Ҳафта давомида Украина ва Россия бир-бирининг шаҳарларига зарбаларни давом эттирди. Европаликлар жазирамадан азият чекмоқда. Залужний Зеленскийга президент бўлмоқчи эканини айтди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Мантиқсиз уруш давом этади

Россия Украинада бошлаган мантиқсиз уруш давом этади. Фронт музлагани сабаб ҳар икки томон бир-бирининг шаҳарларига зарба бериб ётибди. Ўтган ҳафта Россия Киевга уруш давридаги энг вайронкор ҳужумлардан бирини амалга оширди. Доимгидек ракета ва дронлар асосан турар жой биноларига бориб урилди, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди.

Уруш чўзилиб кетгани учун энди икки томон ҳам қўлига илинган қуролни топиб, тўғри келган томонга отиб ётибди. Жабрини эса сиёсатчилар эмас, оддий халқ чекмоқда. Сиёсатчилар бункерига ракета зарар етказолмайди, лекин онаси нонга юборган бола дрон зарбаси сабаб ўлиб кетиши мумкин. Мана шунақа разил уруш бўлмоқда икки славян қўшнилар ўртасида.

Хоминаий жанозаси

Эрон собиқ олий раҳбари Али Хоминаий кўпчиликнинг эсидан чиқиб кетди. Чунки у 28 феврал куни Америка ва Исроилнинг Теҳронга зарбасидан кейин ўлганди. Лекин буни қарангки, Эронни 37 йил бошқарган диний раҳбарнинг жасадини ҳамон кўмишмаган экан. Эронда бир ҳафталик видолашув маросимлари анонс қилинди. Орада жасадни Карбалога ҳам олиб бориб келишаркан. Миллионлаб одамлар қатнашадиган бир ҳафталик видолашув маросимларидан кейин Али Хоминаий у туғилган Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мажмуасига кўмиларкан.

Жаноза маросими билан боғлиқ баъзи сиёсий интригалар мавжуд. Масалан, жаноза маросимига ким бош-қош бўлиши. Бу турдаги бошқарув амалда бўлган давлатларда жанозага бош-қош бўлиш сиёсий аҳамиятга эга. Карбалода видолашув маросими ўтказиш бўйича Ироққа ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи бориб келди. Мамлакат ичида ҳам Арақчи энг асосий сиёсий арбобдек кўринмоқда, президент Пизишкиён бироз чеккада қолгандек.

Кейин жанозани ким ўқиши ҳам муҳим савол. Одатда диний раҳбар ўлса, унинг жанозасини янги диний раҳбар ўқийди. Можтаба Хоминаий отасининг жанозасини ўқийдими? Шу аслида бу бир ҳафталик маросимнинг асосий интригаси. Эронда видолашув учун 20 миллионлаб одам кўчага чиқади дейишмоқда, демак Америка ва Исроил зарба бериши эҳтимоли йўқ, Можтаба Хоминаий энди бемалол халқ орасига чиқиши мумкин. Жанозани ўқиб, халқ олдида чиқиш қилса, унинг сиёсий обрўси қанчалик ошишини тасаввур қилаверинг.