Ўзбекистон | 19:24 / 19.11.2022
29236
7 дақиқада ўқилади

Қасд учун қамоқ. Қизириқда ички ишлар фермерни 15 суткага қамамоқчи бўлди

Айни шу фермер аввалроқ туман ҳокимнинг уч, вилоят ҳокимининг бир қарорини суд орқали бекор қилишга эришганди. 

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида экин пайтида ички ишлар ходимлари фермерларни ички ишлар бўлимларига чақиртирган, бир фермерга 15 сутка қамоқ расмийлаштиришган, ҳолат билан коррупцияга қарши курашиш агентлиги қизиққандан сўнг фермерни қўйиб юборишган. 

Мазкур вазият юзасидан Kun.uz Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодировга юзланди.

“Қизириқ туманидаги мурожаатда номлари кўрсатилган фермерлар ва МЧЖлар Қизириқ тумани ҳокимининг, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғининг тазйиқи остида ноҳақликка дучор бўлиб турибди. 

Ўз.Р. ВМнинг 2021 йил 20 августдаги “Сурхондарё вилоятида замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 534-сонли қарори билан Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида чет эл инвестицияси иштирокида кластери ташкил этилган.

Ҳукуматнинг ушбу қарори 3-бандига асосан Қизириқ туманидаги туман ҳокимлиги захирасига олинган 24,3 минг гектар “SCT CLUSTER” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасига ижарага бериш ҳақидаги қарор қабул қилинган вақтда тумандаги “Маматқул”, “Парда Туропов”,”Мадина Илҳом қизи”,”Навбўр ёғду”,”Голд Оклог ГРУП”, “Карвон ТСТ”, “Кунчиқиш барака”,”Голд асл чорва”, “Сурхон лочини”, “Истара бободеҳқони” номли фермер хўжаликларининг ер майдонлари қонуний тарзда захирага олинмаган.

Шунинг учун ушбу фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг поймол бўлган қонуний манфаатлари суд қарорлари билан тикланган бўлса-да, бироқ суд қарорлари бажарилмаяпти. Оқибатда шу даврга қадар уларнинг ер участкаларидан фойдаланишига тўсқинлик қилиниб, экинларни жойлаштириш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорига киритилмаган, уруғлик ғалла берилиши кечиктириб юборилган.

“SCT CLUSTER” МЧЖга 22400 гектар экин ерларини 25 йил муддатга узоқ муддатли ижарага бериш ҳақида шартнома 2021 йил 29 августда имзоланиб, № R-QIZT00571278 сонли рақам билан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан барвақт ўтказилган.

Бугунги кунда эса туман ҳокимлиги “SCT CLUSTER” МЧЖ билан ушбу фермерлар ўртасида низолар келтириб чиқариб, ўзлари эса, яъни 4 та сектор бирикиб олиб, фермерларни сиқувга олмоқда.

Қайд этилган фермер хўжаликларига Вазирлар Маҳкамасининг департамент бошлиғи Тоҳир Рафиқовнинг одилона амалий ёрдами билан Шўрчи дон корхонасидан уруғлик буғдой олиб берилган.

Фермерлар буғдой экаётган жойига туман ҳокимининг топшириғи билан милиция ходимлари келиб, фермер Олим Туропов мажбуран ички ишлар бўлимига олиб кетилган, унга нисбатан сохта ҳужжатлар билан маъмурий материал қилиб 15 сутка маъмурий жазо олиб бериш учун судга сохта материал тайёрланмоқда. Суддан 15 суткага маъмурий қамоқ ёздириб олиб, буғдой экишини тўхтаттиришга эришмоқчи бўлмоқдалар.

“SCT CLUSTER” МЧЖга берилган ижара шартномаси ишончга сазовор эмас. “SCT CLUSTER” МЧЖга 22400 гектар ер участкасининг харитаси мавжуд эмас. Иккинчидан унга чегарадош ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар кимлар экани, чегарадош ер эгалари ва ердан фойданувчилар вакилларининг имзоси билан тасдиқланмаган. Шартли белгилари ҳам кўрсатилмасдан кадастр ходими Ж.Ашуров ва кластер ходимининг имзоси билан 2021 йил 29 августдаги контурлари кўрсатилмасдан далолатнома билан нотўғри расмийлаштириб берилган.

Ҳукуматнинг мазкур қарори амалиётга нотўғри татбиқ этилиб, узоқ вақтлардан буён фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликларига ерга эгалик ҳуқуқини берувчи гувоҳнома бермасдан, сунъий тўсиқ қўйиб, туман ҳокими барча сектор раҳбарларини жалб қилган ҳолда уларнинг қонуний манфаатларига зид иш юритилмоқда.

Фермер хўжаликларига ер ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорларини халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг қарори билан тасдиқлатиш Ўз.Р. ВМнинг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарори талаби бўйича Қизириқ тумани ҳокимининг хатоси ҳисобланади. Ижара тўғрисидаги қонуннинг 7-моддаси талаби бўйича эса бу нуқсонлар учун фермер эмас ижарага берувчи жавобгарлиги ушбу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳолатда ҳам фермер хўжалигининг хатоси мавжуд эмас, фермерлар ердан ўзбошимчалик билан фойдаланаётган эмас. Қўлида ер ижара шартномаси ва суднинг қонуний кучга кирган қарорлари мавжуд.

Қайд этилган фермер хўжаликларининг шу ерларга бўлган ҳуқуқини Ўз.Р. Ер кодексининг 31, 33-моддаси, ФКнинг 185-188-моддаси талабларини фермерлар эмас, балки ҳокимлик ва кадастр палатаси тизимлари қасддан бузмоқда. Мақсади “SCT CLUSTER” МЧЖга зўравонлик билан уларнинг ер майдонларини олиб бериш бўлмоқда.

Ўз.Р. ВМнинг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1060-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб берилишига тўсқинлик қилинмоқда ва фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини поймол қилувчи хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда.

Қизириқдаги суд қарори билан тикланган 12 та фермер ва МЧЖларнинг ҳеч қандай хатоси мавжуд эмас. Уларнинг ерга нисбатан эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи қонуний ер ижара шартномаси мавжуд. Ернинг чегаралари жойнинг ўзида кўрсатиб берилган. Ер кодексининг 31-моддаси талаби бўйича Ер участкасига бўлган ҳуқуқ вужудга келиб бўлган. Буни ер ажратиш тўғрисидаги қарордан ташқари қонуний давлат рўйхатидан ўтиб контрактация шартномаси асосида узоқ вақтлардан буён ишлаб фаолият юритиб келганлиги ва банк айланмаларининг ўзи ҳам қўшимча далил сифатида исботлаб турибди.

Ер кодексининг 33-моддасига кўра Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома Қизириқ тумани ҳокимлиги ва кадастр палатаси томонидан очиқчасига бузилмоқда.

Давлат рўйхатидан ўтказиш Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонуннинг 11-моддаси тартиби бўйича бюджет маблағлари ҳисобидан кадастр тизимига юклатилган бўлса-да, бу қонун талабларини ҳокимлик ва кадастр тизими қўпол тарзда бузмоқда. Қизириқ тумани ҳокими Р.Пардаев, туман прокурори, ИИБ бошлиғи ва солиқ идораси бошлиқларининг қонуний суд қарорлари ижроси таъминланишига тўсқинлик қилаётганликлари, мансабини суиистеъмол қилаётганликлари учун ваколатларингиз доирасида амалий ёрдам беришларингизни сўраймиз”.

Мавзуга оид