Жаҳон | 07:26 / 17.11.2022
9746
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Полшага Россия ракетаси қулаганига ишонч билдирди

Украина президенти Володимир Зеленский Полшага Украинанинг эмас, балки Россиянинг ракетаси қулаганига ишонч билдирди. 

Фото: president.gov.ua

Украина раҳбари бу позицияни мамлакат оммавий ахборот воситалари учун ўтказган матбуот анжуманида билдирди

«Шахсан ўзим тақдим этилган кечки ҳисоботга шубҳа қилмайман – Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчукдан тортиб Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийгача. Ишончим комилки, бу бизнинг ракета ёки бизнинг ракета зарбамиз эмас эди. Уларга (ҳарбийларга) ишонмасликдан маъно йўқ. Мен улар билан бутун бир урушни бошдан кечирдим», — деди Зеленский. 

«Менда жуда оддий позиция бор: Украинага ўз ўрнини эгаллашга имкон бериш мумкинми?» – деб сўради Украина раҳбари. «Менимча, бунга ҳаққимиз бор», — дея қўшимча қилди у.

Қўшма Штатлар ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Полшада икки кишининг ҳаётига зомин бўлган портлаш бўйича суриштирув ишларига ёрдам беради, бироқ дастлабки маълумотларга кўра, унга сабаб бўлган ракета Россиядан учирилган бўлиши мумкин эмас, деб маълум қилди АҚШ президенти Жо Байден. 

Ракета Россия ҳудудидан учирилган деб айтишга ҳали эртами, деган саволга Байден шундай жавоб берди: «Буни инкор этувчи дастлабки маълумотлар бор. Тўлиқ текширмагунимизча бу ҳақда гапиришни истамайман, лекин траектория нуқтайи назаридан, у Россиядан учирилгани даргумон». АҚШ ва НАТО давлатлари қандайдир ҳаракат қилишдан олдин тўлиқ суриштирув ўтказади, дея қўшимча қилди у.

Байден G7 давлатлари ва НАТО етакчилари билан фавқулодда йиғилиш ўтказди ҳамда Полшанинг Украина билан чегарадош Пшеводув қишлоғида содир бўлган воқеани муҳокама қилди. У ерда, Полша Ташқи ишлар вазирлиги ва Украина расмийларига кўра, Россияда ишлаб чиқарилган ракета қулаган.

Мавзуга оид