Жаҳон | 22:47 / 15.11.2022
11495
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг ракета зарбаларини қоралади ва Украинага ҳарбий ёрдам беришда давом этади

Қўшма Штатлар қанча вақт керак бўлса, шунча вақт Украинага ёрдам беришини таъкидлади.

Фото: Reuters

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади.

«Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага қарши сўнгги ракета зарбаларини кескин қоралайди, бу ҳужумлар Киевдаги турар жой бинолари ва бутун мамлакат бўйлаб бошқа иншоотларга зарар етказган.

Бали оролидаги G20 саммитида дунё етакчилари йиғилиб, одамларнинг ҳаёти учун катта аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилганда, Россия бу ҳаётга таҳдид солаётгани ва Украинанинг муҳим инфратузилмасини вайрон қилаётгани эътиборимиздан четда қолмади.

Қўшма Штатлар ва иттифоқчилар Украинани ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарса, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашда давом этади. Биз Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлаймиз», деди у брифингда.

15 ноябр куни Россия томонидан Украина шаҳарлари бўйлаб оммавий ракета зарбалари берилди. Оқибатда, турар жой бинолари, муҳим инфратузилма объектларига жиддий зарар етказилди. Қурбонлар сони маълум қилинмади. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан 100 га яқин ракета учирилгани ва бу сўнгги ойлардаги энг юқори кўрсаткич бўлганини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид