Ўзбекистон | 09:33 / 11.11.2022
4085
2 дақиқада ўқилади

Солиқ тўловчиларга айрим қарорлар устидан тўғридан тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи бериляпти

"Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Фармон билан давлат томонидан тадбиркорликни тартибга солиш чекланган воситалари белгиланди. Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш воситалари фақат норматив-ҳуқуқий ва техник норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади. Бундай ҳужжатларда белгиланмаган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

2023 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади: тадбиркорлар устав фондини камайтиришга оид қарор тўғрисида кредиторларни ёзма хабардор қилиш ва ОАВда эълон бериш; янги импорт автомобилларини фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчилар расмий дилерлари томонидан сотиш; электрни шартномадаги ҳажмдан кўп ишлатган юридик шахсларга электр етказиб беришни тўхтатиб қўйиш; ЯТТ томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали солиқ органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.

2023 йил 1 мартдан: солиқ тўловчиларга сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қарорлар устидан тўғридан тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади; барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади; ҳукумат қарорлари билан амалга ошириладиган суммаси БҲМ 3 500 баравари ва ундан кўп давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди; вазирлик, идора, муассаса ва унинг таркибидаги ташкилот ўртасида қиймати БҲМ 3 500 баравари ва ундан кўп товарлар тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид