Украина Херсон устидан назоратни қайтарганини эълон қилди
Украина Мудофаа вазирлиги Херсонда қолган россиялик ҳарбий хизматчиларни уларнинг хавфсизлиги ва алмашиш имкониятини кафолатлаб, таслим бўлишга чақирди.
Украина Херсон устидан назоратни қайтариб олганини эълон қилди. «Херсон Украина назорати остига қайтмоқда, Украина Қуролли кучлари бўлинмалари шаҳарга кириб бормоқда», — дея маълум қилди 11 ноябрь, жума куни мамлакат мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (БРБ).
Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги «Россия армияси қўмондонлиги томонидан Херсонда ташлаб кетилган россиялик ҳарбий хизматчиларга мурожаат» билан чиқди. «Қўмондонларингиз сизни фуқаролик кийимига ўтишга ва Херсондан қочишга ҳаракат қилишга ундамоқда. Муваффақиятга эриша олмайсиз», дейилади ҳужжатда, шунингдек, русларнинг чекиниш йўллари Украина Қуролли кучлари назорати остида эканлиги ҳам таъкидланган.
Шаҳарда қолган рус ҳарбий хизматчилари уларга хавфсизлик, ҳаёт ва кейинчалик алмашиш имкониятини ваъда қилиб, таслим бўлишга чақирилди. «Украина Қуролли кучларига қаршилик кўрсатишга қаратилган ҳар қандай уринишлар тўхтатилади. Қаршилик кўрсатган ҳар бир россиялик ҳарбий йўқ қилинади. Сизда ўлимдан қочиш учун ягона имконият бор - дарҳол таслим бўлиш», - дейилади Украина Мудофаа вазирлиги баёнотида. Русларга Женева конвенцияларига риоя қилиш, шунингдек, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам кўрсатиш кафолатланган.
Ўз навбатида, Херсон вилоят кенгаши депутати Сергей Хлан шаҳар «амалда Украина Қуролли кучлари назорати остида экани, тозалаш ўтказилиши кераклигини» айтди. У Херсон аҳолисини тозалаш даврида уйда қолиш яхшироқ бўлишидан огоҳлантирди. Бундан ташқари, Хлан рус қўшинлари кетишдан олдин Херсон иссиқлик электр станцияси, облэнерго тарқатиш станцияси ва телеминорани портлатганини тасдиқлади. Депутатнинг сўзларига кўра, ҳозир шаҳарда алоқа йўқ, фақат жойларда заиф мобил интернет пайдо бўлмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Украина Қуролли кучларининг Херсонга кириши ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган эди. Украинанинг Telegram-каналларида Украина Қуролли кучлари шаҳар ғарбий қисмида жойлашган Херсоннинг Шумен микрорайонида жойлашгани ҳақидаги маълумотлар акс этган фотосуратлар чоп этилди. Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан олинган кадрларда Херсон аҳолиси украиналик ҳарбий хизматчилар билан учрашиш учун шаҳар марказига бораётганини кўриш мумкин.
Украинага кенг кўламли босқиннинг бошиданоқ рус қўшинлари Херсон вилоятига кириб, унинг деярли барча ҳудудини аста-секин эгаллаб олишни бошладилар. Украина март ойи бошида Херсон устидан назоратни йўқотди. Шундан сўнг россияликлар оккупацион «маъмурияти»ни тузди, маҳаллий аҳолини, жумладан сиёсатчилар, журналистлар ва фаолларни ўғирлаб кетишди, шунингдек, рус рублларини муомалага киритишга ҳаракат қилишди.
Сентябрь ойи охирида, «референдум» деб аталган жараёндан сўнг, Москва Херсон, шунингдек, Донецк, Луҳанск ва Запорижжя вилоятларини аннексия қилганини эълон қилди. Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми фонида рус қўшинлари Днипронинг чап қирғоғига чекинишга мажбур бўлишди.
Мавзуга оид
22:12
Ҳэппи энд бўлмайди: уруш тугаши бўйича сценарийлар
21:02
Украина биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталари билан Россия ҳудудига зарба берди — ОАВ
20:34
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:24