Фан-техника | 14:56 / 20.11.2022
66956
5 дақиқада ўқилади

2022 йилнинг энг яхши ихтиролари ва 10 та энг қулай арзон смартфонлар  — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Одамларни чўмилтирадиган кир ювиш машинаси

Япониянинг Science Co. Ltd технология компанияси «одамлар учун кир ювиш машинаси» ишлаб чиқариш режасини эълон қилди.

Ушбу «Усояро» лойиҳаси турли хил сенсорлар ва сунъий интеллект тизимига асосланган. Ичкаридаги сенсорлар симпатик ва парасимпатик нервларнинг ҳолатини ўлчайди, АI эса тўпланган маълумотлардан энг қулай муҳитни яратиш учун фойдаланади.

Кир ювиш машинасида «чўмилиш» жараёни 15 дақиқа давом этиб, уч босқич: тозалаш, массаж ва қуритишдан иборат бўлади.

Янги қурилма 2025 йилда сотувда пайдо бўлиши кутилмоқда.

Google катта миқдорда жарима тўлайди

Google корпорацияси 391,5 миллион доллар жарима тўлайди. АҚШнинг 40 штати бош прокурорлари компанияни судга беришган. Бунга Google’нинг фойдаланувчилар жойлашуви ҳақидаги маълумотларни улар рад этганидан кейин ҳам тўплаганлиги сабаб бўлган.

Фото: Reuters

«Истеъмолчилар ўз қурилмаларида жойлашув маълумотларини баҳам кўрмасликни танлаганларида, компания уларнинг ҳаракатини кузатиб бормаслигига ишончи комил бўлиши керак», дея таъкидлаган Аёва штати бош прокурори Том Миллер.

Ўзаро келишувга кўра, 2023 йилдан компания жойлашувни кузатишга оид маълумотларни янада шаффофроқ қилади.

Абу-Дабидаги аэропортларда учар таксилар

Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби халқаро аэропортида одамлар ва юкларни ташиш учун ҳаво такси хизмати йўлга қўйилади.

Ушбу лойиҳа Париждаги учта аэропортга эгалик қилувчи Франциянинг Гроупе АДП Groupe ADP компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Таъкидлашича, яқин келажакда йўловчилар амирликнинг халқаро аэропортига учиб келиб, уйларига учар электр таксида қайтишлари мумкин бўлади. 

2022 йилнинг энг яхши ихтиролари

Time журнали 2022 йилнинг энг яхши ихтиролари ва гаджетларининг анъанавий рўйхатини тузди. Бу йил унга анъанавий 100 та эмас, балки 200 та ихтиро киритилди.

Танлов ўзига хослик, ижодкорлик, самарадорлик, амбиция ва «биз яшаётган дунёга таъсири» каби бир қанча мезонларга асосланди. Тўлиқ рўйхат билан нашрнинг сайтида танишиш мумкин.

Nothing Phone (1) - энг инновацион смартфон деб топилди. У 900 та ёруғлик диодига эга шаффоф орқа қопқоқ ва симметрик рамкаларга эга дисплей билан рақобатчиларидан ажралиб туради.

Ноутбуклар орасида ASUS Zenbook 17 Foldсо ажратиб кўрсатилди. У букиладиган дисплейга эга ва унда клавиатура блоки йўқ. Ёйилган шаклда унинг дисплейи 17,3 дюйм ўлчамга эга бўлади. Букланганда эса 12,5 дюймли иккита дисплей пайдо бўлади.

Sony компаниясининг LinkBuds қулоқчинлари 2022 йилдаги энг яхши TWS-қулоқчин деб топилди. У бошқалардан махсус дизайни билан ажралиб туради: гаджет «тешиккулча» шаклида ясалган бўлиб, мусиқа билан бирга атрофдаги товушларни ҳам эшитиш имконини беради.

Шунингдек, тасвир генераторларига туртки берган DALL-E нейротармоғи ва коинотни ўрганишда янги даврни очган Жеймс Уэбб космик телескопи ҳам рўйхатга киритилди.

10 та энг яхши арзон смартфонлар

Бугунги кунда камтарона бюджет билан ҳам яхши камера ва сиғими катта батарея қувватига эга, кучли процессор ҳамда кўплаб фойдали хусусиятлари мавжуд бўлган телефон сотиб олиш мумкин. Мутахассислар томонидан тузилган 10та энг яхши арзон смартфонлар рейтинги қуйидагича:

1.Realme С11;

2. Vivo Y21;

3. Alсatel 1SE 5030D;

4. BQ BQ-6630L Magiс L;

5. Itel А48;

6 Nokia 2.4;

7. Redmi Note 9Т;

8. Blackview А100;

9. Realme Narzo 50А;

10. Vivo Y31.

Қадамларни электрга айлантириб берадиган йўлак

Буюк Британиянинг шаҳарларидан бирида оёқ товушларини электр энергиясига айлантириб берадиган йўлак ўрнатилди.

Фото: Telford & Wrekin Council / SWNS

Тўпланган энергия Шропшире штатининг Телфорд шаҳридаги скамейкалар ёнидаги зарядлаш пунктларига узатилади. Бу ерда одамлар мобил телефонларини қувватлантириши мумкин.

Йўловчилар қадамлари натижасида ҳосил бўладиган энергия миқдорини кўрсатадиган экран қуёш энергияси билан ишлайди. Йўл қопламаси резина ва зангламайдиган пўлатдан ясалган ва соатига 2,1 кВт электр энергияси ишлаб чиқара олади.   

Мавзуга оид