруҳнинг узоқ муддатдаги истиқболи жуда умидсиз кўринарди: унга ҳатто фронтга кўп сонли сафарбарлар келиши ҳам ёрдам бера олмасди. Украина қўшини эртами-кечми яна бир муваффақиятли ҳужум қилиши муқаррар эди (октябр ойи бошидаги каби).
- Херсондаги Россия қўшинларини қутқариши мумкин бўлган ягона йўл — урушдаги ташаббусни қўлга олиш эди (аммо РФ қуролли кучлари энди уруш бошидаги каби кенг кўламли юриш уюштира олмаслиги кундек равшан бўлиб қолди).
Бу Россия армиясининг бутун уруш давомидаги энг йирик мағлубиятими?
Сиёсий маънода — энг йирикларидан бири. Агар Шойгу ва Суровикиннинг сўзларидан келиб чиқиладиган бўлса, Россия қўшини октябр ойи бошида Кремл томонидан аннексия қилиб олинган ва бир ой давомида Россия таркибида яшаётган област марказини тарк этмоқда. Тан олиш керакки, Украина област маркази билан қўшиб ҳисоблаганда Херсон областининг 23 фоиз ҳудуди устидангина назоратни қайтармоқда. Аннексия қилинган Херсон областининг катта ҳудуди дарёнинг чап соҳилида жойлашган. Бу томонда РФ қуролли кучларининг Украина жанубидаги энг асосий таъминот базалари жойлашган (уларнинг бир қисми Қримда).
Ҳарбий нуқтайи назардан вазият бироз мураккаброқ, чунки эндиликда Россия қўшини таъминотини осон амалга ошириш мумкин бўлган нисбатан қулайроқ позицияларни эгалламоқда.
Аммо бу ерда ҳам ўз «лекинлари» бор:
- Камида ёз охиригача Кремлнинг урушдаги мақсадларидан бири сифатида Одессанинг эгалланиши айтиб келинаётганди. Днепрнинг ўнг соҳилидан кетилгач, РФ қуролли кучлари бундай режадан воз кечишига тўғри келади (кенг кўламли қаршилик шароитида энди дарёдан яна кечиб ўтиш даргумон — бу қаршилик тўхташига эса умид қилмаса ҳам бўлади).
- Йирик сув тўсиғи ортига чекиниш (Днепр дарёсининг қуйи оқими, шунингдек Каховка сув омборида дарёнинг эни 700 метрдан айрим жойларда бир километргача етади) жанговар тайёр қўшинларнинг бир қисмини озод этади. Шу билан бирга, Украина қўмондонлиги ҳам Херсондаги ҳаракатлардан бўшаган кўп сонли кучларини фронтнинг бошқа участкаларига ўтказиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, РФ қуролли кучлари дарё бўйлаб янги тўлақонли мудофаа линияси ташкил этишига тўғри келади — етарли миқдордаги мудофаа кучларисиз ҳатто Днепр дарёси ҳам юриш қилиб келаётган кучлар учун ўтиб бўлмас тўсиқ бўла олмайди. Энди дарё бўйлаб мудофаа линияси қарийб икки баробарга узаяди — тахминан 170 километрга. Соҳил мудофааси учун иккинчи даражали қўшинлардан фойдаланиш эса хавфли бўлади.
- Украинлар артиллерияси ва баравар ўт очиш реактив тизимлари энди Россия қўшинларининг фронт ортидаги базаларига янада яқинлашади: масалан, эндиликда HIMARS тизимлари ракеталари Херсон областидаги вертолёт базасини (катта эҳтимол билан, базани ичкарироққа кўчиришади, бу эса Днепр бўйлаб ўтадиган мудофаа линияси мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди) ва ҳатто Қрим шимолидаги Армянск шаҳрини ҳам осонлик билан ўққа тутиши мумкин. Шу билан бирга, Қрим ҳудудининг катта қисми Украина армияси ихтиёридаги юқори аниқликда ҳаракатланувчи ракеталар ета олмайдиган масофада қолаверади.
- Россия қўмондонлиги учун алоҳида бош оғриғи эса — Нова Каховкадаги Каховка ГЭС тўғонидир. Агар Россиянинг барча бўлинмалари дарёнинг чап соҳилига чекинса, тўғоннинг бир қисми Украина қуролли кучлари назоратига ўтади. Россия қўмондонлиги тўғоннинг чап соҳилдаги қисми мудофаасини қандай ташкил этишни режалаштираётгани тўлиқ аниқ эмас. Агар бу ўтиш йўлини ишдан чиқариш учун кучли портлаш амалга оширилса, бу Каховка сув омборидаги сув тезлик билан чиқа бошлашига ва дарё ёқасидаги аҳоли яшаш манзиллари сув остида қолишига олиб келиши мумкин.
Россия қўмондонлиги чиндан ҳам барча қўшинларни Херсондан олиб чиқадими? Бу «ҳарбий найранг» эмасми?
Херсондан тинч аҳолининг бир қисми олиб кетилгач, назарий жиҳатдан ўнг соҳилдаги плацдарм Херсон ва Бериславдаги (Нова Каховка рўпарасида) «қалъалар» даражасига қисқарди.
Бундай режа қисман таъминот муаммосини ҳал этиши мумкин эди: агар фақат Днепр дарёсига яқин жойлашган кичик плацдармлар қолдирилса, шарқий соҳилдан таъминот етказиб берилиши учун энг талабгир бўлган «истеъмолчилар» — тинч аҳоли ва артиллерия қисмларини таъминот рўйхатидан ўчириш мумкин. Артиллерияни чап соҳилга жойлаштириш - бу орқали дарёнинг иккинчи соҳилида бир неча километрлик ҳудуддаги мудофаани қўллаб-қувватлаш мумкин. Бундан ташқари, «Херсон қалъаси мудофааси» асосий сиёсий муаммони ҳал этарди — «Россия субъекти»га айланган област маркази топширилганини изоҳлашга ҳожат қолмасди. Херсон «қалъа» бўлиши кераклиги ҳақида аввалроқ «областнинг қўғирчоқ ҳукумати раҳбари» Владимир Сальдо ҳам айтиб ўтганди.
Аммо бундай қарорнинг ўзи ҳарбий нуқтайи назардан «мураккаб»: украинларнинг стволли артиллерияси ўқлари остида дарё орқали таъминот амалга ошириш, агар мумкин бўлса ҳам, янада қийинлашади.
Шу вақтгача Россия қўмондонлиги нормал таъминот имкони бўлмаган ҳудудларда қамал ҳолатидаги «қалъа»да охиригача курашишни эмас, қўшинларни тўлиқ эвакуация қилишни афзал кўрган — баҳорда Киев атрофидан ҳам, ёзда Илонли оролдан ҳам, сентябр ойида Харкив области шимолидан ҳам.