Эронда норозилик намойишларида иштирок этган фуқаро ўлимга ҳукм қилинди
Эрон суди мамлакатда бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчисига биринчи ўлим ҳукмини чиқарди. Яна беш нафар намойишчи қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Теҳрон суди мамлакатда 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланган намойишлар иштирокчиларидан бирини ўлим жазосига ҳукм қилди. 13 ноябрь, якшанба куни Эроннинг Misan Online суд порталига таяниб, AFP ахборот агентлигининг ёзишича, бу жазо сентябр ойи ўрталаридан бери давом этаётган намойишлар иштирокчиларига нисбатан чиқарилган биринчи шундай ҳукм бўлди.
Порталда маҳкумнинг шахси ва жинсини аниқлашга оид тафсилотлар келтирилмаган, бироқ у ҳукумат биносига ўт қўйиш, жамоат тартибини бузиш ва «миллий хавфсизликка рахна солиш»да айбдор деб топилгани кўрсатилган. Бундан ташқари, у «коррупция» ва «моҳареб»да айбланган. Иккинчиси Эрон қонунчилигига кўра ўта оғир жиноят сифатида таснифланади ва қўшимча айбловларсиз ҳам ўлим билан жазоланиши мумкин.
Шу билан бирга, Теҳрондаги яна бир суд мажлисида яна беш нафар намойишчи турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди – улар «миллий хавфсизликка қарши жиноятлар содир этишга тил бириктириш» ва «жамоат тартибини бузиш»да айбланди. Айбланувчилар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинди, улар апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Теҳрон ва Берлин аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольцнинг Эрон расмийларининг намойишчиларга муносабати ҳақидаги баёнотлари туфайли номақбул изоҳлар алмашди. «Агар у ўз фуқароларига қарата ўқ узса, бу қандай ҳукумат? Кимки шундай иш тутса, бизнинг қаршилигимиз билан ҳисоблашиши керак», деди Германия раҳбари 12 ноябрь куни ўзининг видеоподкастида.
Шу билан бирга, Шольц Европа Иттифоқи давлатларини Россия томонидан Украинага қарши бошланган урушда Россияга қурол етказиб бергани учун Эрон режимига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Берлиндаги вакили бу баёнотларни «аралашувчи, провокацион ва унчалик дипломатик эмас» деб атади, шунингдек, «тарихий алоқаларнинг йўқ қилиниши» туфайли «узоқ муддатли оқибатлар» ҳақида огоҳлантирди.
Эронда ҳукуматга қарши намойишлар сентябр ойи ўрталарида Теҳронда полиция томонидан ҳибсга олинган ва бир неча кундан кейин вафот этган 22 ёшли курд қизнинг ўлимидан сўнг бошланган эди. Полициянинг таъкидлашича, қиз участкада ўзини ёмон ҳис қилган, у ердан касалхонага олиб кетилган ва тез орада вафот этган. Яқинларининг сўзларига кўра, ўлимга ҳибсхонадаги калтаклар сабаб бўлган.
Мамлакатнинг юзга яқин шаҳрида бўлиб ўтаётган тинимсиз митинглар муносабати билан октябр ойи охири ҳолатига кўра, биргина Теҳроннинг ўзида 315 киши жиноий жавобгарликка тортилган – улар «ҳукуматга қарши ташвиқот», «жамоат тартибини бузиш», «мамлакат хавфсизлигига путур етказиш мақсадида йиғилиш ва тил бириктириш»да айбланмоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқ фаоллари Эронда намойишчиларнинг ўғирлаб кетилгани, шунингдек, уларнинг яқинларига босим ўтказилаётгани ҳақида хабар беришган.
Айрим «исёнчилар», жумладан, мамлакат хавфсизлигига путур етказиш ва тузумга қарши чиқиш мақсадида ноқонуний қурол олиб юриш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига жароҳат етказиш, жамоат ва давлат мулкини йўқ қилиш, ўт қўйишда айбланмоқда.
Мавзуга оид
23:14 / 19.11.2024
Эрон уранни бойитишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди — ОАВ
21:44 / 19.11.2024
Канадада собиқ адлия вазирига суиқасднинг олди олинди
19:09 / 19.11.2024
Трамп Москва ва Теҳроннинг иттифоқини парчалай оладими?
11:54 / 19.11.2024