“Жалойирнинг сабзиси”, деган жумла Навоий вилоятида “бренд”га айланган. Маҳаллий бозорларда айнан Жалойир қишлоғида етиштирилган сабзи харидоргир. Кармана туманида жойлашган ушбу қишлоқни Навоийнинг “ўра”си, деса ҳам бўлади. Айни кунларда ҳам қишлоқ  далаларидан сабзи ҳосили йиғиштириб олинмоқда.

Кармана туманидаги Жалойир қишлоғи аҳолиси ҳар йили ғалла ўримини интизорлик билан кутишади. Сабаби, улар ғалладан бўшаган майдонларни фермер билан ўзаро келишиб, тақсимлаб олишади ва полиз маҳсулотлари, асосан сабзи етиштиришади. Фермерларнинг ўзи ҳам ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга бўшаган ерлардан ажратишади. 

Жалойирликлар сабзичилик ортидан яхшигина даромад қилишади. Чунки улар етиштирган ҳосил ички бозордан ортиб, ҳатто экспортга ҳам жўнатилади. Айни кунларда ҳам етиштирилган сабзи йиғиштириб олинмоқда. Ноябрнинг илк кунлари серёғин келгани ҳосилни йиғиштириш ишларини бироз ортга сурди. 

Ҳар йили ярим гектар, 30 сотих ер олиб, сабзи экамиз. Қиши билан сотамиз. Шу деҳқончиликнинг орқасидан тўйлар қилдик. Мана, қишлоғимиз аёллари бирлашиб, навбати билан ҳосилни йиғиштириб оляпмиз. Сабзи бўлмаса, ўзбекнинг уйида палов бўлмайди. Сотиб, шаҳарликларни ҳам таъминлаймиз. Сабзининг меҳнати оғир-у, лекин зарар кўрмаймиз. Шунинг учун ҳар йили экамиз”, — дейди Наргиза Ҳожиева.

Етиштирилаётган сабзининг уруғини ҳам жалойирликларнинг ўзи тайёрлайди. Деҳқон Марҳабо Ражабованинг таъкидлашича, февраль ойида ҳар ким ўз хонадони томорқасида уруғлик учун сабзи экади:

20 йилдан бери сабзичилик билан шуғулланамиз. Ер олишдан олдин сабзининг уруғини тайёрлаб оламиз. Февраль ойида уруғлик учун сабзи экилади ва пишгач, уруғи олинади. Кейин ана шу уруғдан кузги сабзи экамиз. Тўғри, сабзи бозордаги энг арзон полиз маҳсулотларидан бири. Аммо меҳнати осон эмас: униб чиққан сабзи ягона қилинади, ўталади”.