Жаҳон | 11:44 / 24.11.2022
4662
2 дақиқада ўқилади

Киев АҚШнинг Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олишини кутмоқда

Украина Қўшма Штатлар Европарламентдан кейин Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олишини кутмоқда. Бу ҳақда Олий рада раиси Руслан Стефанчук «Единые новости» миллий телемарафонида маълум қилди. 

Фото: Украина Олий радаси

Унинг таъкидлашича, терроризм ҳомийси мақоми қонуний оқибатларга олиб келади. 

«Бундай мақомга эга бўлган давлат бутун дунёда қўл бериб кўришишга арзимайдиган деб саналади ва у билан ишлаган ҳар бир киши жаҳон ҳамжамиятининг энг қаттиқ санкцияларига дучор бўлади», деб тушунтирди Стефанчук.

Бундан олдин Европарламент аъзолари Россия Федерациясини терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганди.

23 ноябрь, чоршанба куни Европарламент кўпчилик овоз билан Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессияси туфайли Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги низомни ўз ичига олган резолюцияни қабул қилишни ёқлаб овоз берди.

Европарламент депутатлари Россияни терроризмнинг ҳомийси деб эълон қилиш орқали Россия президенти Владимир Путин ва унинг ҳукумати ушбу жиноятлар учун халқаро трибунал олдида жавобгарликка тортилишига йўл очмоқчи, дея таъкидлайди ЕП.

Резолюция юридик мажбурият юклаш кучига эга эмас. Европа Иттифоқининг ҳуқуқий базасида тегишли қонунчилик механизми мавжуд эмас.

Ҳозирги вақтда «терроризм ҳомийси бўлган давлат» атамаси фақат АҚШ ва Канада қонунларида мустаҳкамланган. Америка рўйхатида тўртта давлат бор: Сурия, Эрон, Шимолий Корея ва Куба. 

Мавзуга оид