Жаҳон | 20:41 / 23.11.2022
15627
3 дақиқада ўқилади

30 йил олдин музлатилган эмбрионлардан эгизаклар дунёга келди. Бу янги рекорд

Американинг Теннесси штатида 30 йил давомида музлатиб қўйилган эмбриондан иккита эгизак дунёга келди. Бу музлатилган эмбрионларнинг туғилиши «кутилган» тарихдаги энг узоқ даврдир. 

Фото: NATIONAL EMBRYO DONATION CENTER

Эмбрионлар 1992 йил 22 апрелдан бери суюқ азотда, -128C ҳароратда сақланган ва ўз ҳаётийлигини йўқотмаган. 

Шундан сўнг улар эритилиб, бўлажак онаси Рейчел Рижуэйга кўчириб ўтказилган. 31 октябр куни эгизаклар дунёга келди. «Ақлдан озиш мумкин», дейди бахтли ота Филип Рижуэй. 

Донорлик эмбрионлари миллий маркази (NEDC) хусусий ташкилотига кўра, Лидия-Энн ва Тимоти-Роналд Рижуэй энди янги рекорд соҳиблари саналади. Олдинги рекорд Молли Гибсонга тегишли бўлиб, у 2020 йилда 27 йил давомида музлатиб қўйилган эмбриондан туғилган эди. Миллий марказ шу пайтгача эмбрионлардан 1200 дан ортиқ чақалоқни дунёга келтиришда ёрдам берганини даъво қилади. 

«Ушбу эмбрионларни фарзанд қилиб олиш тўғрисидаги қарор, 5, 10 ёки 20 йил олдин музлатилган эмбрионларни қабул қилишга шубҳаланаётган одамларга ишонч бахш этиши керак», дейди марказ доктори Жон Дэвид Гордон. «Ва бу саволга қатъий «Ҳа!» деб жавоб бериш лозим». 

Эгизак эмбрионлар 1990-йилларнинг бошида турмуш қурган жуфтлик учун сунъий уруғлантириш йўли билан яратилган. 2007 йилгача эмбрионлар NEDC лабораториясида сақланган. Шундан сўнг эр-хотин уларни бошқа биров фойдаланиши учун беришга рози бўлишган.  

NEDC соғлом болалар туғилгани ҳақидаги хабар бошқа эҳтимолий ота-оналарни эмбриондан туғилган болаларни асраб олиш бахтини ҳис қилишга ундашига умид қилмоқда. 

Эгизаклар туғилганда, Рижуэйлар оиласида бир ёшдан саккиз ёшгача бўлган тўртта фарзанд бор эди ва уларнинг барчаси табиий равишда, донорларсиз ёки сунъий уруғлантиришсиз туғилган. 

NEDC маълумотларига кўра, музлатилган эмбрионларни сақлаш учун вақт чегараси йўқ. Аммо 100 йил олдин музлатилган эмбрионлардан бир кун келиб болалар туғилиши эҳтимоли унчалик катта эмас, чунки бу технология нисбатан яқинда пайдо бўлган. Музлатилган эмбриондан биринчи бола 1984 йилда туғилган, бу Австралияда содир бўлган эди. 

Мавзуга оид