Жаҳон | 08:23 / 15.11.2025
1481
2 дақиқада ўқилади

Киев Франция билан авиация ва ҳаво мудофаасини кучайтириш бўйича келишув тайёрламоқда

Украина мамлакат ҳаво мудофааси ва энергетика секторини мустаҳкамлаш учун Франция ва Греция билан келишувлар тайёрламоқда. Бу ҳақда Володимир Зеленский маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Киев қўшимча ҳаво мудофаа тизимлари ва ҳарбий самолётлар қабул қилади.

Украина хорижий шерикларидан, хусусан Франциядан қўшимча ҳаво мудофаа тизимлари ва ҳарбий самолётлар олади. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский 14 ноябр куни кечки мурожаатида маълум қилди. Зеленскийнинг таъкидлашича, зарур қарорлар тайёргарликнинг якуний босқичида, ушбу келишув “тарихий” аҳамиятга эга бўлади.

Бундан ташқари, украин томони Греция билан ҳам Украинага газ етказиб бериш вариантларини кенгайтириш доирасида, “қиш мавсуми ва стратегик истиқбол учун” келишув тайёрлаётганини қайд этди Володимир Зеленский.

Бундан олдин, пайшанба куни Скандинавия ва Болтиқбўйи мамлакатлари PURL дастури доирасида Украина учун АҚШдан қурол-яроғ сотиб олиш мақсадида 500 млн доллар (430 млн евро) ажратишини эълон қилган эди. Бу қарорни НАТО бош котиби Марк Рютте қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, “жуда муҳим ҳарбий техника” етказиб берилиши Украинада қиш мавсумининг бошланиши шароитида алоҳида аҳамият касб этади.

«Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати» (Prioritised Ukraine Requirements List, PURL) дастури 2025 йил июлидан бошлаб НАТО ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги келишувга биноан амал қилади. 17 сентябр куни Володимир Зеленскийнинг айтишича, PURL доирасида Украина ҳозиргача 2 млрд доллардан ортиқ маблағ олган, йил якунида эса 3–3,5 млрд долларга умид қилмоқда. Бу маблағлар ҳисобига, жумладан, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар харид қилинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид