Тўрт нафар ўнг қанот ҳимоячилари ва Магуайр

Жон Стоунз ва Ҳарри Магуайр. Фото: Global Look Press

Ўтган йил ёзида, Евро-2020 чемпионати вақтида барча Англия таркибига фақат ўнг қанот ҳимоячилари йиғилиб қолгани кулги остига олинганди. Ўшанда заявкага Кайл Уокер, Киран Триппьер, Рис Жеймс ва Бен Уайт киритилганди. Чемпионатга Трент Александр-Арнолд ва Аарон Уан-Биссака олиб кетилмаганди. Ўшанда Пеп Гвардиоланинг орзуси — бошланғич таркибда 11 нафар яримҳимоячини тушириш бўлса, инглизлар бош мураббийи Гарет Саутгейтники — 11 нафар ўнг қанот ҳимоячисини тушириш эканини айтиб, ҳазил қилишганди.

Бу сафар Қатарга келган 26 нафар футболчи орасида ҳам мудофаанинг ўнг қанотида ўйнай оладиган футболчилар етарлича. Булар Уокер, Триппьер, Трент, Уайт ва баъзида «Манчестер Сити»да шу позицияни ёпадиган Жон Стоунз. Лекин бу сафар Англияда ЖЧ-2022 учун заявка эълон қилингач, муҳокамалар мавзуси марказий ҳимоя бўлди. Бош мураббий мундиал учун таркибга Ҳарри Магуайр ва Эрик Дайерни олиб, А Серияда ўтган мавсумнинг энг яхши ҳимоячиси бўлган «Милан» аъзоси Фикайо Томори ҳамда сўнгги бир ярим йилда «Кристал Пэлас»да жиддий ўсишга эришган Марк Гуэҳини олиб кетмаётгани эътирозларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги жиддий муҳокамалар ва ғазабланишларни тўғри тушуниш мумкин. Магуайр учун сўнгги бир ярим йил — шунчаки даҳшатли туш. Иш шунгача бориб етдики, баҳорда терма жамоа мухлислари жуда кучсиз ўйинлари туфайли 29 ёшли ҳимоячига ҳуштакбозлик қила бошлади. У бу мавсумда «МЮ» сафида ҳам жароҳат, ҳам жуда ёмон формаси туфайли деярли ўйнамаяпти, у жамоа марказий ҳимоячилари орасида Лисандро Мартинес, Рафаэл Варан ва Виктор Линделёфдан кейин тўртинчи ўринда: у барча турнирлар доирасида жами 612 дақиқа майдонда бўлган (АПЛда эса 4 ўйинда 280 дақиқа ўйнаган).

Аммо, афтидан Сатугейтнинг Магуайрга ишончи чегарасиз. Ҳимоячи жорий йилда Миллатлар лигасида бешта ўйинда ҳам тўлиқ ўйнади.

Бош мураббий бу борадаги қарорини аниқ ва қатъий қилиб изоҳлади: «Биз мудофаадаги ёш футболчиларимиз ёши катта жамоадошларини таркибдан сиқиб чиқариш учун етарли даражада иш қилди деб ўйламаймиз. Ҳа, ишончим комил, Магуайр энг яхши марказий ҳимоячилардан бири».

Саутгейт ўз танловида ўта консерватив. ЖЧ-2022 учун 26 кишилик заявкадан бир ярим йил олдинги Европа чемпионатига жалб этилган 20 футболчи ўрин олди. Бу сафар икки захира дарвозабонлари (Дин Ҳендерсон ва Сэм Жонстон), марказий ҳимоячи Тайрон Мингз, қанот ҳимоячилари Бен Чилуэлл ва Рис Жеймс (улар бошланғич таркиб футболчилари эди, аммо жароҳат туфайли мундиалда иштирок эта олмайдиган бўлишди), шунингдек, ҳужумкор футболчилар Жейдон Санчо ва Доминик Калверт-Льюин якуний таркибдан тушиб қолишди.