Ҳафта давомида Трамп Зеленскийни мақтади, Россияда бензин тақчиллиги кучайди, Такер Карлсон «самолётдан тушиб қолди». Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини ёдга оламиз.

Эрон – АҚШ музокаралари

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олган Эрон ва Америка музокара ўтказишни бошлади. Ҳеч қандай натижа бўлмаса ҳам, америкаликлар жарангдор баёнотлар беришга киришди. Вице-президент Вэнс «Эрон АЭХА ходимларини ядровий объектларига киритишга рози бўлганини» айтди. Эрон эса бу борада келишув бўлганини рад этди.

Бу музокараларда ҳам Трампнинг миллиардер дўсти Уиткоф бош-қош бўлаётгани инобатга олинса, у Швейцарияга ҳам Москвага олиб борган таржимонини олиб кетган бўлиши мумкин. Эсингизда бўлса, Уиткофф Москвада Путиннинг «Украина фалон-фалон ҳудудлардан чиқиб кетиши керак», деган гапини «Россия ўша ҳудудлардан чиқишга тайёр», деб тушуниб келганди. Кейин Трамп бу гапга ишониб баёнотлар берган ва уялиб қолган.

Бу гал ҳам шундай бўлмаганига ҳеч ким кафил бўлолмайди. Бўлмаса Эрон ТИВ Америка вице-президентининг гапини рад этганини қандай тушуниш мумкин? Хуллас, музокараларда ҳеч қандай силжиш йўқ, Эрон яна вақтдан ютаётганга ўхшайди. Америка баёнотлардан, Трамп мақтанишдан нарига ўтолмаяпти. Бир сўз билан айтганда, Америка дипломатияси энг яхши дамларини бошдан кечирмаётгани аниқ.

Украина – Беларус низоси

Украина ва Беларус ўртасидаги муносабатлар борган сари таранглашяпти. Россия 2022 йил Украинага босқинда Киевни олиш учун айнан Беларус ҳудудидан кирганди. Ўшандан буён Украина Беларусни уруш иштирокчиси деб ҳисосблайди. Охирги вақтларда Беларус ҳудудида Россия дронларини Украинага йўналтириш учун ўрнатилган ретрансляторлар ортидан икки давлар муносабатлари янада совуқлашди. Зеленский Лукашенконкага муддат бериб, «Сиз уларни йўқотмасангиз, биз йўқотамиз», деб огоҳлантирди. Қизиғи, ана шу муддат вақтида Беларусдаги рус дронларини йўналтириш учун ишлатилган қурилмалар ишламай қолган.

Зеленский Россия Беларусни ҳам урушга тортишга интилаётганини айтиб, Минскни урушнинг оқибатидан огоҳлантирди.

Трамп Зеленскийни мақтади

АҚШ президенти Доналд Трамп жуда ўзгарувчан одам экани ҳақида кўп айтганмиз. Трампда ким билан гаплашса, унинг таъсирига тушиб қолиш ҳолати кўп кузатилган. Масалан, Путин билан кўришса ёки телефонда гаплашса, «фронтда Россия одимлаётгани, Украина таслим бўлиши кераклиги» ҳақида айтади. Зеленский билан учрашса, «Украинада ишлар ёмонмас», дейди. Албатта, ўтган йил 28 февралдаги учрашувдан ташқари.