Жаҳон | 17:05 / 14.11.2022
5759
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Эронга қарши янги санкциялар киритяпти

Европа Иттифоқи давлатлари инсон ҳуқуқлари бузилгани учун Эронга қарши янги санкциялар жорий этишга келишиб олди. Dpa агентлиги маълумотларига кўра, санкциялар рўйхатига 30 дан ортиқ шахс ва ташкилотлар киритилган.

Фото: AP

Эронда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши туфайли Европа Иттифоқи Теҳронга қарши янги санкциялар жорий этишга қарор қилди. 14 ноябрь, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқининг 27 давлати ташқи ишлар вазирлари бир овоздан Эрондаги қонунбузарликлар учун жавобгар шахслар ва ташкилотларга нисбатан жазо чораларини кўришга қарор қилишди, бир қанча дипломатлар буни dpa агентлигига тасдиқлади.

Европа Иттифоқига киришни тақиқлаш ва активларни музлатиш 31 киши ва ташкилотга, жумладан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбариятига таъсир қилади. 

Брюссел Эронда 22 ёшли курд аёл Маҳса Аминий ўлими ортидан бошланган намойишлар бостирилиши фонида янги санкциялар жорий қилмоқда. У 13 сентябрь куни полиция томонидан ҳибсга олинган ва уч кундан кейин вафот этган. Полициянинг таъкидлашича, Маҳса Аминий полиция участкасида ўзини ёмон ҳис қилган, у ердан касалхонага олиб кетилган ва тез орада вафот этган. Яқинларининг сўзларига кўра, ўлимга ҳибсхонадаги калтаклар сабаб бўлган. 

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳозиргача мамлакат бўйлаб қиз ўлимидан кейин бўлиб ўтган намойишларнинг 15 мингга яқин иштирокчиси ҳибсга олинган. Америка инсон ҳуқуқлари ташкилоти - Human Rights Activists News Agency (HRANA) маълумотларига кўра, намойишлар чоғида камида 330 киши ҳалок бўлган. Намойишчилардан бири суд томонидан ўлим жазосига, яна беш нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Европа Иттифоқи Эрондаги воқеалар муносабати билан биринчи санкциялар пакетини октябрь ойи ўрталарида қабул қилган эди. У Эрон полициясига ва ўндан ортиқ бошқа шахслар ва ташкилотларга қарши қаратилган эди.

Инсон ҳуқуқларини бузганлик учун санкциялардан ташқари, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлагани учун ҳам Эронга санкциялар киритди. Хусусан, Shahed Aviation Industries ва учта юқори мартабали ҳарбий жазога тортилди. ЕИ маълумотларига кўра, улар Россия армияси томонидан Украинага қарши урушда фойдаланиладиган жанговар дронларни ишлаб чиқиш ва Россияга етказиб бериш билан шуғулланади.

Мавзуга оид