Ўзбекистон | 09:15 / 23.11.2022
5849
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасига жамоатчилик назорати жорий этилади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараён очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган дастурларга киритилган лойиҳалар, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари асосида молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар доирасида:

объектлар бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари Қурилиш вазирлиги “Шаффоф қурилиш” АТда ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланади;

ушбу тизимда ўтказилган тендер (танлов) савдолари якуни ва тўғридан тўғри музокаралар бўйича буюртмачи билан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасидаги лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудрат ишларини бажариш тўғрисидаги шартномалар тузилади. Шартномалар рўйхатдан ўтказиш учун Молия вазирлиги Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига электрон шаклда юборилади;

тасдиқланган манзилли рўйхатларга киритилган ҳар бир объект идентификация рақами берилган ҳолда, “Шаффоф қурилиш” АТга киритилади.
 
Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ОАВ дастурлар ва лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати, сифати ҳамда кўлами устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, унда аниқланган камчиликлар ҳақида давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича штабларга маълумот тақдим этиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид