Жаҳон | 18:26 / 23.11.2022
8559
2 дақиқада ўқилади

Туркия зарур вақтда Сурия ҳудудида жанговар операцияни бошлашга тайёр - Эрдўған

Туркия президенти ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида сўзга чиқиб, ҳарбийлар Сурия ҳудудида жанговар ҳаракатларни бошлашга тайёрлигини айтди.

Фото: Reuters

Туркия террорчилик ҳужумларига алоқадор барча шахсларни зудлик билан тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларга эга. Бу ҳақда чоршанба куни Анқарада бўлиб ўтган ҳукмрон партиянинг парламентдаги фракцияси йиғилишида президент Ражаб Тоййиб Эрдўған айтди.

Туркия давлати раҳбари Истанбулда 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактга, шунингдек, Суриядан мамлакатнинг чегарадош ҳудудлари ўққа тутилиши оқибатида икки нафар тинч фуқаронинг ўлимига эътибор қаратди.

Президентнинг таъкидлашича, терактлар Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилар, жумладан, Қурд ишчилар партияси (ҚИП) томонидан амалга оширилган.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда чегарадош Ҳатай, Ғозиантеп, Килис, Шонлиурфа ва Ширнак вилоятлари ҳудуди 764 марта ракета ва миномётлардан ўққа тутилганини, бунинг натижасида 32 нафар Туркия фуқароси ҳалок бўлганини, яна 261 нафари яраланганини эслатди.

«Агар Сурия бўйича келишув иштирокчилари (жумладан, Россия) ўз мажбуриятларини (чегара ҳудудларини террорчилардан тозалашни) бажармаса, Туркия ўз миллий хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», — деди Туркия раҳбари.

Туркия мамлакат учун энг қулай вақтда қуруқликдаги аксилтеррор операциясини бошлайди, деди Эрдўған.

Шунингдек, президент Сурия ва Ироқни турк армиясининг аксилтеррор операцияларидан хавотирланмасликка чақирди. «Анқара қўшни давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Туркиянинг ягона мақсади давлат ва аҳоли хавфсизлигидир», деди у.

Мавзуга оид