Жаҳон | 16:21 / 22.11.2022
4786
2 дақиқада ўқилади

Эрон уран бойитиш ҳажмини 60 фоизгача оширяпти

Фото: Reuters

Эрон ҳукумати АЭХАга уранни яна битта объектда - Фордодаги заводда юқори даражада бойитиш жараёни ҳақида хабар берди. Фордо ва Нетанзеда қўшимча центрифугалар ўрнатилди.

Эрон Фордодаги ерости заводида уранни 60 фоизгача бойитишни бошлади, деб хабар берди Эроннинг ярим расмий ISNA агентлиги 22 ноябрь, сешанба куни. Агентлик Теҳрондаги расмийлар Атом энергияси бўйича халқаро агентликка (АЭХА) билдиришнома юборганини таъкидлади.

Фордо ва Нетанзе иншоотларида қўшимча центрифугалар ўрнатилгани ҳам хабар қилинган. Эрон бошқа атом заводида уранни 60 фоизгача бойитмоқда. 2015 йилги халқаро ядровий келишув шартларига кўра, Эрон уранни 3,67 фоиздан ортиқ бойитиш ҳуқуқига эга эмас. Ядро қуролини ишлаб чиқариш учун 90 фоизгача бойитиш зарур. 

Халқаро ядровий битим бир неча йил олдин - ўша пайтда президенти Доналд Трамп бўлган Қўшма Штатлар ундан бир томонлама чиқиб кетганидан кейин ўз фаолиятини тўхтатди. Ўшандан бери ушбу келишувни сақлаб қолиш учун уринишлар қилинган, аммо улар ҳали ҳеч қандай натижага олиб келмади. 

Яқинда Эронда эълон қилинмаган учта жойда уран излари топилди. Шу муносабат билан, АЭХА Бошқарувчилар кенгаши 17 ноябрь куни АҚШ ва «евроучлик»нинг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) бўйича кафолатларга оид келишув мажбуриятларини бажаришга чақирувчи резолюциясини қабул қилди. 

Бундан ташқари, АЭХА Эрондан эълон қилинмаган объектларда топилган ядровий материалларнинг келиб чиқишини зудлик билан тушунтиришни, ҳужжатларни тақдим этишни ва ушбу объектларга киришни таъминлаб беришни талаб қилди. Эроннинг ISNA агентлиги хабарида қайд этилишича, Теҳроннинг Фордодаги заводда уранни 60 фоизгача бойитиш қарори ушбу резолюцияга жавобан қабул қилинган. 

Мавзуга оид