Ўзбекистон | 09:51 / 21.11.2022
5125
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек алоқалари маркази очилди

Ҳиндистоннинг етакчи олийгоҳларидан бири - Деҳли университетида Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази очилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Марказ Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Деҳли университети ўртасида эришилган келишувлар доирасида ташкил этилди. «Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази» фаолияти асосий мақсади ҳиндистонлик талабаларга ўзбек тилини ўргатиш, маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш ва ушбу соҳада қўшма илмий изланишлар олиб боришга қаратилган.

Ўзбек тили ва ҳинд-ўзбек илмий маданий алоқалари маркази учун Шарқшунослик университети ҳамда мамлакат Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан ўзбек тили, адабиёти, маданияти, тарихи ва замонавий тараққиёти ҳақидаги маълумотларни қамраб олган китоблар, бадиий адабиётлар, журналлар, ўқув-кўргазма қўлланмалари тўплами тақдим этилди.

Деҳли университети ўзбек тили бўйича ўқув курслари мавжуд бўлган Ҳиндистондаги учинчи олий таълим муассасасига айланди. Бунга қадар 2004 йилдан бошлаб Деҳли шаҳридаги Жомия миллия исломия университетида ҳамда 2021 йилдан бошлаб Жаваҳарлал Неру университетида ўзбек тили курслари фаолият юритиб келмоқда.

Мавзуга оид