Сеул ва Токио: Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракетани учирди
Япония Мудофаа вазирлиги раҳбари КХДР ракетасининг масофаси АҚШга етиб бориш имконини беришини айтди. Ракета Хоккайдо ғарбига қулаган. Жанубий Корея Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди.
Шимолий Корея яна Япон денгизи томон ракета учирди, деб хабар қилди Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси 18 ноябрь, жума куни. Унинг маълумотига кўра, ракетанинг учиш масофаси бир неча минг километрни ташкил қилади. Жанубий Корея ва Япония расмийлари КХДР қитъалараро баллистик ракетани учиргани ҳақида маълум қилди.
Япония бош вазири Фумио Кисида Шимолий Кореянинг хатти-ҳаракатларини «мутлақо қабул қилиб бўлмайди» деди. Унинг сўзларига кўра, ракета Хоккайдо оролининг ғарбидаги Япониянинг иқтисодий зонасига тушган. Токио маълумотларига кўра, самолёт ёки кемаларга зарар етганлиги ҳақида хабарлар йўқ.
Япония мудофаа вазири Ясуказу Ҳамаданинг айтишича, ракета АҚШга ета оладиган масофага эга бўлган. Унинг сўзларига кўра, у 15 минг километргача уча олади. Жанубий Корея 18 ноябрь куни КХДР ҳаракатлари муносабати билан Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказади.
Кеча Шимолий Корея Япон денгизига қисқа масофали баллистик ракета учирди. Тахминларга кўра, у Корея яримороли шарқидаги сувларга қулаган.
БМТ резолюциялари Шимолий Кореяга ҳар қандай масофадаги ядровий баллистик ракеталарни синовдан ўтказишни тақиқлайди. Бироқ, йил бошидан бери Пхенян аллақачон 50 дан ортиқ бундай синовларни ўтказган.
Сўнгги кунлардаги синовлардан бироз олдин Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хэ Шимолий Корея АҚШнинг КХДРни тийиб туриш ҳамда Вашингтон ва унинг иттифоқчиларининг минтақадаги ҳарбий фаоллигини кучайтириш сиёсатига тўғридан тўғри мутаносиб равишда жавоб бериши ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
18:59 / 19.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Шимолий Корея билан ўйинда 10 киши қолиб, қийин ғалабага эришди
16:59 / 18.11.2024
АҚШдан Хитойгача 40 дақиқада: Илон Маск самолётларни ракеталарга алмаштирмоқчи
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
12:00 / 30.10.2024