Ўзбекистон | 19:01 / 14.11.2022
46520
7 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара битими тафсилотларини маълум қилди

14 ноябр куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари юзасидан ахборот берди.

Ҳукумат раҳбарининг маълум қилишича, қўшни Қирғизистон билан келишилмай қолган 35 участка – жами 302 км чегаралар бўйича якуний келишувга эришилган. Битим устида 5 йилдан ошиқ вақт давомида ишланиб, якуний тўхтамга келинган.

Унга кўра, қуйидагича ерлар алмашинуви таклиф қилинмоқда:

– Қирғизистон ҳудудидаги Андижон сув омборининг ҳудуди 4 минг 957 гектарни ташкил қилади. Ўзбекистон сув омбори ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Ошахўр участкасидан 1 минг 19 гектар яйлов ер майдони беришни таклиф этмоқда;

Шунингдек, сув омбор ва тўғонга хизмат кўрсатиш учун яна 19 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтказиляпти. Сув омборидан қирғизистонликлар ҳам айрим мақсадларда фойдаланишига рухсат берилади.

«Андижон сув омбори қурилган СССР даврида Ўзбекистон чап қирғоқдан 200 километрдан узунроқ канал қуриш мажбуриятини олган эди. Лекин у қурилмай қолиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон тарафи Бурганди массивида 8 минг гектардан ортиқ ерларни ўзлаштирмай қолган.

Ушбу ерларни компенсация қилиш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги «Ғовасой» участкасидан 12 минг 709 гектар яйлов майдонларини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф қилиняпти», дея Абдулла Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

– Наманаган вилояти Косонсой ва Чуст туманлари учун асосий суғориш манбаси бўлган Косонсой сув омбори Қирғизистон ҳудудидаги 850 гектар майдонда жойлашган. Сув омбори тўлиқ Ўзбекистон эҳтиёжлари учун ишлатилиб келинади. Шу сабабли Қирғизистонга Наманган вилояти ҳудудидан 477 гектар ер майдони компенсация сифатида ажратиш таклиф қилинмоқда. Бундан, Чуст туманидан ажратиши таклиф қилинган 105 гектар ер майдони Қирғизистон фуқаролари истиқомат қилиб келган, баҳсли Қорақўрғон массиви ҳисобланади.

– Демаркация жараёнида тартибга солиниши талаб этилаётган 10 та участка бўйича Қирғизистон тарафидан Ўзбекистонга 429 гектар ер майдони олинмоқда. Бунинг ўрнига Ўзбекистон водий вилоятлари ҳудудидан 294 гектар майдонни бериш бўйича келишувга эришган.

Бош вазирга кўра, Сўх тумани бўйича ҳам алоҳида келишувга эришилди. Хусусан, Чашма булоғидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳамда икки мамлакат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳукуматлар ўртасида алоҳида келишув имзоланади.

Абдулла Арипов ушбу келишув имзоланиши натижасида чегара масаласида баҳсли низолар тўлиқ ўз ечимини топишини, шунингдек, чегаралар дахлсизлиги таъминланиб, чегара ҳудудларда қонли тўқнашувлар келиб чиқишининг олди олинишини таъкидлади.

«Кескинликка барҳам берилиши қардош халқлар алоқаларини тиклайди, сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича узоқ муддатли минтақавий битим имзоланишига эришилади. Шунингдек, 8 мингга яқин фермерлар барқарор сув таъминотига эга бўлишади.

Транспорт-коммуникация муаммолари ҳал бўлади ва ер ажратиш бўйича собиқ иттифоқдан бизга мерос бўлиб қолган мажбуриятлар тўлиқ бажарилади», дейди ҳукумат раҳбари.

Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев икки томондан ер майдонларини алмашиш масаласида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ сўради.

Ариповга кўра, 5 минг гектарга яқин сув омбор учун Ўзбекистон тарафи ҳозир 1 минг гектар ер бермоқда. Қолган 4 минг гектардан ортиқ ер майдонлари эса собиқ иттифоқ даврида (1970-йилларда) Ўзбекистон томонидан компенсация сифатида берилган.

«Архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон томонидан 200 километрдан ортиқ Кампиробод чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олинган. Афсуски, ҳар хил сабаблар билан ушбу канал қурилмай қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмагани сабабли, катта миқдордаги 8 мингдан 18 минг гектаргача бўлган ер майдонлари ўзлаштирилмасдан қолгани Қирғизистон томонидан узоқ йиллар давомида таъкидлаб келинган.

Агар Андижон сув омборидан Қирғизистоннинг Боткен вилоятигача ушбу канал ва қўшимча гидротехник иншоотларни қуриб берадиган бўлсак, республикамиз бюджетидан кўп маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктларини кўчиришга мажбур бўламиз.

Энг ачинарлиси, 2 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонларини йўқотишимиз мумкин эди. Шу боис, Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги «Ғовасой» участкасидаги тоғли ҳудуддан 12 минг 700 гектар атрофида яйлов ер майдони компенсация тарзида берилиши таклиф этилмоқда.

Наманган вилоятидан сайланган депутатларимизнинг хабари бор, таклиф этилаётган «Ғовасой» участкасининг 6 минг гектари баҳсли ҳудуд бўлиб, амалда Қирғизистон фуқаролари томонидан фойдаланиб келинмоқда. Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 8 минг гектардан ортиқ ўзлаштирилмаган қишлоқ хўжалиги ер майдони учун 12 минг 700 гектар яйлов майдонини таклиф қиляпмиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда амалиётда чегара бўйича муҳокамаларда ўртача бир гектар экин ери учун 2,5 баробар кўп яйлов ери бериш қўллаб келинмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида 19,5 минг гектар эмас, балки 13 минг 719 гектар яйлов ер майдонларини компенсация тариқасида Қирғизистон томонига ажратилиши назарда тутилмоқда (4 минг 127 гектари олдин берилган)», деган бош вазир.

Бош вазир битимни икки томонлама ратификация жараёнлари якунлангач, ҳар бир келишилган ҳудуд бўйича алоҳида ишлар олиб борилишини маълум қилди.

«Майдонлар ўртасидаги тафовут Ўзбекистон ўз зиммасига аввал олган мажбуриятлари ҳисобига юзага келган. Биз бу тафовутни пулга ҳам чақиб кўрдик, лекин моддий нуқтаи назардан қийин рақамлар чиқиб кетяпти.

Делимитация ва демаркация жараёнларидан кейин чегаранинг ўз ҳимоя ҳудудлари ташкил қилиниши керак бўлади. Бизнинг дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, тахминан 130 та хонадонни кўчириш мўлжалланган. Уларга 50 миллиард сўм атрофида компенсация ажратиш режа қилинган. Улар хоҳласа пул олади ёки тайёр уй олади, бирор одам норози бўлмайди. Бу президентнинг шахсий назоратида», деган Арипов. 

Депутатлар иккала қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилди, қонунлар сенатга юборилади.

Мавзуга оид