ЖЧ-2022 таништируви: ван Гаал қайтганидан бери ютқазмаётган Нидерландия
Жаҳон чемпионатларидаги энг омадсиз жамоалардан бирига навбат келди. Бу жамоа «олтин авлод»лари билан ҳам чемпион бўлолмаган, 3 та финалда ютқазган. Доим чиройли ўйини, кутилган ва кутимаган натижалари билан эътибор марказида турадиган Нидерландиянинг Қатардаги турнирда имкониятлари қандай?
ФИФА рейтингидаги ўрни – 8
ЖЧ сари йўл – 7 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати – 33:8
Саралашдаги энг яхши тўпурар – Мемфис Депай (12)
Мундиаллардаги энг яхши натижаси – финалчи (1974, 1978, 2010)
Гуруҳ босқичидаги ўйинлари
21 ноябр, 21:00. Сенегал – Нидерландия
25 ноябр, 21:00. Нидерландия – Эквадор
29 ноябр, 20:00. Нидерландия – Қатар
ТАРКИБ
Бош мураббий Луи ван Гаал якуний рўйхатга 26 нафар футболчини киритди.
Дарвозабонлар: Юстин Бейло («Фейеноорд»), Андрис Нопперт («Ҳеренвен»), Ремко Пасвеер («Аякс»);
Ҳимоячилар: Натан Аке («Манчестер Сити»), Жереми Фримпонг («Байер»), Дэйли Блинд, Юрриен Тимбер (иккаласи – «Аякс»), Виржил ван Дейк («Ливерпул»), Дензел Думфрис, Стефан де Врей (иккаласи – «Интер»), Маттейс де Лигт («Бавария»), Тайрелл Маласиа («Манчестер Юнайтед»);
Яримҳимоячилар: Стевен Бергейс, Стевен Бергвейн, Дэви Классен, Кеннет Тайлор (ҳаммаси – «Аякс»), Коди Гакпо, Хави Симонс (иккаласи – ПСВ), Френки де Йонг («Барселона»), Тен Копмейнерс, Мартен де Рон (иккаласи – «Аталанта»), Ноа Ланг («Брюгге»);
Ҳужумчилар: Мемфис Депай («Барселона»), Винсент Янссен («Антверпен»), Люк де Йонг (ПСВ), Ваут Вегорст («Бешиктош»).
«Рома» яримҳимоячиси Жоржиньо Вейналдум жароҳат сабаб турнирни ўтказиб юборади. Яна бир яримҳимоячи Райан Гравенберҳ («Бавария»); ҳимоячи Свен Ботман («Ньюкасл»); ҳужумчилар Брайан Бробби («Аякс»), Арно Данжума («Вильярреал») ва Дониэлл Мален («Боруссия» Д) эса таркибга киритилмади.
Тахминий бошланғич таркиб: Пасвеер — Блинд, Аке, ван Дейк, де Лигт, Думфрис — Копмейнерс, де Йонг, Гакпо — Депай, Бергвейн.
МУРАББИЙ ВА УНИНГ УСЛУБИ
Луи ван Гаал мураббийлик фаолиятини 1986 йилда бошлаган. Миллий жамоадан ташқари «Аякс», АЗ, «Барселона», «Бавария» ва «МЮ» клубларини бошқарган. Унинг ҳисобида кўплаб жамоавий совринлар бор. Шахсий ютуқлар ҳам етарлича: йилнинг энг яхши мураббийи (1995) Нидерландиянинг энг яхши мураббийи (2007, 2009), Германияда йилнинг энг яхши футбол мураббийи (2010) ва бошқалар.
Ван Гаал миллий жамоани учинчи бор бошқариши, унинг навбатдаги қайтишида «апелсинранглилар» Қатардаги жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритди. Амалдаги шартнома мундиал якунига қадар амал қилади, бироқ мураббий соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли ўз лавозимида қолиши эҳтимоли паст — унда саратон аниқланган.
Нидерландия миллий жамоасининг ўйин схемаси: 3-5-2, баъзан 3-4-1-2.
Ўйин услуби: барча ҳужумда иштирок этади, тезлик ва кўп зарбалар.
Жамоа чиройли комбинациялар уюштиради. Юқори тезликдаги ҳужумларни ҳам жуда яхши кўради — таркиб бунга мос келади.
Депайнинг жамоадаги ўрни алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳужумдаги ҳаракатлар унга боғлиқ бўлади. У мунтазам равишда ўйинни ўзига олишга ҳаракат қилади.
Услуб баъзан ҳимоячиларга муаммолар келтиради. Бу Нидерландия футбол мактабининг ҳужумга ўта қарамлиги билан боғлиқ. Позицион хатолар, албатта, ҳимоянинг асосий ташвиши ҳисобланади, аммо ван Дейк билан муаммолар камроқ кўринади.
Шунингдек, ван Гаал баъзан ҳимояда тактик схемани ўзгартириб, рақибга қийинчилик ҳам туғдира олади. Мисол учун, Бельгияга (1:0) қарши ўйинда жамоа одатдагидан анча зичроқ ҳимояланди. Топ-рақибларга қарши бундай ҳолатлар содир бўлади.
ЕТАКЧИЛАР
Мемфис Депай — асосий куч.
Депайни жамоанинг асосий етакчиси. У йиллар давомида қанчалик ўзгаргани, эгоист тўпурардан муҳим ўйинчига айланганини қайд этиш мумкин. Тезлик ва кучли техникадан ташқари, Мемфиснинг арсеналида яхши зарбалар бор, бу билан у исталган масофадан рақибни хафа қила олади.
Депай миллий жамоа сафида 80 та ўйинда майдонга тушиб, 42 гол урган. Ван Персининг рекордига 8 та гол қолди.
Френки де Йонг — таянч.
Тўпнинг ўртада ҳаракатланишида де Йонг муҳим рол ўйнайди. Нидерландияда креатив ўйинчилар инқирози бор, шу боис Френкининг ўзгача фикрлаши жамоа учун айниқса, муҳим.
Ҳужум функцияларидан ташқари, де Йонг жуда кўп қора ишларни бажаради. Бу ҳам жамоа ўйинини қуришни ҳисобга олган ҳолда муҳим.
Миллий жамоа услуби ўйинчиларни одатий хатоларни минималлаштиришга мажбур қилади, шунингдек, позицияни тўғри танлашнинг муҳимлигини таъминлайди. Френки энди 25 ёшда. У аллақачон «Барселона»да ўйнаб, кўп пул топмоқда. Энди соврин ютиш вақти келди.
Дензел Думфрис — тезюрар поезд.
У шунчаки югуради. Аммо гап шундаки, уни ҳеч ким тўхтата олмайди. Дензелда куч ва тезликнинг ажойиб уйғунлиги бор — айнан Нидерландияга керак бўлган жиҳат. Албатта, бу унинг барча фазилатлари эмас, чунки югуриш етарли эмас – буни қачон қилиш кераклигини билиш керак. Дензел билади.
Бундан ташқари, ҳимоячи иккинчи қаватдаги деярли барча дуэлларда, ҳатто баланд бўйли рақибларга қарши ҳам ғалаба қозонади. У кўпинча қўпол ўйнайди, қоида бузади, ҳатто майдондаги вазият буни талаб қилмаса ҳам. Думфрис футболчидан кўра кўпроқ жаҳон даражасидаги атлетга ўхшайди. Лекин натижа келтирса, бунинг нима фарқи бор.
Виржийл Ван Дейк — ҳимоядаги ақл.
Ҳужумкор Нидерландияда ақл билан ҳимояланадиганлар ҳар доим ҳам топилавермайди. Виржийл — ўз чизиғида дунёдаги энг яхшилардан бири (агар энг яхшиси бўлмаса).
Агар Виржийл ўз формасида бўлса, дарвозабонларнинг камчилиги ҳам сезилмайди. Таркибда топ даражадаги посбон йўқлиги инобатга олинса, «Ливерпул» футболчисидан кўп нарса талаб қилинади.
РАҚАМЛАР
Нидерлардия охирги 5 ўйинда ўртача 2 тадан гол урган. Голли серия кетма-кет 13 та баҳсдан бери давом этмоқда.
Жамоа ван Гаал қайтганидан бери 15 ўйинда ютқазмади — сўнгги бор Франк де Бур билан Евро-2020 турнири 1/8 финалида Чехияга (0:2) имконият бой берилган.
«Лолалар мамлакати» ЖЧ финалларида омадсиз – учаласида ҳам ютқазган. 1974 йили Йоҳан Кройфф бошчилигида жамоа Беккенбауэр ва Мюллери бор немисларга мағлуб бўлган, 4 йилдан сўнг Аргентинага ютқазилган, 2010 йилда Касиляьснинг сэйвлари ва Иньестанинг қўшимча бўлимдаги голи билан Испания нидерландияликларни совринсиз қолдирган.
Луи ван Гаал учинчи бор Нидерландияни бошқармоқда: 2000-йиллар бошида у жамоани 2002 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқолмади, 2014 йилда ностандарт ҳаракатлар эвазига бронза қўлга киритилди — Коста-Рика билан пенальтилар серияси олдидан Силлессеннинг ўрнига Крул тушгани узоқ вақт эсда қолади. Шундан сўнг, «темир Луи» «Манчестер Юнайтед»га кетди. Нидерландия эса Евро-2016 ва ЖЧ-2018га чиқа олмади. Евро-2020да 1/8 финалдаёқ юриш тўхтагач, ван Гаал дарҳол постга қайтди ва жамоа саралаш гуруҳида ғалаба қозонди, шунингдек, Миллатлар Лигасида яримфиналга йўл олди. Айнан шундан кейин мураббий саратон касаллигига чалинганини айтди ва футболчилардан яширинча даволаниш курсидан ўтди. Мундиалдан сўнг ван Гаал фаолиятини бутунлай тугатишни режалаштирмоқда.
КУЧЛИ ВА КУЧСИЗ ТОМОНЛАРИ
Кучли томонлари: потенциал, услуб, мотивация.
Камчиликлари: тўпсиз ўйнаш, ҳеч ким кутмаганда қоқилиши.
Де Лигт, Гакпо, Маласиа, Тимбер – буларнинг ҳеч бири 23 ёшдан ошмайди. Бу жамоа юқори салоҳиятга эга. Номлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Нидерландия 4 йилдан сўнг жаҳон чемпионатининг асосий фаворитларидан бири бўлиши мумкин, ҳатто асосийси ҳам, аммо ҳозир эмас. Ҳозир фақат репетиция бўлади.
Кўплаб ажойиб ҳимоячилар ўсиб улғаймоқда, улар нафақат ҳужум, балки ҳимояда жамоанинг асосий муаммосини ҳал қилиши керак. Яқин 5 йил ичида бу жамоани томоша қилиш жуда қизиқ бўлади — «олтин авлод» йўлда.
Бу ўринда жамоа имкониятларидан келиб чиқиб, ўйин қураётган ван Гаалга ҳурмат кўрсатса арзийди. Нидерландияликларга плеймейкер етишмаяпти. Латераллар ҳужум қилишни яхши кўришади, аммо ҳимояда мукаммал эмас.
Жамоада соф форвард йўқ — Луи Депай ва Бергвейннинг тезкорлик фазилатларидан фойдаланиб, Нидерландия учун одатий схемани икки яширин форвард билан тиклади. Жамоа ҳозирда ўз имкониятларини тўғри баҳолаб, яхши натижа келтирадиган футбол ўйнамоқда.
2018 йилги мундиални ўтказиб юбориш футболчиларга ҳам, ишқибозларга ҳам қаттиқ таъсир қилди. Шунинг учун Қатарда мотивация юқори бўлади. Бу ҳар доим ҳам яхши эмас, чунки 2014 йилдаги Бразилия каби куйиб қолиш мумкин, аммо ван Гаал каби тажрибали мураббий ўз ўйинчиларининг эмоционаллигидан илиқ атмосфера ярата олади.
Позицион хатолар тўпга эгалик қилишда катта устунлик билан ўйнайдиган жамоаларга қарши ўлим жазоси ҳисобланади. Агар нидерландияликлар ўз олдига энг юқори мақсадларни қўйган бўлса, унда улар, албатта, бундай рақибларга дуч келишади. Ҳа, улар Миллатлар Лигасида Бельгия билан буни муваффақиятли уддалашди, аммо жиддий рақиблар олдинда. Польяклар ёки бельгияликлар фойдаланмаган вазиятларни топ-рақиблар кечиришмайди.
Нидерландия олдиндан тахмин қилинганидек ҳаракат қилмоқда, деб баҳслашишнинг маъноси йўқ. Улар тажовузкорроқ ёки эҳтиёткорроқ ўйнашлари мумкин, лекин асосий тамойиллар бир хил бўлиб қолади, айниқса, ҳужум қилишда. Рақиблар, албатта, бунга тайёр бўлишади ва агар улар юқори тезликдаги узатмаларни тўсиб қўйишса, шунингдек, майдон марказида кучли қаршилик қилинса, у ҳолда ван Гаалда муаммолар бўлиши мумкин. Шундай жамоалар борки, уларга қарши рақиблар қандай ўйнашни билмайдилар, лекин Нидерландия билан бунинг акси – тушунарли, қийин бўлса ҳам.
ПРОГНОЗ
Нидерландия чемпион бўлмаса ҳам, медалларга эга бўлиши мумкин. Жамоа Сенегал, Эквадор ва Қатар ўрин олган гуруҳдан пешқадам сифатида кейинги босқичга чиқади. Сенегал ва Эквадор билан, албатта, ҳимояда муаммолар бўлади, лекин ҳужумда ҳаммаси жойида бўлиши керак. Қатар ўз ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилади, лекин охир-оқибат даражадаги фарқ таъсир қилади.
1/8 финалда нидерландияликларда муаммо бўлмаслиги керак. Англия, АҚШ ёки Уэльс — вариантлардан ҳар бири ван Гаал учун қулай. 1/4 финалда Франция, Мексика, Дания ёки Аргентина миллий жамоалари кутилмоқда. Булардан фақат Аргентина ва Дания – қийин ва ноқулай рақиблар. Улардан ўтилган тақдирда ҳам 1/2 финал сўнгги бекат бўлади, чунки финал йўлида Бразилия, Испания ёки Хорватия кутиб олади.
Нидерландия гуруҳдан 2-ўрин билан чиқса, қулайроқ. Финал учун имконият бўлади, ҳал қилувчи баҳсгача Бразилия ва Испанияга дуч келмайди.
Мавзуга оид
13:55 / 18.11.2024
Нидерландияда ўзбекистонлик мутахассислар учун малака ошириш курслари ташкил этилади
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
00:11 / 12.11.2024
Нидерландия 9 декабрдан чегара назоратини жорий этади
17:40 / 08.11.2024