Ўзбекистон | 18:41 / 16.11.2022
9221
4 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Ўзбекистоннинг асосий мақсади – «яшил» иқтисодиёт тамойиллари орқали тараққиётга эришиш»

Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (СОР-27) конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Тадбир иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга оид мавжуд илмий далиллар ва воситаларни баҳолаш бўйича илғор тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилади.

Конференция 1995 йилдан бери ўтказилмоқда. Жорий йилда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришни амалга ошириш масалалари кўриб чиқиляпти.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

Сенат раиси конференцияда нутқ сўзлаб, Марказий Осиёда ҳам яққол кузатилаётган иқлим ўзгариши муаммосига биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қарши туриш мумкинлигини таъкидлади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

«Ўзбекистоннинг асосий мақсади – амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларга «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришиш. Бу йўналишда иқтисодиётнинг барча секторларида углероддан камроқ фойдаланишга ўтиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш устувор йўналиш ҳисобланади», – деди Норбоева.

Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ЯИМ бирлигига иссиқхона газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. Бу мақсадга эришиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш бошланди.

2026 йилга келиб «яшил» энергетика улушини 8 минг МВт.га етказиш режалаштириляпти, бу эса карбонат ангидрид гази чиқаришни 5 млн тоннага камайтириш имконини беради. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш режалаштирилган.

Ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута экишни назарда тутувчи «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кўп жиҳатдан республикада иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ва уларга мослашишга хизмат қилади. Лойиҳа йилига 200 млн туп дарахт ва буталарни экишни назарда тутади. Натижада беш йилдан сўнг шаҳарлардаги кўкаламзор майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошади.

Мамлакатда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида сувни тежовчи технологияларни жорий этган ҳолда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистон Орол денгизи инқирози билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича қатъий чоралар кўрмоқда. Сўнгги беш йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 млн гектардан ортиқ ўрмон плантациялари барпо этилган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 млн гектаргача ёки ҳудуднинг қарийб 80 фоизини ташкил этади. БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинди.

Сенати раиси Танзила Норбоева ўз нутқида мамлакатимиз халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини ҳамда Минтақавий иқлим кенгашини ташкил этишни таклиф қилаётганини таъкидлади. Бу иқлимга мослашиш бўйича лойиҳаларни тарғиб қилишда, чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашишда, сувни тежовчи технологияларни жорий этишда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш имконини беради.

Кейинги йилда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича БМТ иккита йирик тадбирини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид