Спорт | 16:42 / 16.07.2024
8565
3 дақиқада ўқилади

Саутгейт Евро-2024 финалидаги мағлубиятдан кейин истеъфога чиқди

Сўнгги турнир вақтида тинимсиз танқид қилинганига қарамай, у Англия миллий жамоаси тарихидаги энг муваффақиятли ишлаган мутахассис бўлди.

Фото: PA MEDIA

Футбол бўйича Англия миллий жамоаси бош мураббийининг истеъфоси ўзини кўп куттирмади. Европа чемпионати финалларида қаторасига иккинчи бор мағлуб бўлганидан кейин икки кун ўтиб Гарет Саутгейт бу лавозимдан кетишини эълон қилди.

Инглизлар якшанба куни Берлинда ўтказилган финал баҳсида Испанияга охирги дақиқаларда ўтказилган гол туфайли 1:2 ҳисобида ютқазди, уч йил олдин эса Лондонда ўтган Евро-2020 финалида Италияга мағлуб бўлинганди.

«Мен — англияликман ва бундан фахрланаман. Англия учун ўйнаш ва миллий жамоани шуғуллантириш менинг ҳаётимнинг шарафли қисми эди, — дея мурожаат қилган Саутгейт фанатлар ва футболчиларга. — Аммо ўзгаришлар вақти келди».

Саутгейт жамоа бошқарувида 102 ўйин ўтказиб, 61 учрашувда ғалабага эришди ва 17 бор мағлуб бўлди.

Сўнгги Евродан кейин у чемпионат ўйинларида қаторасига 13 учрашувда асосий вақтда (пеналтилар серияси бундан мустасно) ютқазмаган илк мутахассисга айланди.

Аммо турнир давомида уни прагматик футбол намойиш этгани ва ўз қўли остида жамланган юлдузли футболчиларнинг салоҳиятини рўёбга чиқара олмагани учун танқид қилишди.

Шунга қарамай Саутгейт бошини тик кўтарган ҳолда истеъфога чиқмоқда — унинг бошқаруви даврида Англия ўз тарихидаги энг яхши йилларни ўтказди, уни қанчалик танқид қилишмасин, унинг миллий жамоа олдидаги хизматлари катта бўлди.

«Сўнгги саккиз йил мобайнида у Англия эркаклар миллий жамоасини қайтадан шакллантирди. Унинг бу ишдаги ҳиссаси беқиёс, кўрсатган натижалари рўйхати — ажойиб», — деган хайрлашув маросимида Англия футбол ассоциацияси раҳбари Марк Буллингҳем ва статистик рақамларни келтирган.

Англия миллий жамоаси сўнгги бор йирик турнирда — жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан 1966 йилдан кейин жамоа бирор марта йирик турнирлар финалига чиқмаганди — жамоа тарихи икки босқичга бўлинади: Саутгейтгача ва унинг даври.

У бошқарувга келгунига қадар инглизлар 25 та халқаро турнир плей-оффларида фақат 7 марта ғалаба қозонган. Унинг бошқарувида ўтган 4 турнирда эса — 9 марта. Унинг даврида икки марта Европа чемпионати финаллари чиқилди, бир марта Жаҳон чемпионатининг энг яхши тўрт жамоаси сафидан жой олинди, бир марта Миллатлар лигаси яримфиналига чиқилди.

«Яъни у 8 йил ичида олдинги 50 йилдагидан кўра кўпроқ марта ҳал қилувчи ўйинларда ғолиб чиққан», — деган Буллингҳем.

Мавзуга оид