Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга иккинчи ташрифи. Ундан нималар кутилмоқда?
Бугун, 21 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Франция президентининг таклифига асосан ушбу мамлакатга ташриф буюрмоқда. Бу — Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги тўрт йил ичидаги иккинчи ташрифи бўлади. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон етакчиси бошқа ҳеч бир Европа давлатига бунчалик қисқа вақт ичида икки бор ташриф буюрмаган. Бу эса Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги икки томонлама алоқалар тобора кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Франция – дунёнинг иқтисодий ривожланган етакчи мамлакатларидан биридир (“Катта еттилик” (G7) ва “Катта йигирматалик” (G20) гуруҳларига киради), БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси, Европа Иттифоқининг ҳаммуассиси.
Иқтисодиёти бўйича Европада 3-ўринда, жаҳонда 7-ўринда бўлган Франция Европа Иттифоқида етакчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Франция иқтисодиётининг бошқа йирик тармоқлари – машинасозлик (жаҳон ишлаб чиқаришининг 2,7 фоизи), кимё (жаҳон экспортида 4-ўрин), авиакосмик, автомобилсозлик, озиқ-овқат (экспорт ҳажми бўйича АҚШдан кейин 2-ўринда), радиоэлектроника, электротехника, шунингдек, информатика ва кемасозлик. Атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида энг илғор мамлакатлардан бири (энергиянинг 75 фоиздан ортиғи АЭСдан олинади).
Ташриф доирасида кўплаб соҳаларга оид келишув ва музокаралардан ташқари маданий тадбирлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Париждаги машҳур Лувр музейи ҳамда Араб дунёси институтида юртимиз тарихи ҳамда маданиятига бағишланган иккита йирик кўргазма очилади.
Таъкидлаш жоиз, дунёда юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий воқеликда Франция Марказий Осиё давлатлари билан ҳам икки томонлама, ҳам Европа Иттифоқи орқали кўп томонлама форматда ҳамкорликни фаоллаштиришга интилмоқда.
Ўрта муддатли истиқболда Париж Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган геосиёсий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда минтақа билан алоқаларни босқичма-босқич мустаҳкамлаш йўналишида ишларни давом эттириш ниятида.
Инвестициялар салмоғи ошмоқда
Ўтган 5 йил давомида Ўзбекистон-Франция муносабатларида барча соҳаларда фаол, очиқ ва ишончли мулоқот кузатилмоқда.
2018 йил октябрь ойида Франция Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан Ўзбекистон Раҳбари Францияга расмий ташриф билан борди – Ўзбекистон Раҳбари ташриф буюрган Европадаги биринчи давлат. Натижада 3,4 млрд евролик 11 та битим ҳамда инвестициявий ва савдо шартномалари пакети имзоланди.
Умуман олганда, бугунги кунда томонлар ўртасида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилган: жами 50 га яқин турли характердаги ҳужжатлар имзоланган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда Франция компаниялари иштирокидаги қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони уч баробар ошди.
“Тоталь Эрен” компанияси билан биргаликда май ойида Самарқанд вилоятида минтақадаги энг йирик, қуввати 100 МВт бўлган қуёш станцияси ишга туширилди. Энергетика соҳасида бошқа истиқболли лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Умуман олганда, француз компанияларининг фаол лойиҳалари портфели 5 миллиард евродан ошади.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Франция билан энг кўп қулайлик режими яратилди.
Савдо алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ўзаро савдонинг тобора ўсиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг январ-октябр ойларида унинг ҳажми 7,6 фоизга, Ўзбекистон маҳсулотларининг Францияга экспорти эса 8 баробарга ошди.
Экспортнинг асосий номенклатураси — кимё маҳсулотлари, хизматлар, ноозиқ-овқат товарлар, тайёр маҳсулотлар ҳисобланади.
Шу билан бирга, айни пайтда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Ушбу кўрсаткичларни бир неча баравар кўпайтириш имкониятлари мавжуд. Шу сабабли Франция ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг ҳар икки мамлакатнинг иқтисодий имкониятлари, қўшма лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Афғонистон ва минтақадаги барқарорлик
Томонлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор.
Шу муносабат билан Ўзбекистон бир неча бор халқаро ҳамжамиятни Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга чақирган.
Яқинда Ўзбекистон раҳбари Афғонистон ҳукумати билан мажбуриятларни босқичма-босқич бажариш алгоритмини келишиш учун БМТ шафелигида халқаро гуруҳ тузиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон-Франция муносабатларини ривожлантиришда маданий-гуманитар, илмий-маърифий ва туризм соҳалари салмоқли ўрин эгаллайди.
Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлса-да, икки мамлакат халқларининг ўзаро тарихий-маданий алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бунга энг ёрқин мисол сифатида ўз даврининг икки буюк ҳукмдори – Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмаларни келтириш мумкин.
Ўзбекистон заминида кўплаб машҳур французлар ўз изларини қолдирган. Фахрий легион ордени кавалери, тарихчи, саёҳатчи, Туркистон археологик харитаси муаллифи Жозеф-Антуан Кастанье сиймоси катта қизиқиш уйғотади. Шунингдек, Вьенн шаҳридан бўлган француз сайёҳи Жозеф Наполеон Мартин ҳам Ўзбекистон тарихида ўз изини қолдирди, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридаги мактаб унинг номи билан аталади.
Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар бугунги кунда ҳам муносиб давом эттириб келинмоқда. Ривожланган француз таълими ва бой маданий мероси минтақа мамлакатлари талабалари ва сайёҳларида алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда 700 дан ортиқ мактаб, коллеж ва лицей, шунингдек, 12 та олий таълим муассасасида 200 мингдан ортиқ ўқувчи ва талабалар француз тилини катта қизиқиш билан ўрганмоқда.
Бугунги кунда икки мамлакатнинг 40 дан ортиқ олий таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳозирда томонлар ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, муносабатларни кенг қамровли шерикликнинг янги босқичига олиб чиқишга қатъий интилмоқда.
Юқори ва олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли кўп қиррали Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигининг ривожланиш динамикаси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Кун тартибига хавфсизлик масалалари, Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдан тортиб, савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик, иқлим ва экология каби кенг кўламли масалалар қўйилган.
Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи давомида томонлар таълим, илм-фан, маданий мерос, фуқаро авиацияси, давлат хизмати ва коррупцияга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликка оид 14 та ҳужжат имзолайди.
Аброр Зоҳидов, Париж
Мавзуга оид
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
21:44 / 05.11.2024