Ўзбекистон | 10:20 / 19.11.2022
23723
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда оилавий жанжалда келин қайнонасининг бошига ғишт билан уриб ўлдирди

Ургутда оилада келин ва қайнонанинг ўзаро келишмовчилиги ортидан келиб чиққан жанжал қотилликка сабаб бўлган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 19 октябр куни 102 орқали вилоят ИИБга Ургут тумани Чағизмон маҳалласида қотиллик содир бўлгани ҳақида хабар берилган.

ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб дастлабки суриштирув ўтказишганида ўзаро келишмовчилик туфайли юзага келган жанжал ортидан келин ўз қайнонасини ўлдириб қўйгани аниқланган.

Маълум бўлишича, келин М.Қ. яшаш хонадонида ўзаро оғзаки жанжаллашиб, қайнонаси М.С.нинг бош қисмига ғишт бўлаги билан урган. Оқибатда оғир тан жароҳати олган аёл вафот этган.

2022 йил 17 ноябр куни Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов раҳбарлигида Чағизмон маҳалласида туман сектор раҳбарлари, маҳалла, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилган.

Йиғилишда мудҳиш ҳодиса содир бўлган хонадон маҳалла мутасаддилари томонидан атрофлича ўрганилмагани танқид қилиниб, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда мунтазам ҳар бир оила билан ишлаш, улардаги маънавий муҳитни эътибордан четда қолдирмаслик зарурлиги қайд этилган.

Аввалроқ, Самарқанд туманида яшовчи аёл уч нафар фарзанди билан ўзини каналга ташлаган ва оқибатда икки нафар гўдак ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид