Жаҳон | 07:31 / 15.11.2022
5970
5 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россия ва Украинага нисбатан сиёсат ҳақида қарор қабул қилди

ЕИ Россияга қарши санкцияларни қўллашда давом этади, ғалаба қозонилгунга қадар Украинани қўллаб-қувватлаш эса Брюссел учун устувор вазифа бўлади. ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари шундай қарорга келишди.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Украинани ғалаба қозонгунча бир овоздан қўллаб-қувватлайди. Украинани қўллаб-қувватлаш Европа Иттифоқининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу ҳақда 14 ноябрь, душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг тўққиз соатлик учрашуви якунлари бўйича Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди. Шу билан бирга, украиналикларнинг ўзлари ўз мезонларидан келиб чиқиб, улар учун ғалаба нимани англатишини ҳал қилади, деди у.

Европа Иттифоқи аъзолари Россияга нисбатан ҳам келажакдаги сиёсати ҳақида қарор қабул қилди. «Биз Россияни халқаро майдонда изоляция қилишда давом этамиз. Россия иқтисодиётига қарши жазо чораларини жорий этишда давом этамиз. Биз Россиянинг Украинага қарши агрессиясида иштирок этган учинчи давлатларга нисбатан санкцияларни кучайтиришга тайёрмиз. Айниқса, Россияни қурол-яроғ ва ҳарбий ёрдам билан таъминловчи давлатларга. Булар - Эрон ва Беларус», - деди Боррел. Айни пайтда, Россияга қарши янги, тўққизинчи санкциялар пакети аллақачон ишлаб чиқиш босқичида.

Европа Иттифоқи бош дипломатининг таъкидлашича, санкциялар Россия иқтисодиётини, Россиянинг янги технологияларга эга бўлиш ва армиясининг моддий қисмини янгилаш қобилиятини заифлаштиради, «айниқса, унинг жанг майдонида катта йўқотишларини ҳисобга олган ҳолда». Херсонда рус қўшинларининг чекиниши рус армияси катта мағлубиятга учраганини кўрсатади, деди у. Боррел Херсоннинг озод этилишини урушдаги бурилиш нуқтаси деб атади.

Боррелл Европа Иттифоқида Украина ҳарбийлари учун янги ўқув дастури бошланганини эълон қилди. Киев уни яратишни бир неча ой олдин сўраган. Бундан ташқари, ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украинага янги ҳарбий ёрдам миқдорини муҳокама қилишди, бироқ бу борадаги якуний қарор 15 ноябрь, сешанба куни ЕИга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашида қабул қилинади.

Европа ташқи сиёсат идораси ҳисоб-китобларига кўра, шу пайтгача Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Украинага камида 8 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бу Қўшма Штатлар Киевга берган нарсанинг 45 фоизини ташкил этади, деди Боррел.

Херсон озод этилгандан сўнг, «Украинага қанча кўп қурол берсак, бу уруш шунчалик тез тугаши» маълум бўлди», — деди Литва ташқи ишлар вазири Габриелиус Ландсбергис. Гап Европа хавфсизлиги ҳақида кетмоқда, деди у ҳамкасблари билан учрашишдан олдин.

«Путин Украинани забт эта олмайди, у Украина армиясини мағлуб эта олмайди. Шунинг учун у ҳарбий муваффақиятсизликларни Украинадаги тинч аҳоли азоблари билан қоплашга ҳаракат қилмоқда, айниқса ҳозир, қиш арафасида», - деди Жозеп Боррел. Украинанинг энергетика инфратузилмасини тиклаш катта саъй-ҳаракатларни талаб қилади, бу энди Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари томонидан амалга оширилмоқда, деди ЕИ дипломатияси раҳбари.

Айрим вазирлар Украинадаги гуманитар фалокатнинг олдини олиш ҳақида гапирди. «Украинага бу қишда ёрдам нафақат кўрсатилиши, балки кенгайтирилиши керак. Биз барча украиналикларни озод қилиш учун Украина томонидамиз ва украиналикларни озодлик учун курашда қўллаб-қувватлашда давом этамиз», деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Брюсселда. Украинага Европа Иттифоқининг 18 миллиард евродан ортиқ миқдорда макромолиявий ёрдамини кўрсатиш тўғрисидаги қарор яқин бир неча соат ичида қабул қилинади.

Ташқи ишлар вазирлари Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар учун махсус трибунал яратиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. «Биз Украинадаги босқинчилик жиноятлари бўйича махсус трибунал яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи давлатлар ядросини яратиш учун қўлимиздан келганини қиламиз», деди Литва вазири Ландсбергис. Бу давлатлар орасида Руминия ҳам бор, унинг ташқи ишлар вазири ҳозирда ЕИда ҳам худди шундай трибунал яратиш учун ҳуқуқий асос қидираётганликларини тушунтирди.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи давлатларининг барча вакиллари Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар тергов қилиниши керак ва жазосиз қолиши мумкин эмас, деган фикрда. Улар, шунингдек, Украина Россия билан музокараларни қачон бошлаш ва қандай шароитда тинчлик ўрнатишни ўзи ҳал қилишда эркин деган хулосага келди.

Мавзуга оид