Қадим тарихимиздан маълумки, халқаро муносабатлар қадимдан инсоният ижтимоий, маданий ва маънавий ривожининг муҳим омили сифатида шаклланиб, ривожланиб келган. Дарҳақиқат, ҳар бир мамлакат тараққиёти ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва яхши қўшничилик муҳитининг сақланишига узвий боғлиқ. Шу боис юртимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш масалалари давлат сиёсати устувор йўналишлари сифатида диққат марказида бўлиб келмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда республикамизда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва этник гуруҳлар маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш тамойилларига асосан фаолият олиб бораётган Республика байналминал маданияти маркази, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маънавий алоқалар жамиятлари кенгаши, миллий-маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фаолиятига катта аҳамият қаратилмоқда. Мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг биргаликда, аҳил ва ҳамжиҳатликдаги ўзаро муносабатлари таъсирида кўпмиллатли халқимизнинг турмуш тарзи ҳам янада юксалмоқда.

Албатта, бу йўналишда оқилона, прагматик сиёсат юритаётган муҳтарам Президентимиз мамлакатимизнинг узоқ муддатли ва изчил тараққиёти Марказий Осиёдаги барқарорлик ва фаровонлик билан чамбарчас боғлиқлигини чуқур англаб, яхши қўшничилик ва минтақавий шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳал этилишининг ўзи бир катта муаммо бўлиб қолаётган кўплаб оғриқли масалалар қисқа даврларда ўз ечимини топди. Хусусан, минтақанинг бир қатор давлатлари учун визасиз режим жорий қилинди, барча ўтказиш пунктлари очилди. Авиапарвозлар ва қуруқлик орқали ташувлар тикланди ва сони кўпайтирилди. Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида товар айланмаси 10 баробар ўсди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва юқори савиядаги музокараларда фаоллиги туфайли “Дунёга очиқлик сиёсати”га содиқ қолаётган Янги Ўзбекистоннинг янги ҳамкорлари, хайрихоҳлари ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг халқаро ташрифлари натижасида мамлакатимиз хориж давлатлари билан фаол дипломатик муносабатларни йўлга қўйди. Хусусан, бир қатор йирик давлатлар билан муносабатимиз стратегик шериклик даражасигача кўтарилди. Айниқса, Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи, қадимдан яқин дўст, аҳил қўшни, қуда-андачилик ришталари билан узвий боғланган ҳамда стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар йўлида бирлашган ўзбек ва туркман халқлари учун бирдай манфаатли бўлди десак, адашмаймиз. Ушбу ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларга мутлақо янги тус берувчи стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланди. Бундан ташқари, илмий ва академик алмашувлар, инновациялар соҳасидаги дастурлар, туризм соҳасидаги лойиҳалар илгари сурилмоқдаки, бунинг натижасида дини бир, тили, маданияти ва анъаналари муштарак икки халқ ўртасида маданий-гуманитар алоқалар янада кенгайишига замин яратилди.