Жаҳон | 17:27 / 17.11.2022
7653
2 дақиқада ўқилади

Алоқа гуруҳи Киевга янги қуроллар етказиб берилишини эълон қилди

Олти давлат Украинани қўшимча артиллерия ва танкка қарши қуроллар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, қишки техника билан таъминлайди.

Фото: Reuters

17 ноябрь, чоршанба куни кечқурун онлайн тарзда якунланган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг («Рамштайн» формати) бир қатор аъзо давлатлари Киевга янги қурол етказиб беришини эълон қилди. «Германия ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун зарур бўлган зенит қуроллари, артиллерия ва ўқ-дориларни етказиб беришни давом эттиради. Греция 155 миллиметрлик артиллерия снарядларини топширишини эълон қилди», - деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.

Канада, ўз навбатида, Киевга 34 миллион доллар миқдорида ёрдам беради. Хусусан, гап ҳарбийлар учун қишки жиҳозлар, дронлар учун камералар, сунъий йўлдош тасвирлари ҳақида бормоқда. Қайд этилишича, Канада «қишки жиҳозларнинг энг йирик донорларидан бири бўлиб қолмоқда». 

Швеция Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан бирга 287 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам беради. Испания иккита қўшимча Hawk зенит-ракета комплекси ва уларга ракеталарини топширади. Бундан ташқари, Полша қўшимча артиллерия ва танкка қарши қуроллар, шунингдек, қисқа масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга ваъда берди.

«Ушбу ёрдамнинг барчаси муҳим аҳамиятга эга бўлади, худди алоқа гуруҳи ёрдамида хавфсизлик ёрдамимизни мувофиқлаштириш каби», - дея хулоса қилди Пентагон раҳбари. 

Мавзуга оид