Ўзбекистон | 21:41 / 23.11.2022
15581
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда оналар ва болалар статистикаси: ҳар аёлга 3,3 фарзанд туғилиши тўғри келади

Уй хўжаликларида болаларнинг 3 фоизи биологик ота-оналари билан яшамайди. 5 ёшгача болаларнинг 2 фоизи тўйиб овқатланмайди, 5 фоизида эса ортиқча вазн бор. Уй хўжаликларининг 23 фоизини аёллар бошқаради. Туғуруқларнинг 21 фоизида кесарча кесиш қўлланмоқда. 6 ойгача фақат она сути билан озиқланадиган чақалоқларнинг улуши – 25 фоиз.

Фото: Kun.uz

Давлат статистика қўмитаси 23 ноябр кунги матбуот анжуманида болалар ва оналар ҳолати ҳақидаги кузатув натижаларини эълон қилди.

Ушбу мультииндикатор кластер кузатувлари (MICS ) болалар ва аёллар ҳолатини халқаро даражада баҳолаш мақсадида 2021-22 йиллар давомида Статқўм ва ЮНИСЕФ томонидан ўтказилди.

Кузатув жараёни Ўзбекистон бўйича танлаб олинган 556 та маҳаллада жойлашган 15 мингдан ортиқ уй хўжаликларида респондентлар билан суҳбатлашиш орқали ўтказилган.

Кузатув натижаларининг кўрсатишича, уй хўжаликларида болаларнинг 3 фоизи биологик ота-оналари билан яшамайди, уй хўжаликларининг 23 фоизи аёллар томонидан бошқарилади.

Болалар ўлими бўйича таҳлиллар

5 ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 нафарни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич 2006 йилда ўтказилган кузатувларда 57 нафарни ташкил этган.

Сўнгги 15 йилда гўдаклар ва 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлим кўрсаткичининг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Туғилиш

Туғилишнинг умумий коэффициенти ҳар бир аёлга 3,3 нафар фарзанд туғилишини ташкил этмоқда. Туғишгача бўлган парвариш вақтида аёлларнинг 90 фоизи камида тўрт марта, 98 фоизи эса камида икки марта малакали тиббиёт ходими томонидан кўрикдан ўтказилган. Туғуруқларнинг 99 фоизи давлат тиббиёт муассасаларида, малакали тиббиёт ходимлари иштирокида амалга оширилган.

21 фоиз туғуруқлар кесарча кесиш жарроҳлик амалиёти ёрдамида амалга оширилган. Юқори кўрсаткичлар, яъни 24 фоизи нисбатан бой қатламларда кузатилмоқда, нисбатан камбағалроқ қатламларда бу кўрсаткич 19 фоизни ташкил этади.

40 фоиз аёлларда туғуруқдан сўнг фарзандлари бир соат ичида кўкракка қўйилгани кузатилди. Кузатув натижалари ҳар тўрт чақалоқдан фақат биттаси (25 фоизи) 6 ойгача фақат она сути билан озиқланганини кўрсатмоқда.

Болалар ҳолати

Кузатувлар 5 ёшгача бўлган болаларнинг 7 фоизи бўйи ўсишдан ортда қолаётганини кўрсатмоқда. Мазкур кўрсаткич 2006 йил натижаларига (14,6 фоиз) нисбатан икки баробарга пасайган.

5 ёшгача бўлган 2 фоиз болаларда тўйиб овқатланмаслик кузатилмоқда. 2006 йил натижаларига (5,1 фоиз) нисбатан пасайиш қайд этилди.

Ортиқча вазн 5 ёшгача болаларнинг 5 фоизида (ўғил болалар 5 фоиз, қиз болалар 4 фоиз) кузатилмоқда. 2006 йилда ўтказилган MICS кузатувида бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган.

3-4 ёшдаги болалар (46 фоизи) эрта таълим дастурларида иштирок этган. Бу кўрсаткич, айнан кузатув вақтидаги натижани ифодалайди. Шу ўринда, 2006 йил натижаларига нисбатан 2,3 баробарга яхшиланганини кузатиш мумкин.

2-4 ёшли болаларнинг 96 фоизида соғлиқ, таълим олиш ва психологик нуқтайи назардан нормал ривожланиш қайд этилди. Бу МДҲ минтақасидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид