Жаҳон | 23:44 / 21.11.2022
12441
2 дақиқада ўқилади

Совуқ туфайли Украинани яна 2-3 миллион одам тарк этиши мумкин - ЖССТ 

Украинада оилалар иситишнинг муқобил усулларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Гап кўмир ёки ўтинни ёқиш, дизел генераторлари ёки электр иситгичлардан фойдаланиш ҳақида кетмоқда. 

Фото: Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоб-китобларига кўра, яна 2-3 миллион украиналик иссиқ ва хавфсиз жойларни излаб уйларини тарк этиши мумкин. 

Бу ҳолат уларнинг руҳий саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади, деб таъкидлади ташкилот. 

«Биз яна 2-3 миллион украиналик иссиқлик ва хавфсизлик излаб уйларини тарк этишини кутмоқдамиз. Улар саломатлик билан боғлиқ муаммолар, жумладан COVID-19, пневмония ва грипп каби нафас олиш йўллари инфекциялари, шунингдек, эмланмаган одамлар дифтерия ва қизамиқнинг жиддий хавфига дуч келиши мумкин», деб қўшимча қилди ЖССТ. 

Қайд этилишича, украиналик оилалар иситишнинг муқобил усулларига ўтишга мажбур бўлади. Гап кўмир ёки ўтинни ёқиш, дизел генераторлари ёки электр иситгичлардан фойдаланиш ҳақида кетмоқда. 

«Буларнинг барчаси украиналикларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Уруш бошланганига 9 ой бўлди. 10 миллионга яқин одам ўткир стресс, ташвиш, руҳий тушкунлик каби касалликлар хавфи остида», деб хулоса қилди ташкилот. 

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирда 4,5 миллионга яқин украиналик қочқин Европа мамлакатларида рўйхатга олинган. Уларнинг кўпчилиги Европа Иттифоқининг Украина билан чегарадош давлатлари – Словакия, Полша, Венгрия ва Руминияда қўним топган. 

Шунингдек, Шарқий Европа мамлакатлари қишки совуқ ва Россия томонидан Украина энергетика объектларига берилган зарбалар туфайли қочқинларнинг янги тўлқинини қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда. 

Мавзуга оид