Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Россиянинг Украинадаги уруши Европа учун ҳам, Марказий Осиё учун ҳам глобал оқибатларни келтириб чиқаради» – Жозеп Боррел
17 ноябр куни Европа Иттифоқи–Марказий Осиё вазирлар учрашувидан сўнг ОАВ вакиллари билан учрашган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Россия-Украина уруши, Афғонистон ва ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтди.
«Марказий Осиёнинг геосиёсий аҳамияти йилдан йилга ошиб бормоқда. Бизнинг охирги учрашувимиздан бери вазият ёмон томонга ўзгарди. Хусусан, Россия томонидан Украинада бошланган уруш Европа Иттифоқи учун ҳам, Марказий Осиё учун ҳам глобал оқибатларни келтириб чиқаради. Иккала минтақа ҳам буни бевосита ўзида ҳис қилмоқда.
Агар биз иқлим, наркотрафик, жиноятчилик ва бошқа муаммоларимизни самарали ҳал қилмоқчи бўлсак, кўпроқ ҳамкорлик қилишимиз керак бўлади.
Россия-Украина уруши эса халқаро ҳуқуқ нормалари ва бу ҳамкорликнинг бузилишидир. Биз қийин вазиятда кўпроқ ва яхшироқ ҳамкорлик қилишимиз керак ва бугун шуни муҳокама қилдик», – дея Боррелнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Европа ташқи сиёсат идораси раҳбари, шунингдек Афғонистон ва бошқа масалаларда Марказий Осиё давлатларини қўллашда давом этиши, ҳамкорликни кучайтиришга уларда хоҳиш борлигини билдирди.
«Афғонистон бугун газеталарнинг бош саҳифасидан тушди. Расмий Кобул қулагач, «Толибон» сиёсий ўзгаришларни давом эттириш ва халқаро ҳамжамиятнинг талабларини бажаришдан бош тортиб келмоқда. Бу уларнинг халқаро имижига негатив таъсир қилмоқда.
Охирги тўрт йилда афғонистонликларга 400 миллион евро бердик, ҳукуматга эмас. Биз Марказий Осиё давлатларини ўз чегараларини мустаҳкамлаш ишларида ва информацион таҳдидларга қарши қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Ҳамкорликни чуқурроқ ва яқинроқ олиб борамиз.
Марказий Осиё мамлакатларига киритилган инвестицияларнинг 40 фоизи Европа Иттифоқи давлатларига тўғри келади. Шунинг учун биз энг яхши савдо ҳамкори ҳам ҳисобланамиз. Бизда ҳамкорлик учун хоҳиш ва қизиқиш бор», – дейди Жозеп Боррел.
У шунингдек, Қора денгизда «Ғалла битими» қайта тиклангани яхши янгилик бўлганини қайд этди.
«Биз бундан хурсандмиз. Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳеч қачон қурол сифатида ишлатилмаслиги керак. Бунинг учун БМТ ва Туркияга катта миннатдорчилик билдирамиз», – деган Боррел Самарқандда журналистлар билан учрашувда.